Келишувларнинг амалга оширилиши Ўзбекистоннинг энг йирик электр станциясини модернизация қилиш ва қувватини кенгайтиришга имкон беради.
Маросимда БАА томонидан энергетика ва инфратузилма вазири Сухейл ал-Мазруи ҳамда Mubadala ва TAQA компаниялари раҳбарлари, Ўзбекистон томонидан эса Бош вазир ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Ходжаев, Энергетика вазирлиги, «Миллий электр тармоқлари» ва «Иссиқлик электр станциялари» акциядорлик жамиятлари раҳбарлари иштирок этди.
Имзоланган битимлар Талимаржон иссиқлик электр станциясини бошқарадиган қўшма корхона ташкил этишни назарда тутади. БАА компанияларининг инвестициялари қўшма корхонанинг 300 миллион долларлик устав капиталидаги 80 фоиз улуши учун тўлов ҳамда илгари «Талимаржон ИEС» АЖ томонидан жалб қилинган тахминан 700 миллион долларлик кредитларни тўлашга йўналтириладиган маблағлардан иборат. Шундай қилиб, БАА компаниялари Талимаржон ИEСга деярли 1 миллиард доллар сармоя киритмоқда.
Имзоланган битимлар БАА компаниялари учун Талимаржон ИEС ва бошқа иссиқлик электр станцияларини электр энергияси ишлаб чиқаришнинг комбинациялашган тциклининг энг замонавий буғ-газ қурилмалари билан жиҳозлаш орқали уларнинг ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтиришга қўшимча инвестициялар киритиш имкониятини беради.
Ушбу қурилмалар табиий газдан фойдаланиш, ишлаб чиқариш самарадорлиги коэффитсиенти ва атмосферага чиқарилаётган чиқиндилар даражаси бўйича анъанавий буғ электр станцияларидан бир неча баравар устундир. Шундай қилиб, эришилган келишувларни амалга ошириш Талимаржон ИEСнинг технологик даражаси ва ишончлилигини сезиларли даражада оширади, аҳоли, ижтимоий соҳа ва ишлаб чиқариш объектларни барқарор ва сифатли электр токи билан таъминлайди.
Мубадала ва ТАҚА компаниялари билан тузилган кенг кўламли битимлар Давлатимиз раҳбари бошчилигида амалга оширилаётган электр энергетикаси соҳасидаги ислоҳотлар ва мамлакатнинг инвестициявий муҳитини тубдан яхшилаш, шунингдек, асосий мақсади муносиб иш ҳақи тўланадиган юқори технологияли иш ўринларини яратиш учун иқтисодиётни модернизация қилишга хорижий инвестицияларни жалб қилишдан иборат бўлган Ўзбекистоннинг изчил ташқи сиёсий курси натижасидир.
Ҳамкорликнинг навбатдаги босқичи доирасида БАА компаниялари «Талимаржон ИEС» АЖда қўшимча ишлаб чиқариш қувватларини яратишга инвестициялар киритади. Стратегик энергетика саноатига чет эл инвестицияларининг фаол жалб қилиниши йирик инфратузилма активларини ташқи қарз олиш йўли билан молиялаштиришнинг анъанавий ёндашувини тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилишга ўзгартиришга имкон беради ва шу билан республика ташқи қарзи билан боғлиқ молиявий барқарорликни ва суверен кредит рейтингининг изчил яхшиланишини таъминлайди.
Маълумот учун: Mubadala Абу-Даби ҳукуматига тегишли бўлган ва дунёнинг 30 дан ортиқ мамлакатларида фаолият юритаётган инвестиция компанияси. Компаниянинг инвестиция портфели аэрокосмик, агробизнес, АКТ, металлга ишлов бериш, тоғ - кон саноати, коммунал хизматлар каби соҳалардаги лойиҳаларни ўз ичига олади. Компаниянинг умумий активлари 250 миллиард доллардан ошади.
TAQA - бу АДҚ инвестиция холдингига тегишли бўлган ва дунёнинг 11 дан ортиқ мамлакатларида фаолият юритадиган энергэтика соҳасидаги компания. Компания активларининг умумий қиймати 80 миллиард доллардан ошади.