2025 йил жаҳон майдонида ҳам, юртимиз ҳаётида ҳам қизғин кечди. Кўпчилик ўтган йилни мамлакатимиз тараққиётининг шиддатли, янги босқичига қадам қўйилгани, дунё саҳнида янги Ўзбекистон номининг яна бир поғона кўтарилиши сифатида юқори баҳолади. Ўтган йилда барча соҳаларда эришилган ютуқлар, оламшумул воқеалар, юртимиз спортида қўлга киритилган тарихий ғалабалар, йирик халқаро тадбирлардаги Ўзбекистон ташаббуслари ва уларнинг тўла тан олиниши буни тасдиқлайди.

Тарихда илк бор футбол бўйича миллий терма жамоа­миз жаҳон чемпионатига чиқди. Юртимиз бўйлаб янги, замонавий иншоотлар қуриб битказилди, қатор маҳобатли бинолар, сайёҳлик масканлари, гастрономик кўчалар очилди. Мамлакатимиз 2025 йил бир қанча нуфузли тадбирларга мезбонлик қилиб, жаҳон ҳамжамияти эътиборида бўлди. Айниқса, Марказий Осиё давлатларини бирлаштиришга, янада яқинлаштиришга қаратилган ташаббуслар дунё майдонида тарихий ҳаракатлар сифатида тилга олинмоқда.

Иқтисодий кўрсаткичларимиз ҳам ўсишда давом этяпти. Жаҳондаги кескин вазиятлар, молиявий мураккабликлар, халқаро бозордаги тебранишларга қарамай, мамлакатимиз иқтисодий барқарорлигини сақлаш, ҳатто оширишга эришилди.

Ҳар бир соҳа вакили 2025 йилни “бизнинг йилимиз” бўлди дейишига арзирли мисоллар кўп. Юртимиз тадбиркорлари, ишбилармонлар ҳам шундай фикрда. Ўтган йил ҳар қачонгидан кўра фаолроқ кечгани нафақат рақамларда, балки мамлакатимиз ҳаётида ҳам яққол кўзга ташланмоқда. Янгидан янги корхоналар очилиб, лойиҳалар амалга оширилаётгани, минг­лаб одамлар бандлиги таъминланаётгани шунчаки гап эмас. Жаҳон бозорида Ўзбекистон миллий бренди шаклланиб, ўзимизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар янги бозорларга кириб бораётгани ҳам айтишга арзигулик натижалардир.

Ҳозир кўпчилик қўшимча даромад топиш мақсадида бирор бизнесга қўл уряпти. Чунки барча йўллар очиқ, бизнесга ҳеч қандай тўсиқ йўқ. Гапнинг дангалини айтганда, бугун тадбиркорнинг замони келди. Буни ҳар бир ишбилармон ўзида ҳис қиляпти, амалда исботини кўряпти.

Натижалар ҳам шунга яраша бўлиши керак. Якунланган йил мамлакатимиз тадбиркорлари учун қандай келгани, жаҳондаги ва миллий иқтисодиётдаги ўзгариш­лар уларнинг фаолиятига қанчалик таъсир кўрсатгани, йил бошидаги кутилмалар ўзини қанчалик оқлагани билан қизиқдик.


Бу йил дунё бозорига чиқамиз

 

Ҳусниддин ГАППАРОВ, Навоий вилоятидаги “Xovandamir Holding” МЧЖ раҳбари, “Фаол тадбиркор” кўкрак нишони соҳиби:

— Йилни эзгу ниятлар, катта мақсад ва вазифалар билан бошлаш халқимизга хос қад­риятдир. Ҳар бир йил инсон ҳаётида муайян тажриба, синов ва хулосалар билан ёдда қолади. Муҳими, рўй берган воқеалардан тўғри хулоса чиқариб, уларни келгуси фаолият учун пойдеворга айлантира олишдир. Бу, айниқса, тадбиркорликда муҳим жиҳат. Зеро, бизнесда доим барқарор ривожланиш бўлавермайди, соҳа турли синов ва таваккалчиликларни ҳам ўз ичига олади.

