Ўзгартиришларга кўра, мактабгача ташкилотларга устунлик билан қабул қилиниш ҳуқуқига эга болалар рўйхати (имтиёзли рўйхат) янгиланди.
Эндиликда болаларнинг қуйидаги контингенти боғчага устунлик билан қабул қилиниш ҳуқуқига эга бўлади:
● I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларнинг болалари (илгари – ногирон бўлган шахсларнинг болалари);
● кўп болали оилаларнинг болалари;
● етим болалар ёки ота-онасининг қаровисиз қолган болалар;
● “Аёллар дафтари”га киритилган ижтимоий ҳимояга муҳтож ёлғиз аёлларнинг болалари;
● контракт бўйича ҳарбий хизматчиларнинг ва ички ишлар органлари ходимларининг болалари (илгари – ҳарбий хизматчиларнинг ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг болалари);
● талабалар ва педагогларнинг болалари;
● акалари ёки опалари ушбу муассасанинг тарбияланувчилари жумласидан бўлган болалар;
● кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача ташкилотлардан умумий турдаги мактабгача ташкилотларга ўтказилаётган соғайган болалар (илгари – бошқа муассасалардан ўтказилган болалар).
Илгари боғчага қабул қилиш учун имтиёзли рўйхатга киритилган болаларнинг имтиёзлари уларга йўлланма берилгунга қадар сақланиб қолади.
Болаларни имтиёзли рўйхат бўйича қабул қилиш давлат-хусусий шерикликка асосланган нодавлат мактабгача таълим ташкилотларига татбиқ этилмайди.
Жорий ўқув йилининг 31 май кунига қадар 7 ёшга тўладиган болаларнинг сўровномалари ушбу санада бекор қилинади ҳамда автоматик равишда навбатдан чиқарилади.