- Чоғроққина ҳовлида ўғилларим, келинларим, невараларим билан катта бир оила бўлиб яшардик. Аслида, фарзандларимнинг ёнимда бирга яшаши мен учун бағри бутунлик. Аммо ёш оилаларга тўкис шароит зарур. Шу боис, уларга алоҳида уй олишимиз керак, деб ўйлаб қолардим. Янги уйга кичик ўғлим оиласи билан кўчиб ўтди. Хонадонидаги шароитлардан жуда хотиржам бўлдим. Энг муҳими, байрамни янги уйда кутиб олиш бахти нуридийдаларимга насиб этди. Невараларимнинг қувончи ҳозирдан ичига сиғмаяпти. Етказганига, кўрсатганига шукр! – дейди нафақадаги ўқитувчи Моҳима опа Эргашова.

Президентимиз 2021 йил январь ойида Бухоро вилоятига ташрифи чоғида Туркманистонга чегарадош ҳудуд – Қоракўл ва Ғиждувон туманларида “Янги Ўзбекистон” массивларини қуриш бўйича топшириқ берган эди. Шундан сўнг нафақат мазкур туманлар, балки бутун вилоят улкан қурилиш майдонига айланиб кетди.

— Янги йил байрами арафасида вилоятимизда ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга молик қатор объектлар қуриб битказилди. Аҳоли талабини қондириш мақсадида 2023 йилда “Янги Ўзбекистон” массивларида 720 хонадондан иборат 36 та кўп қаватли уй барпо этиш назарда тутилган, — дейди Бухоро вилояти Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бош бошқармаси бошлиғи Сойиб Жумаев. — Бугунга қадар 17 та кўп қаватли уй фойдаланишга топширилди. Сўнгги 7 йил давомида Бухоро вилоятида қурилиш ишлари ҳажми бир неча баробар ортиб, 2016 йилдаги 2,8 триллион сўмдан 2022 йилда 8,4 триллион сўмга, жорий йилнинг биринчи ярмида эса 4,7 триллион сўмга етди. Шу йилнинг ўзида Ғиждувон ва Қоракўл туманларидаги “Янги Ўзбекистон” массивлари ҳамда уй-жойга талаб юқори бўлган бошқа ҳудудларда 2,3 минг квартирага эга 87 та уй-жой барпо этилаётир.

Болалигимнинг беғубор кунлари ўтган, ўзим камолга етган туманда яқин яқингача биттагина кинотеатр ва хиёбондан бўлак бирор хушманзара маскан йўқ эди ҳисоб. эди. Ёз ойларининг жазирама тафтида бир оз бўлсада тин олинадиган кичик фонтан ҳам аллақайси амалдорнинг хоҳиш иродаси билан бутунлай йўқ қилиб юборилди. Бутун бошли туман йиллар давомида эътиборсизлик сабаб кўримсиз ва файзсиз манзилга айланиб қолаверди. Қоракўлнинг соддагина меҳнаткаш халқи эса,  бу ерда шаҳарликлардай барча қулайликларга эга уйларда яшашни хаёлига ҳам келтирмаганди.Фақат сўнгги йиллардаги изчил ўзгаришлар ва янги лойиҳалар чекка туманга муҳташам ҳаёт нафаси олиб  кирди.

– Бугун Қоракўл ижобий ўзгаришлар оқимида юксалиб, ҳар жабҳада илғор ва илдамлаб бораётган туманлардан бири. Замонавий жиҳозлар билан таъминланган ўқув масканлари, дунё стандартларига жавоб берадиган тиббиёт муассасалари, янгиланиб бораётган мактабгача таълим ташкилотларини санаб адоғига етиб бўлмайди, – дейди Қоракўл тумани ҳокими Хуршид Тоҳиров. – Ҳудудимизда “Янги Ўзбекистон” массиви қадростлади. Бу иншоотларнинг айнан йил якунида топширилиши қанчадан-қанча оилаларга шоду хуррамлик бағишлади. Янги массивдаги 240 та хонадонга мўлжалланган кўп қаватли 12 та замонавий турар жой мажмуасига оилалар кўчиб ўтди. Келгуси беш йил давомида эса бу ердаги кўп қаватли уйлар сони 70 тага, хонадонлар эса 1400 тага етказилади. Ўтган давр мобайнида массивда 330 ўринга мўлжалланган мактаб, 240 ўринли давлат мактабгача таълим ташкилоти, давлат-хусусий шериклик асосида яна 120 ўринли замонавий болалар боғчаси ва юз қатновга мўлжалланган оилавий поликлиника ҳам қуриб битказилди. Жорий йил октябрь ойида “Янги Ўзбекистон” массивида 53-умумтаълим мактаби очилди. Таълим муассасасида барча имкониятлар мавжуд. Ўқувчилар учун касб-ҳунар устахоналари билан бирга мактаб ҳовлисидаги бўш майдонда замонавий иссиқхона ҳам барпо этилган. Ушбу гидропоник иссиқхонада айни қиш палласида помидор ва бошқа сабзавотлардан мўл ҳосил олинмоқда.

Яқин-яқингача бундай шароит ва имкониятларнинг ўндан бири ҳам бўлмаган эса-да, қоракўллик ўқувчилар билими нафақат Ўзбекистон, балки дунё миқёсида ҳам эътироф қозонганди. Энди эса янги бунёд этилган таълим муассасаларида тўкис шароитлар бисёр.

– Янги турмуш маҳалласидан бу шаҳарчага кўчиб келдик. Ўқитувчилар сулоласи вакилларимиз. Ўзим ҳам кўп йиллар ёшларга сабоқ бериб, нафақага чиққанман, – дейди янги хонадон бекаси Гулшода Эрниёзова. – Иккинчи гуруҳ ногирониман. Соғлиғим панд бериб тургани боис, тез-тез даволанишга муҳтож эдим.

Қишлоқдан тумангача анча йўл. Шифохонага қатнаш бир оз қийин эди. Турмуш ўртоғим ва фарзандларим билан маслаҳатлашиб, шу ердан уй сотиб олишга қарор қилдик. Баҳоси 280 миллион сўм бўлган икки хонали хонадонни 32 миллион сўм бошланғич тўловини тўлаб харид қилдик. Қолгани 20 йил муддатга кредит шартномаси асосида тўланади. Янги Ўзбекистон уйлари ўз номига муносиб бўлишига ишонаман.

Яна бир янгилик. Массивга туташ ҳудудда “Қоракўл” эркин иқтисодий зонаси ташкил этилиб, бу ерда қиймати 4 миллиард АҚШ долларига тенг истиқболли бизнес лойиҳалар жойлаштирилмоқда. Умуман, Қоракўл туманининг том маънодаги келажаги бўладиган мазкур лойиҳалар рўёби туфайли ҳудудда ўнлаб оилалар моддий манфаатдорлиги таъминланади. Янги йил эшик қоқиб, байрам нафаси уфуриб турган паллада чекка ва олис манзилларда қад ростлаётган янги иншоотлар ҳудудлар меъморий қиёфасини ўзгартирибгина қолмай, аҳоли турмуш даражаси янада яхшиланишида муҳим аҳамият касб этади.

Гуличеҳра ДУРДИЕВА,
 “Янги Ўзбекистон” мухбири