Маълум қилинишича, ўрганишлар давомида республика бўйича 109 та тадбиркорлик субъектларига тегишли хусусий АЁҚШларда бир қатор қоидабузарликларга йўл қўйилганлиги (нархни асоссиз равишда ошириб сотиш, камомадга йўл қўйиш, сифатсиз маҳсулот тарқатиш, кам қуйиш ва бошқа ҳолатлар) аниқланди.
Жумладан, Андижон вилоятида 4 та, Бухоро вилоятида 8 та, Жиззах вилоятида 4 та, Қашқадарё вилоятида 19 та, Қорақалпоғистон Республикасида 5 та, Наманган вилоятида 4 та, Самарқанд вилоятида 26 та, Сурхондарё вилоятида 1 та, Тошкент вилоятида 5 та, Тошкент шаҳрида 7 та, Фарғона вилоятида 22 та ҳамда Хоразм вилоятида 4 тани ташкил қилади.
Мисол учун, Андижон вилояти Избоскан туманида жойлашган «RAVON OIL TEXSERVIS» МЧЖга қарашли АЁҚШда Аи-92 русумли автобензиннинг сифати бузилганлиги, Аи-80 русумли автобензин нархини ошириб сотилаётганлиги (7 000 сўм);
Қўрғонтепа туманида жойлашган «БУЮК КУРГОН» хусусий корхонасига қарашли АЁҚШда Аи-92 русумли автобензиннинг сифати бузилганлиги;
Хўжаобод туманида жойлашган «VODIY TRANS OIL» МЧЖга қарашли АЁҚШда Аи-80 русумли автобензин нархини ошириб сотилаётганлиги (7 000 сўм) ва Аи-92 русумли автобензин сифати бузилгани аниқланди.
Хоразм вилояти Боғот туманида жойлашган «Ширин» хусусий корхонасига қарашли АЁҚШда Аи-92 (5 001 литр) русумли автобензин сифатсиз эканлиги;
Тупроққалъа туманидаги «Автогаз Муқаддас» МЧЖга қарашли АЁҚШда Аи-80 русумли автобензинни кам қуйиш ҳолати аниқланди.
Наманган вилоятида Уйчи туманидаги «Давр плюс» МЧЖ ва Учқўрғон туманидаги «Furqatjon OIL» МЧЖларга қарашли АЁҚШларда сотилаётган Аи-92 русумли автобензин сифатсиз эканлиги аниқланди.
Мазкур тадбиркорлик субъектларига аниқланган камчиликларни бартараф этгунга қадар биржа савдолари орқали Аи-80 русумли автобензин харид қилишга чекловлар ўрнатилди ва назоратга олинди. Йўл қўйилган қонун бузилиш ҳолатларига ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан ҳуқуқий баҳо берилмоқда.
Шу ўринда хусусий АЁҚШ фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлардан нархларни сунъий равишда оширмасликларини, автобензиннинг сифат ва миқдор жиҳатидан тўғри сотишларини сўраймиз.
Ҳозирда ишчи гуруҳлар томонидан жойларда назорат тадбирлари давом эттирилмоқда.