Учрашувда икки мамлакат ўртасида фуқаро авиацияси соҳасидаги ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш, парвозлар частотасини кўпайтириш, янги йўналишларда авиақатновларни йўлга қўйиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Транспорт вазирлиги Ахборот хизмати маълум қилишича, икки мамлакат авиация маъмурияти вакиллари ўртасида бўлиб ўтган маслаҳатлашувлар якунлари бўйича қатор келишувларга эришилди.
Жумладан, FlyDubai авиакомпанияси Дубай – Тошкент – Дубай йўналишида парвозлар частотасини ҳафтасига 5 тадан 6 та рейсга оширадиган бўлди. Air Arabia PJSC авиакомпанияси Шаржа – Тошкент – Шаржа йўналишида парвозлар частотасини ҳафтасига 2 тадан 3 та рейсга, Air Arabia Abu Dhabi авиакомпанияси Абу-Даби – Тошкент – Абу-Даби йўналишида парвозлар частотасини ҳафтасига 2 тадан 4 та рейсга кўпайтиради.
Шунингдек, Wizz Air Abu Dhabi авиакомпаниясига Бухоро ва Урганч шаҳарларига парвозларни амалга ошириш ҳуқуқи берилди.