Кейинги йилларда бу хизматни молиялаштириш ҳажми ортиб бормоқда. Жумладан, 2019 йилда “103” хизматига дори-дармон учун 26 миллиард 580 миллион сўмдан ортиқ маблағ ажратилган бўлса, 2020 йилда бу кўрсаткич 75 миллиард 387 миллион сўмдан зиёдни ташкил этди.

Ҳозирда ҳар бир чақириқ вақтида дори-дармон учун минимал харажатлар ўртача 5400 сўм миқдорида белгиланди. Таққослаш учун айтиш мумкинки, бу кўрсаткич 2016 йилда 748 сўмни, 2017 йилда 1627 сўмни ташкил этарди.

Сўнгги йилларда давлат бюджетидан соҳа учун ихтисослаштирилган автотранспорт харид қилиш ва ҳудудларнинг ушбу техникага бўлган эҳтиёжини қоплашга ҳам катта эътибор қаратилмоқда. Жумладан, 2019 йилда тез тиббий хизматда ихтисослашган замонавий автотранспортлар сони 2403 тани ташкил қилган бўлса, 2020 йилда эса уларнинг сони 2800 га яқинлашди.

Бу автотранспорт воситаларининг аксарияти сунъий нафас бериш, ЭКГ аппаратлари, механик сўрғич, дефибриллятор, иммобилизация шиналари билан таъминланган. Шунингдек, мамлакатимиз бўйлаб “тез ёрдам” хизматининг рация алоқаси, телефон ва планшет билан таъминланиш даражаси ҳам ошиб бормоқда. Айниқса, барча “тез ёрдам” машиналарида қулай алоқани, чақириқлар учун машинани тезкор йўналтиришни таъминловчи GPS тизимини йўлга қўйишга ҳам алоҳида эътибор берилмоқда.

Эндиликда юртимизда ҳар 13 минг аҳолига битта махсус тез ёрдам машинаси хизмат кўрсатади. Бу борада ривожланган давлатлар тажрибасини кузатсак, уларда 20-25 минг кишига битта махсус автотранспорт воситаси тўғри келади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими