Унда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов ҳам иштирок этиб, пойтахтдаги Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказида даволанаётган болалар билан учрашди.

Шу ўринда айтиш жоизки, хайрия ташаббускорлари ушбу тадбир доирасида онкологияга чалинган болаларнинг орзусини амалга оширишни ҳам мақсад қилган. Марказда даволанаётган Зарбек исмли бола Туризм ва спорт вазири билан шахмат ўйнаш орзуси борлигини билдирган. Ташаббускорлар болакайнинг орзусини Азиз Абдуҳакимовга етказишганида вазир бу таклифни бажонидил қабул қилди.

– Ўтган йили Президентимиз Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказига ташрифлари давомида бу ерда даволанаётган болалар билан суҳбатлашиб, уларнинг ота-оналарига далда берган эдилар. Шу билан бирга, барча раҳбарларга оғир хасталик билан курашаётган болалар ҳолидан мунтазам равишда хабар олиш, уларнинг қизиқишлари ўрганган ҳолда керакли имкониятларни яратиб бериш бўйича топшириқ берган эдилар. 14 февраль бутун дунёда “Халқаро китоб совға қилиш куни” сифатида кенг нишонланиши муносабати билан кўнгиллиларимиз томонидан хайрия акцияси ташкил этилиб, унинг доирасида шифохонада даволанаётган болажонларга китоб улашилмоқда. Мен ҳам бугун эрта тонгдан китоб дўконига бориб, болажонлар учун ўзим шахсан китоблар танлаб олдим ва буни шу ерда даволанаётган болажонларга илингим келди. Китобнинг инсон ҳаётидаги ўрнини ҳеч нарса билан тенглаштириб бўлмайди. Китоб ўқиган бола нафақат маданий ҳордиқ олиши мумкин, балки унда фикрлаш қобилияти ҳам чархланади”, - деди А.Абдуҳакимов.

Республика онкология марказининг болалар бўлими беморлари, уларнинг ота-оналари ҳамда шифокорлар билан мулоқот қилгач, Бош вазир ўринбосари Зарбекнинг орзусини амалга ошириб, у билан шахмат ўйнашга киришди. Ўйинда ғолиб бўлган болакай, қолаверса, шифохонадаги бошқа беморларга вазир томонидан қизиқарли китоблар совға қилинди. Шунингдек, улаларни спортга, хусусан шахматга бўлган қизиқишини ошириш мақсадида вазир А.Абдуҳакимов томонидан болаларга шахмат совға қилинди.

Тадбир шунингдек, 15 февраль – «Халқаро саратонга чалинган болалар куни» доирасида ҳам ўтказилиб, унда Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Олмазор туман Кенгашига Ўзбекистон Миллий тикланиш партиясидан сайланган депутат Феруза Каримова ташаббуси билан тиббиёт факультетлари талабалари уюшмаси ҳамда “Корзинка” супермаркетлар тармоғи кўмагида ташкил этилган “Инсон қадри учун” ҳаракати “Эзгу китоблар” акциясига старт берилди. Тадбир шифохоналарда йиллаб муолажа олаётган болаларнинг вақтини мазмунли ўтказиш, уларнинг орзуларини қўллаб-қувватлаш, шунингдек, мамлакатимизда тобора ёшариб бораётган ҳамда болалар ўртасида кўпаяётган онкологик касалликларга жамоатчилик эътиборини қаратиш мақсадида ўтказилмоқда.

Маълумот учун, «Инсон Қадри учун» акцияси давомида хайрия қилиш истагини билдирган ҳар бир фуқаро китоблар йиғиш пунктларига келиб, хоҳлаган миқдордаги китобларни қолдириши мумкин бўлиб, уларда қайд этилган тилак хатлари ҳам мамнуният билан қабул қилинди. 10 кунлик лойиҳа давомида 400 дан ортиқ китоблар тўпланди. 2022 йил – «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили» деб эълон қилинганини ҳисобга олганда, бу каби тадбирлар жуда муҳим аҳамият касб этади.

Туризм ва спорт вазирлиги ахборот хизмати