“Дунё” ААнинг хабар қилишича, 2 март ҳолатига кўра, Дубайдаги “Hyatt Place Dubai” меҳмонхонасига жами 93 нафар ҳамюртимиз жойлаштирилди. Уларнинг 61 нафари ушбу меҳмонхонанинг ўзидан чиқариб юборилган фуқаролар бўлиб, вақтинчалик турар жой масаласида қийин аҳволга тушиб қолган эди.

27 нафар фуқаромиз “Floria Hotel” меҳмонхонасидан чиқариб юборилган бўлиб, улар ҳам жойлаштирилди. Қолаверса, кўчада қолиб кетган 5 нафар ватандошимиз ҳам аниқланиб, хавфсиз жойга кўчирилди.

Бундан ташқари, “Hampton by Hilton Dubai” меҳмонхонасига 39 нафар фуқаро жойлаштирилиб, уларнинг яшаш шароитлари таъминланди.

Шу билан бирга, Абу-Даби шаҳрида оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган 4 нафар фуқаромиз “AG Hotel Abu Dhabi” меҳмонхонасига жойлаштирилди. Уларнинг саломатлиги ва хавфсизлиги алоҳида назоратга олинган.

Ҳозирги вақтда барча фуқароларимизга зарур амалий ва ташкилий ёрдам кўрсатилмоқда. БААдаги Ўзбекистоннинг дипломатик ваколатхоналари ва мутасадди ташкилотлар томонидан вазият доимий равишда мониторинг қилиниб, ҳар бир мурожаат тезкор тарзда кўриб чиқилмоқда.

Ватандошларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни қийин вазиятларда қўллаб-қувватлаш ишлари изчил давом эттирилмоқда.