Сирдарё вилоятининг Ширин шаҳри ҳамда Гулистон туманидаги болалар-ўсмирлар спорт мактабларида бел олиш ва уч кураш бўйича 2020 йилнинг сўнгги мусобақалари ўтказилди. Ширин шаҳрида 2005-2006 ҳамда Гулистон туманида 2007-2008 йилларда туғилган ўсмирлар ва қизлар ўртасида Ўзбекистон чемпионати бўлиб ўтди.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги Матбуот хизмати хабарига кўра Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда Ўзбекистон бел олиш ва уч кураш ассоциациясининг йиллик тақвим режасидан ўрин олган мазкур мусобақаларда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва барча вилоятлардан 600 нафарга яқин ёш полвонлар ғолиблик учун кураш тушди.

Мусобақа регламентига кўра, дастлаб 2005-2006 ҳамда 2007-2008 йилларда туғилган ўсмирлар ва қизлар Ширин шаҳридаги БЎСМда бел олишнинг халқа – чалиш, халқа – чалишсиз йўналишларида белгиланган вазн тоифаларига кўра куч синашишди. Бел олиш бўйича беллашувлар якунига етгач эса Гулистон туманидаги БЎСМда уч кураш бўйича «белбоғли» ва «белбоғсиз» йўналишларида ҳам ғолиблар номи аниқланди.

Муросасиз ўтган мазкур йўналишлардаги мусобақаларда Беҳруз Бахтиёров (Навоий), Азизилло Алиев (Андижон), Фахриддин Эшқувватов (Сурхондарё), Аббосхон Тилаволдиев (Фарғона), Нурбек Омонов (Сирдарё), Ойбек Абдуқаюмов (Тошкент в.), Акмал Матяқубов (Хоразм), Абдулазиз Жўраев (Тошкент ш.), Дилнура Рустамова (Сурхондарё), Гулинур Нишонова (Андижон) каби истеъдодли ўғил-қизлар ўз вазн тоифаларида чемпионликни қўлга киритиб, шоҳсупадан жой олишга муваффақ бўлишди.

Ўзбекистон чемпионати якунига етгач, ғолиб ва совриндорлар диплом, медаль ва эсдалик совғалари билан мукофотланди.