Бу ҳақда ТАСС агентлиги маълум қилди.
Маълум қилинишича, мазкур ҳолатлар билан боғлиқ 20 дан ортиқ суд материаллари ўрганиб чиқилган. Ҳужжатлардан бирига кўра, Тожикистон фуқароси Дилшод А. YouTube платформасида Россияда таъқиқланган радикал исломий оқим вакилларининг мавъизалари жойлаштирилган каналларга обуна бўлгани ҳамда Россияга қарши тарғибот мазмунидаги видеоларни кўргани учун чегара назоратидан ўтказилмаган.
Яна бир суд ҳужжатига кўра, Ўзбекистон фуқароси Акмалжон Б. эса радикал диний блогерлар ва террористик ташкилотлар фаолияти акс этган видеоларни томоша қилгани сабабли Россия хавфсизлигига таҳдид сифатида баҳоланиб, унинг киришига рухсат берилмаган.
Шунингдек, бир нечта фуқароларда Украинага хос каналларга обуналар, шунингдек, Россия ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларининг фаолиятини танқид қилувчи ёзишмалар аниқланган. Аниқланишича, баъзилар Россияга киришдан олдин мессенжерлардаги ёзишмаларини ўчиришга уринишган.
Маълумот учун, 2024 йил 22 март куни Москва яқинидаги "Крокус Сити Холл" концерт залида содир бўлган террорчилик ҳужумидан сўнг чегарадаги текширувлар кучайтирилган. Сўнгги 1,5 йил мобайнида Россияга киришни рад этиш тўғрисидаги қарорларни суд орқали бекор қилишга 20 дан ортиқ Тожикистон ва Ўзбекистон фуқароси ҳаракат қилган. Улар Россияда ишлаш ёки яқин қариндошларини кўриш ниятида эканини билдиришган, бироқ барча ҳолатда суд қарорлари қонуний ва асосли деб топилган.