Пойтахт ҳокимлиги ахборот хизмати ҳолат юзасидан маълумот берди.

2023 йилнинг 3 август куни «Махсустранс ИЧБ» ДУКга қарашли бўлган махсус контейнер автомашинаси чиқиндиларни Бўзсув каналининг Тошкент вилояти Зангиота туманидан оқиб ўтувчи йўналишидаги ҳудудлардан бирига ташлагани акс этган видео ижтимоий тармоқларда тарқалди.

Шунингдек, видеода мазкур тартиббузарлик учун ҳайдовчи 1 650 000 сўм миқдорида жаримага тортилгани ҳам маълум бўлди.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги ахборот хизматининг маълум қилишича, бу масала ҳокимлик ҳамда «Махсустранс ИЧБ» ДУК мутасаддилари билан ўрганилди. 

Маълум қилинишича,бундай тартиббузарлик учун «Махсустранс ИЧБ» ДУК раҳбари К.Набиевга огоҳлантириш берилган.

Чиқиндиларни белгиланмаган жойга ташлаган ҳайдовчи Ж.М ва бу ишга масъулиятсизлик билан қараган «Шайхонтоҳур-Махсустранс» АТФ директори Ф.М билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди.