Ташриф давомида Aзиз Aбдуҳакимов аэропорт ва вокзаллардан бошлаб вилоятга келувчи кишилар учун барча зарур қулайликлар яратиш, кўчаларни ободонлаштириш, бекатлар қуриш, велойўлакчалар қуришга оид зарур тавсиялар берди.

Шунингдек, ишчи гуруҳ томонидан Урганч шаҳрида жойлашган Огаҳий номидаги Хоразм вилоят мусиқий драма театри биноси фасадини яхшилаш ҳамда унинг атрофидаги қурилиш ишлари танқидий-таҳлилий ўрганилди.

Урганчга ташриф давомида Aзиз Aбдуҳакимов Урганч олимпия захиралари коллежида бўлиб, бу ерда ўқувчиларга яратилган шароитлар, спорт машғулотлари бориши билан яқиндан танишди, вазир ёшлар ва мураббийлар билан суҳбатлашиб, уларнинг муаммоларини тинглади ва ечими борасида тегишли масъулларга топшириқ берди.

Шундан сўнг масъуллар Хива шаҳридаги “Фаровон” меҳмонхонасидаги қурилиш ишлари билан яқиндан танишди. Ушбу беш юлдузли бўлиши кутилаётган меҳмонхонанинг умумий ер майдони 12,1 га, қурилиш ости майдони 1 гектарни ташкил этади. Меҳмонхона 3 қаватли бўлиб, 100 та номерга мўлжалланган.

Кейинги манзил "Маъмун академияси" музейи бўлди. Бош вазир ўринбосари музейда ёруғлик ишларини яхшилаш, миллий колоритни кўпайтиришга доир тавсиялари билан бўлишди. Aзиз Aбдуҳакимов музей кутубхонасида бўлиб, вилоят масъулларига уни кенгайтириш ва турли адабиётлар билан бойитишга оид топшириқ берди.

Шунингдек Aбдуҳакимов “Ичан қалъа”да олиб борилаётган таъмирлаш ишларини ўрганиб, мавжуд камчиликларни қайд этган ҳолда уларни бартараф этишга доир ечим ва кўрсатма берди.

– Хоразмни нафақат туристлар, балки маҳаллий аҳоли яшаши ва дам олиши учун қулай қилишимиз керак. Бу ишга барча бирдек масъулият билан ёндошса, ўз ишини виждонан бажарса, камчиликларни ўз вақтида бартараф этсагина ижобий натижага эришамиз. Янги туристик масканларнинг қурилиши бу ердаги маҳаллий аҳолини иш билан таъминлашда жуда муҳим, – деди Бош вазир ўринбосари.