2025 йил “Xovandamir Holding” учун айнан шундай синов ва имкониятларга бой бўлди. Жаҳон бозоридаги беқарорлик ва ташқи иқтисодий омилларга қарамай, ишлаб чиқариш жараёнларида барқарорликни сақлаб қолишга эришдик. Корхоналаримизда босқичма-босқич замонавий технологиялар жорий этилди, ички бошқарув ва назорат тизимлари такомиллаштирилди. 2025 йил

бошида белгиланган режаларимизнинг асосий қисми амалда рўёбга чиқди. Айрим лойиҳалар ташқи омиллар сабаб кечиккан бўлса-да, бу ҳам биз учун муҳим тажриба бўлди, келгусида ишларни янада пухта режалаштириш зарурлигини кўрсатди. Энг муҳими, ўтган йилни ижобий натижалар билан якунладик ва стратегик йўналишимиз тўғри танланганини амалда кўрдик.

Бугунги кунда холдинг таркибида мебель ва металл маҳсулотлари ишлаб чиқариш, қурилиш ва АТ йўналишларида фаолият юритувчи бир қанча корхона муваффақиятли ишламоқда. Мазкур соҳаларнинг барчаси мамлакатимизда жадал ривожланиб, юқори рақобат муҳити шаклланган тармоқлар ҳисобланади. Шундай шароитда маҳсулотларимизнинг сифат ва дизайн жиҳатдан халқаро брендлар билан рақобатлаша олаётгани бизни қувонтиради. Шу билан бирга, бозорда кучайиб бораётган рақобат муҳити корхоналарни доимий изланиш, маҳсулот сифатини ошириш ва истеъмолчилар эҳтиё­жига мос таклифлар яратишга ундамоқда.

Зеро, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар сифати ва мижозлар талабини тўлиқ қондириш фаолиятимизнинг устувор вазифасидир. Кейинги йилларда ишлаб чиқариш қувватлари босқичма-босқич кенгайтирилиб, йиллик ҳажмлар изчил ошиб боряпти. Бугунги кунда корхоналаримизда 150 дан ортиқ кишининг доимий бандлиги таъминланган. Бундан ташқари, ҳамкор ташкилотлар орқали билвосита янги иш ўринлари яратилмоқда. Ҳозирги босқичда асосий эътибор ички бозорни сифатли маҳсулотлар билан таъминлашга қаратилган бўлса-да, жорий йилдан экспортни йўлга қўйиш ва хорижий бозорларга чиқиш ҳам режалаштирилган.

Мамлакатимиздаги кенг кўламли бунёдкорлик ишлари, замонавий қурилиш лойиҳалари ва саноат тармоқлари ривожи мебель ҳамда металл маҳсулотларга талаб ортишига хизмат қилмоқда. Кейинги йилларда АТ хизматларга эҳтиёж ҳам сезиларли даражада ошди. Бу, аввало, иқтисодиёт ва бошқарув тизимлари рақамлаштирилиши, илғор технологиялар кенг жорий этилиши билан боғлиқ.

Умуман олганда, 2025 йил юртимиз тадбиркорлари учун самарали бўлди. Глобал ва минтақавий иқтисодий жараёнлар хомашё таъминоти, логистика ва молиявий режалаштиришда эҳтиёткорликни талаб этди. Шу билан бирга, бу жараёнлар тадбиркорларни ички имкониятларга таянган ҳолда самарадорликни оширишга ундади.

Айни пайтда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, саноатни ривожлантириш ва маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу реал сектор фаолиятида ҳам яққол сезиляпти. Натижада тадбиркорлар зиммасидаги масъулият янада ортиб, миллий брендлар нуфузини мустаҳкамлаш, халқимиз фаровонлигига ҳисса қўшиш муҳим вазифага айланди.

Хулоса қилиб айтганда, 2025 йил янги Ўзбекистон иқтисодиётида барқарор ривожланиш ва ички ишлаб чиқаришни мус­таҳкамлаш йили сифатида ёдда қолди. Олдимизда эса янада улкан вазифалар турибди. Келгуси даврда ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, замонавий ускуналар олиб кириш, маҳсулот турларини кенгайтириш, рақамли бошқарув тизимларини жорий этиш, малакали кадрлар тайёрлаш ҳамда экспорт географиясини кенгайтиришни мақсад қилганмиз.


