Давлатимиз раҳбари шу йил 11 апрель куни ўтказган видеоселектор йиғилишида ёшларга сифатли таълим бериш, касб-ҳунарга ўқитиш ва бандлигини таъминлашга эътибор янада кучайтирилишини таъкидлади. Жумладан, ўғил-қизларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, қизиқишларини инобатга олган ҳолда касб-ҳунарга йўналтириш, мафкуравий таҳдидлардан ҳимоя қилиб, соғлом фикр берадиган манбаларни кўпайтириш юзасидан топшириқлар берилди.

Маънавий тарғибот қамровини янада кенгайтириш, Маънавият ва маърифат маркази фаолиятини такомиллаштириш, барча соҳаларда ёшларга оид давлат сиёсатини самарали ташкил этишга қаратилган “Янги Ўзбекистон ёшлари” дастурини ишлаб чиқиш, қонунчиликни ўзгартириш бўйича таклифлар илгари сурилди.

Кенг кўламли ислоҳотларимиз жаҳон ҳамжамияти томонидан юксак баҳоланмоқда. Айниқса, ёш авлодни тарбиялаш, ўқитиш тизимини тубдан ислоҳ қилиш ва кадрлар тайёрлаш борасида миллий моделнинг ишга туширилиши натижасида кенг кўламли ишлар бажарилмоқда. Зотан, бугунги глобаллашув палласида ёшларга эътибор қаратиш, уларнинг сифатли билим олишини таъминлашни даврнинг ўзи тақозо этмоқда. Бу борада ким кучли ва илғор бўлса, марра — уники.

Ҳисоб­-китобларга кўра, охирги олти йилда юртимизда ёшларни олий таълимга қамраб олиш даражаси 9 фоиздан 38 фоизга етган. Хусусан, 2016 йилда бакалавриат таълим йўналишига қабул квотаси 58 мингдан зиёдроқ бўлган. 2022 йилга келиб бу кўрсаткич 190 мингдан ошган. Шунингдек, 2016 йилда магистратурада ўқиш учун 5 минг ўрин мавжуд эди. Ўтган йилга келиб қарийб 17 мингга етган.

Бу рақамлар юртимизда ёшлар таълимига қаратилаётган эътибор ҳақидаги фикрларимизни тасдиқлайди. Давлатимиз раҳбарининг ОТМларда таҳсил олаётган хотин­қизлар учун алоҳида имтиёзлар бериш тўғрисидаги қарори ниҳоятда салмоқли ташаббус бўлди. Шу мақсадда Хотин­-қизлар таълимини қўллаб-­қувватлаш бўйича 2022–2026 йилларга мўлжалланган дастур ишлаб чиқилди.

Унинг доирасида пойтахтимизда, асосан, хотин-­қизларни ўқитиш учун давлат­-хусусий шериклик асосида тўқимачилик соҳаси бўйича алоҳида университет ташкил этилиши кўзда тутилди. Шунингдек, пахта-­тўқимачилик ва пиллачилик кластерлари иштирокида жойларда университетнинг техникумлари ҳам очилиши қайд этилди.

Таълим олиш учун тўлов шартнома суммасини тўлаши учун қизларга илк маротаба 7 йил муддатга фоизсиз кредит бериш амалиёти йўлга қўйилди. Магистратурада ўқиётган қизларнинг тўлов шартнома пули тўлиқ бюджетдан, эҳтиёжманд оилалар фарзандлари, ота ёки онасини йўқотган талаба қизлар таълим контракти суммасининг маҳаллий бюджет ҳисобидан қопланиши йўлга қўйилди.

Жумладан, университетимизнинг магистратура босқичида таҳсил олаётган 428 нафар қизнинг тўлов шартнома пули қонунда белгиланган тартибда тўлиқ тўлаб берилди. Бу имкониятлар давлатимиз раҳбарининг ёшларни ҳар томонлама қўллаб-­қувватлаши, уларнинг истак ва интилишларига қараб замон билан ҳамнафас қонун ва қарорларни имзолаётгани фарзандларимизнинг юрагидаги фахр ва масъулият ҳиссини оширади.

Айни кунларда умумхалқ референдумига ўзига хос тайёргарлик кўрилмоқда. Юртдошларимиз, хусусан, ёшлар орасида янги таҳрирдаги Конституциямиз лойиҳаси қизғин муҳокама қилинмоқда. Жумладан, талабаларимиз ҳам жараённи мамнуният билан кузатиб, референдумга, янги таҳрирдаги Конституциямизга бефарқ эмаслигини кўрсатмоқда. Чунки ундаги нормаларнинг ҳаётга жорий этилиши бўлғуси педагогларнинг касбий ривожланиши, ҳақ-­ҳуқуқлари ҳимоя қилинишида катта аҳамиятга эга.

Янги таҳрирдаги Конституциямизда “Ўзбекистон Республикасида ўқитувчининг меҳнати жамият ва давлатни ривожлантириш, соғлом, баркамол авлодни шакллантириш ва тарбиялаш, халқнинг маънавий ва маданий салоҳиятини сақлаш ҳамда бойитишнинг асоси сифатида эътироф этилади. Давлат ўқитувчиларнинг шаъни ва қадр-­қимматини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий жиҳатдан ўсиши тўғрисида ғамхўрлик қилади”, деб ёзилган.

