Куни кеча қабул қилинган “Аҳолига гематология ва онкология хизматларини кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорда эса ўша пайтда кузатилган бир қатор камчиликларга ечим кўрсатилган.
Ҳужжатда 2022 йил 1 январдан Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси маркази Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт маркази таркибидан чиқарилиб, мустақил марказ сифатида фаолият юритиши белгиланган. Янги марказ Тошкент шаҳри Чилонзор тумани Арнасой кўчасида янги барпо этилган тиббиёт муассасаси биноларидан бирида жойлашади.
Президентимиз ташриф чоғида ота-оналарга ҳам шароит яратиш тўғрисида ўз мулоҳазаларини билдирган эди. Шунга кўра, қарорда гематологик-онкологик касаллик билан оғриган ҳар бир боланинг олдида унинг даволанишида иштирок этадиган ота-онаси учун шароит яратиш назарда тутилган. Янги марказда бемор болалар ва ота-оналар учун барча шароит муҳайё қилинади. Бу анча йиллардан бери беморлар билан бирга шифокорларнинг ҳам орзуси бўлиб келаётган эди.
Эътиборга молик жиҳати, ушбу қарор билан ҳудудлардаги болалар кўп тармоқли тиббиёт марказларида болалар гематология ва онкологияси бўлимлари ташкил этилмоқда. Гематологик ва онкологик хасталикка чалинган бемор болалар катталар стационарида эмас, балки барча керакли шартшароит яратилган болалар стационарида даволаниши керак. Бундай беморлар даволанадиган шифохонада бир қатор мутахассислар фаолият юритиши мақсадга мувофиқ. Яъни нафақат онкология ва гематология, балки урология, неврология, нейрохирургия, кардиология бўйича мутахассислар ва, албатта, юқори технологик реанимацион ўринлар бўлиши шарт. Қарорда ана шу жиҳатларга эътибор қаратилгани анча йиллардан бери бу борада йиғилиб келаётган муаммоларга ечим бўлди.
Онкология ва гематология касалликларини даволаш катта маблағ ва ресурс талаб этади. Қарорда онкологик касалликлар учун дори воситаларини харид қилиш ва онкология хизматини янада ривожлантириш билан боғлиқ харажатлар учун давлат бюджетидан 2021 йилда қўшимча 60 миллиард сўм, 2022 йилдан бошлаб эса 125 миллиард сўмдан кам бўлмаган миқдорда маблағ ажратилиши белгиланган.
Ҳозир жаҳонда гематологик касалликлар 80-90 фоизгача тузалиб кетиши кузатилмоқда. Бизнинг бўлимимизда бу 50-60 фоизни ташкил этмоқда. Касалликни даволашда ташхис қўйиш, дори-дармон таъминоти ва молиялаштириш муҳим омил саналади. Агар дори таъминоти тўлиқ бўлса, биз ҳам жаҳон стандартларига бўйлашиб, беморларнинг 8090 фоизи тузалишига эришишимиз мумкин.
Қолаверса, қўшни мамлакатлардан ҳам бизга ушбу касаллик бўйича кўп мурожаат қилинади. Қарорда белгиланган вазифалар ижроси ўлароқ, уларга ҳам ёрдам бериш имконияти бўлади.
Вилоятларда онкогематология филиалларининг очилиши ота-оналар сарсон-саргардонлигининг олдини олади. Касал бола оиласи бағрида, яқинлари, қариндошлари даврасида даволанади. Бу унга руҳий қувват бўлади. Муҳими, оила яхлитлиги сақланиб қолинади.
Наргиза БОБОХОНОВА,
Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт маркази 1-болалар бўлими бошлиғи