У орқали мамлакат етакчиси нафақат йил натижаларини сарҳисоб қилади, балки келгуси босқичда жамият олдида турган асосий вазифаларни концептуал жиҳатдан белгилаб беради.
Давлатимиз раҳбарининг мурожаати “Бугун Олий Мажлисга ва кўп миллатли халқимизга келгуси йил учун Мурожаатномани тақдим этар эканман…” деган сўзлар билан бошланади. Бу ибора Мурожаатноманинг асосий йўналиши – келгуси тараққиёт стратегиясини белгилаш эканини кўрсатади.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар фалсафаси “декларация”дан “амалий натижа”га ўтиш билан характерланади. Президентимиз буни Мурожаатномада “Биз ислоҳотларни аниқ амалий натижага айлантиришни ўргандик” дея аниқ ва очиқ ифодалайди. Бу фикр давлат бошқарувида прагматик ёндашув, институционал самарадорлик ва натижадорликка асосланган сиёсат тамойиллари устувор бўлиб бораётганини англатади. Яъни, ислоҳотлар эндиликда ғоя сифатида эмас, балки ҳар бир маҳалла, ҳар бир хонадон ва ҳар бир инсон ҳаётида сезиладиган ўзгариш сифатида баҳоланмоқда. Бу натижалар шаҳар ва қишлоқлар қиёфасининг ўзгариши, инфратузилманинг модернизация қилиниши, рақамли хизматлар ривожи, янги иш ўринлари ва ижтимоий ҳимоя тизимида яққол намоён бўлмоқда.
Мазкур Мурожаатноманинг муҳим концептуал жиҳатларидан бири – Янги Ўзбекистон тараққиётининг глобал контекстда таҳлил қилинишидир. Президентимиз ўз нутқида жаҳонда кечаётган мураккаб жараёнларга алоҳида тўхталиб ўтади: “Дунёда содир бўлаётган ва яқин-яқингача ҳеч ким тасаввур қила олмаган ўзгаришлар шароитида ўта мураккаб йилни якунлаяпмиз”. Бу ерда гап геосиёсий қарама-қаршиликлар, глобал савдо занжирларининг узилиши, хавфсизлик таҳдидлари, инфляцион босим ва молиявий ноаниқликлар ҳақида бормоқда. Шундай мураккаб муҳитда миллий иқтисодиётнинг барқарор ўсиши – давлат сиёсати самарадорлигининг асосий индикатори ҳисобланади.
Президентимиз таъкидлаганидек, барча қийинчиликларга қарамасдан, Ўзбекистон иқтисодиёти ишончли ва барқарор ўсишда давом этди. Бу ҳолат ўлканинг макроиқтисодий барқарорлик сиёсати, диверсификацияланган иқтисодий модел ҳамда очиқ ташқи иқтисодий алоқаларга асосланган стратегияси тўғри йўналишда эканини кўрсатади.
Президентимиз Мурожаатномада иқтисодий ўсишни мустақил мақсад сифатида эмас, балки инсон фаровонлигига хизмат қилувчи восита сифатида талқин қилади. Бу ёндашув замонавий ижтимоий давлат назариясига тўлиқ мос келади. Яъни, Мурожаатда шундай дейилади: “Ислоҳотларимиз самарасини ҳар бир маҳалла, ҳар бир хонадон ва ҳар бир инсон кундалик ҳаётида ҳис қилмоқда”. Бу фикр давлат сиёсатида инсон марказий ўринда эканини англатади. Иқтисодий ўсиш, инфратузилма, инвестиция – буларнинг барчаси пировардида инсон ҳаёти сифатини оширишга хизмат қилиши лозим.
Президентимиз нутқида камбағаллик масаласи алоҳида стратегик аҳамиятга эга бўлган муаммо сифатида кўриб чиқилади. Бу борада у қуйидагича таъкидлайди: “Биз камбағалликни қисқартириш масаласини умуммиллий ҳаракатга айлантирдик”. Ушбу фикр камбағалликка қарши кураш давлатнинг якка ўзи амалга оширадиган вазифа эмас, балки жамиятнинг барча қатламлари – маҳалла, тадбиркорлик субъектлари, нодавлат сектор ва фуқароларнинг ҳамкорлигини талаб қилувчи кенг кўламли жараён эканини англатади.
Президентимиз бу масалада муҳим концептуал нуқтани белгилайди: “Асосий мақсадимиз – одамларимизни доимий даромадли қилиш”. Бу ерда ижтимоий сиёсатнинг пассив - нафақа, ёрдам модели эмас, балки фаол ижтимоий давлат модели танланганини кўрамиз.
Мурожаатноманинг энг муҳим ва ўзига хос қисмларидан бири – маҳалла институтига берилган стратегик аҳамиятдир. Президентимиз маҳаллани нафақат ижтимоий тузилма, балки миллий давлатчилик анъанасига асосланган ўзини ўзи бошқариш институти сифатида таърифлайди: “Маҳалла тинч ва аҳил бўлса, жамиятимиз тинч ва ҳамжиҳат бўлади”. Бу фикр маҳалланинг ижтимоий капитал яратишдаги ўрнини кўрсатади. Ижтимоий капитал назариясига кўра, ишонч, ҳамжиҳатлик ва ўзаро ёрдам жамиятнинг барқарор ривожланишида ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
Мурожаатномада 2026 йилни “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб номлаш таклиф этилди. Президентимиз ташаббуси билан 2026 йилга берилган ном рамзий эмас, балки аниқ дастурий мазмунга эга.
Замонавий давлат бошқаруви тизимида давлат раҳбарининг парламент ва халққа мурожаат қилиши – сиёсий риторикадан анча кенг мазмунга эга бўлган стратегик ҳужжат ҳисобланади. У бир вақтнинг ўзида ҳисобот, дастур, прогноз ва мафкуравий йўналтирувчи вазифаларни бажарди. Юртдошларимиз Мурожаатномани таҳлилий ўрганиб, амалга оширишимиз зарур бўлган устувор вазифаларни яна бир карра англаб, белгиланган марра ва мақсадларга чуқур масъулият билан ёндошмоқдалар.
Холиқуло Ўткир Мирзакамалович,
Олмалиқ давлат техника институти ректори