Президентимизнинг 2022 йил 21 июндаги “Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети фаолиятини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора­-тадбирлар тўғрисида”ги қарори университет талабалари учун ҳам, профессор-­ўқитувчилари ва бошқа ходимлари учун ҳам кенг имкониятлар эшигини очгувчи калит вазифасини ўтамоқда. Университет фаолиятини такомиллаштириш бўйича белгиланган топшириқлар  доирасида педагогик таълим ва амалиёт бўлими ташкил этилгани назария ва амалиёт уйғунлигини таъминлаб, қатор долзарб масалалар ечимини топишга хизмат қилмоқда.

Айни пайтда ОТМ тузилмасида 12 факультет ҳамда 52 кафедра, шунингдек, факультет мақомидаги магистратура, сиртқи ва кечки бўлимлар фаолият юритади. Кундузги, кечки, сиртқи таълим шакллари бўйича 30 та бакалавриат таълим йўналиши ва 29 та магистратура мутахассислиги, олий таълимдан кейинги 13 та ихтисослик ҳамда 3 та қўшма дастур асосида педагоглар тайёрланмоқда.

Шунингдек, университет ҳузурида Қори Ниёзий номидаги Ўзбекистон педагогика фанлари илмий-­тадқиқот институти, Психология ўқув­илмий маркази, Олий таълим муассасалари педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тармоқ маркази, Малакани баҳолаш маркази, академик лицей, Хўжайли ҳамда Наманган хизмат кўрсатиш ва сервис техникумлари фаолият юритмоқда.

Бугун университетда 25 мингдан ортиқ талабага мингдан зиёд ўқитувчи таълим бермоқда. Сўнгги 1,5 йилда олийгоҳ профессор-­ўқитувчиларининг илмий салоҳияти 50 фоизга етказилди. Ўқув режалари ва фан дастурларини тайёрлашда чет эл, жумладан, Туркия, Жанубий Корея, Германия, Россиядаги нуфузли олий таълим муассасалари мутахассислари эксперт ҳамда муаллиф сифатида жалб этилди. Тегишли ҳужжатлар миллий талабларга мувофиқлаштирилди.

Иш берувчиларнинг таклиф ва тавсиялари асосида ўқув режаларига “Медиасаводхонлик ва ахборот маданияти”, “Инклюзив таълим. Госпитал педагогика” ҳамда “Узлуксиз таълимдаги тенденциялар ва замонавий ёндашувлар” каби янги фанлар киритилди. Таълим жараёнига халқаро мутахассислар, Президент таълим муассасалари агентлиги ходимлари, шунингдек, юртимизнинг етакчи илмий марказларидан етакчи экспертлар жалб қилинди. Университетнинг кундузги таълим шаклида таҳсил олаётган 2­4 босқичдаги 9 мингга яқин талабаси Президент, ижод ва ихтисослаштирилган, умумтаълим мактаблари ҳамда мактабгача таълим ташкилотларига малакавий амалиёт ўташ учун юборилди.

Ёшларнинг ўқув муассасаларидаги амалиёти “4+2” тартибида ташкил этилиб, назария ва амалиёт уйғунлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади. Муҳими, 2022/2023 ўқув йилидан эътиборан ўқув дастурлари ўзаро яқин бўлган бакалавриат таълим йўналишлари бўйича битирувчиларга асосий ва қўшимча ихтисослик бериш тартиби жорий этилди. Талабаларнинг сифатли таълим олиши ва юртимиз бўйлаб барча таълим даргоҳларида такомиллаштирилган ўқитиш тизимини яратиш учун айни пайтда университетимизда 30 та таълим йўналиши бўйича кадрлар тайёрланмоқда.

Битирувчиларнинг хорижий тилни билиш бўйича сертификатга эга бўлиш даражасини ошириш, манзилли дастур ишлаб чиқиш орқали салоҳиятни 50 фоиздан 2025 йилга қадар камида 70 фоизга етказиш, таълимга “Олий таълим жараёнларини  бошқариш” ахборот тизимини босқичма-­босқич жорий қилиш кўзда тутилган.

Шунингдек, педагогика соҳасини ривожлантиришнинг илмий-­методик вазифаларини ҳал этиш, илғор хорижий педагогик технологияларни жорий қилишга йўналтирилган илмий тадқиқотларни ихтисослаштирилган мактабларда олиб бориш ва иқтидорли ўқувчи­-ёшларни илмий фаолият билан шуғулланишга кенг жалб этиш жараёнини 2023/2024 ўқув йилига қадар босқичма-босқич амалга ошириш режалаштирилган.

Юқорида қайд этилган видеоселекторда ушбу топшириқ бўйича масъулларнинг ҳар бирига 50 нафардан талаба бириктирилиши белгиланди. Бундан кўзланган мақсад ёшлар билан ўзаро муносабатларни мустаҳкамлаш, уларни фарзандидек қабул қилиб, келажагига қайғурадиган муҳитда таълим жараёнини ташкил этиш, йигит­-қизларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказишига кўмаклашишдан иборат.

Келгусида китобхонлик, санъат, театр тўгараклари ташкил этиб, санъат арбоблари, шоир, ёзувчилар билан шеърият ва маҳорат дарсларини йўлга қўйиш, талабаларимизнинг 50 фоизини футбол, волейбол, стол тенниси, миллий кураш, шахмат, шашка тўгаракларига жалб этиш, турли мусобақалар ўтказиш орқали уларни рағбатлантириб боришни мақсад қилганмиз.