Юксак шараф ва масъулият рамзи

 

Лола МИРЗАЕВА, Хоразмдаги “Khiva Plaza” МЧЖ раҳбари, “Фаол тадбиркор” кўкрак нишони соҳиби:

— Ўзбекистонда туризм ҳақида гап кетса, Самарқанд, Бухоро ва бошқа ҳудудлардаги бир нечта тарихий обидаларимизгина тилга олинарди. Ҳозир туризм йўналиши мамлакатимизда жадал ривожланаётган тармоқлардан бирига айланган. Бунёд этилаётган янги ва замонавий сайёҳлик манзиллари, дам олиш масканлари, “Арда Хива” сингари йирик лойиҳалар хорижликлар қизиқишини тобора оширяпти. Ўтган йилда Ўзбекистонга ташриф буюрган сайёҳлар сони 10,7 миллиондан ошгани бунинг исботи. Шу жиҳатдан 2025 йил мамлакатимиз иқтисодиётида барча соҳалар қатори туризм йўналишининг янги босқичга кўтарилгани билан ҳам тарихда қолди.

Туризм ривожи ўз-ўзидан хизматлар соҳасига талабни оширади. Сайёҳлар келадиган жойларда меҳмонхоналар, овқатланиш ва савдо марказлари бўлиши керак. Бунинг ортидан валюта тушумлари кўпаяди, ҳудудларда инфратузилма, хизмат кўрсатиш соҳалари ривожланади, янги иш ўринлари яратилади.

Ўзим 25 йилдан бери туризм ва меҳмонхона бошқаруви соҳасида фаолият юритиб келаман. Йилига 25 минг чет эллик сайёҳга меҳмонхона хизматларини кўрсатамиз. Меҳмонхонамизнинг конференция залларида йил давомида ўнлаб халқаро тадбирлар ўтказилади. Ўтган йилда умумий хизматларимиз ҳажми 30 миллиард сўмга етди. Бу кўрсаткич 2024 йилдагига нисбатан 10 фоиз юқори. Гап шундаки, Хива азалдан сайёҳлар учун қизиқарли бўлганига қарамай, авваллари бу ерда тарихий обидалар атрофида замонавий дам олиш, кўнгилочар ва савдо масканлари деярли бўлмасди. Шу боис, меҳмонлар узоқ вақт қолмаган. Ҳозир эса нафақат хорижлик, балки маҳаллий меҳмонлар ҳам Хивага келиб, бир неча кун шу ерда қоляпти. Натижада меҳмонхона хизматларимизга талаб ошган.

Хорижлик меҳмонларимизнинг асосий қисми европаликлар. Уларга 150 дан ортиқ кишидан иборат катта жамоамиз хизмат кўрсатади. Ходимларимизнинг 50 фоиздан кўпроғини хотин-қизлар ташкил этади.

2025 йил мен учун натижалар ва эътирофлар йили бўлди. Режаларимизнинг асосий қисми муваффақиятли амалга ошди. Меҳмонхона молиявий жиҳатдан барқарор ишлади, даромадимиз ва хизматлар сифати сезиларли даражада ўсди, жамоанинг касбий малакаси юксалиб боряпти. Экологик лойи­ҳаларни ҳам амалга оширдик. Бизнес ва дипломатик туризмда фаол иштирок этдик, халқаро майдонда ишончни мустаҳкамладик. “Farovon Khiva” меҳмонхонамиз ­“Минтақадаги энг яхши бизнес меҳмон­хона” деб топилди.

Ўтган йил меҳмонхона Ислом цивилиза­цияси марказида ҳам фаолиятни бошлади. Бизга “Фаровон” меҳмонхоналар тизимини яратиш вазифаси топширилди. Бу миллий бренд остидаги меҳмонхоналар тармоғини яратиш йўлидаги катта қадамлардан бири деб биламан. Бундай лойиҳалар ўзбек халқининг меҳмондўстлигини дунёга танитиш ва халқаро хизмат кўрсатиш стандартлари талабларини миллийлик билан уйғунлаштиришга ҳисса қўшади.

Энг катта эътироф эса давлатимиз раҳбарининг “Фаол тадбиркор” кўкрак нишони билан тақдирланганим бўлди. Бу мен учун юксак ишонч рамзи, катта шараф ва масъулиятдир, очиғи, жуда фахрландим. Бундай эътирофлар одамни янада кўпроқ ишлашга, янги марраларга ундайди. Ушбу йилнинг ҳам шундай шукуҳли, муваффақиятли ўтиши, янада катта натижаларга бой бўлишини ният қилиб, олдимизга аниқ вазифалар қўйганмиз. Халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, малакали кадрлар тайёрлаш ва хотин-қизлар фаоллигини қўллаб-қувватлаш, “яшил” меҳмонхона тамойилларини чуқурлаштириш кабилар шулар жумласидан.

 

Ирода ТОШМАТОВА,

“Янги Ўзбекистон” мухбири