Чиндан ҳам ҳозир дала ва яйловларда чигирткалар галасини кузатишимиз мумкин. Мутахассислар фикрича, бу йил чигирткаларнинг тарқалиш кўлами ўтган йиллардагига нисбатан кенг. Бу об-ҳавонинг анча иссиқ келгани билан боғлиқ.

Зарарли чигирткалар қулай об-ҳаво шароитида кўпайиб, оммавий тарқалади. Қишлоқ хўжалиги экинларини зарарлайди. Деҳқонга ҳам, давлатга ҳам катта иқтисодий зарар келтиради. Улар шуниси билан хавфли.

Ҳозиргача мамлакатимиз бўйича салкам 485 минг 163 гектар майдонда кузатув ўтказилган. Шундан 273 минг 180 гектарида чигиртка тарқалгани аниқланди. 251 минг 152 гектар ерда эса уларга қарши кимёвий кураш чораси кўрилди.

Кучайтирилган назорат тадбирлари Бухоро ва Сурхондарё вилоятларида ҳамон давом этяпти. Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Қашқадарё, Самарқанд, Жиззах, Навоий, Тошкент вилоятларида зараркунандага қарши ерга кимёвий ишлов берилмоқда.

Мамлакатимизда асосан, марокаш ва саксовул букри чигирткаси учраяпти. Прогнозга кўра, жорий йилда 608 минг гектардан ортиқ майдонда зарарли чигиртка тарқалиши эҳтимоли бор. Бироқ бу кўрсаткич ўзгариши мумкин.

Шу боис, айни пайтда чигирткага қарши кураш ишлари суткалик режимга ўтказилган. Ҳудудий хизматлар раҳбарлари ҳамда агрономларнинг телефон рақами Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги расмий саҳифаларида жойлаштирилган.

Умуман, бу борада самарали чора-тадбирлар кўрилмоқда. Жумладан, зараркунандалар тарқаладиган ўчоқни йўқ қилиш ва тарқалишининг олдини олиш учун дала майдонлари, яйловлар ва трансчегаравий ҳудудларда муайян ишлар қилиняпти. Мутахассислардан иборат махсус гуруҳлар замонавий транспорт ва кимёвий воситалар билан тўлиқ таъминланган.

Шу ўринда кичик эслатма. Юртдошларимиз бирор ҳудудда зарарли чигирткаларга дуч келса, агентликнинг махсус 1288 қисқа рақами ёки (71) 202-10-00 ­телефон рақами орқали мурожаат қилиши мумкин.

Мамлакатимиз чигирткалар кўпайиши ва тарқалиши учун иқлим жиҳатидан жуда қулай ҳудудда жойлашган. Хусусан, юртимиз сарҳадларида 200 турдаги чигирткани учратиш мумкин. Табиийки, уларнинг тўда ҳосил қилувчи 6-8 турига қарши кураш тадбирлари ҳар йили ўтказилади. Ушбу саъй-ҳаракатлар натижасида қишлоқ хўжалиги экинлари, саксовулзор ва яйловларга етказилиши мумкин бўлган зарарнинг олди олинмоқда.

Бобур ҲАМРОЕВ,

Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги

директорининг биринчи ўринбосари