Тақдир тақозоси билан айни пайтда Америка Қўшма Штатларида истиқомат қиламиз. Педагогман. Мазкур давлатга борган дастлабки йилларимиз бошланғич синф ўқувчилари билан ишладим, сўнг юқори синфларни ҳам беришди. Улар билан ишлаш жуда қизиқарли жараён эди. Бироз муддат ишлагач, Tyler университети магистратурасига топширдим. Ҳам ўқиш, ҳам иш осон эмас. Боз устига, 3-фарзандимиз туғилган, қўлимда чақалоғим бор. Турмуш ўртоғим қараб турмади, ёрдам берди. 2-3 соат уйқу етарли бўлди. Уддаладим, магистратурани битирдим. Бу орада “психология сертификати” учун ҳам ўқиб олдим. Чунки болалар билан ишлашда уларнинг руҳиятини билиш – энг муҳими.

Айни пайтда Ўзбекистонда кенг эътибор қаратилаётган йўналишлардан бири, шубҳасиз, аёллар таълими. Хотин-қизларнинг билим олиши, ўз устида ишлаши, ривожланиши ҳам оиланинг, ҳам жамиятнинг ютуғи. Оила ва жамиятда ўз ўрнига эга аёл мамлакат тараққиётига ҳисса қўша олади. Ҳеч бўлмаса, донишманд фарзанд тарбиялайди.

 

Билимли қизи билан ҳар қандай ота-она фахрланади, ундан кўнгли тўқ бўлади. Америкадан илк марта юртимизга келганимда, машина ҳайдаганимни кўрган отамнинг қувончи ҳамон кўз олдимда. Турмуш ўртоғим билан ёнма-ён одимлаётганимдан, моддий ва маънавий эҳтиёжларимни ўзим тўла-тўкис қондираётганимдан, ҳам иш ва ўқишни, ҳам оилани эплаётганимдан қувонган. Шу маънода отамнинг мендан кўнгли тўқ эди. Онам ҳам, ўзингни ўзинг оёққа қўйдинг, деб фахрланади. Ҳозир тўнғич қизим Хьюстон университетининг 3-курсида таҳсил олади. Унинг мустақиллигидан, ўз устида тинмай ишлашидан қувонган кезларим ота-онамнинг завқини ҳис қиламан.

Қолаверса, турмуш ўртоғингизни ҳам илмли бека сифатида  ғурурлантирасиз, фарзандларингиз сиздай онаси борлиги билан фахрланади. Шу маънода хотин-қизларнинг билим олиши зарур, деб ўйлайман. Бугун аёл ўзининг мавқеини нафақат оқила бекалиги, балки билими ва тафаккури билан ҳам исботлайдиган даврда яшаяпмиз.

Мавлуда Орипова,

педагогика фанлари доктори