Ушбу халқаро конференция арафасида таълим соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида Белорусь давлат педагогика университетида Ўзбек маданият марказининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Марказ очилишида Ўзбекистоннинг Беларусдаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Р.Назаров, БДПУ ректори А.Жук ва университет жамоаси, ТДПУ проректори М.Шарипов ва Ўзбек-Беларус қўшма факультет декани О.Исмаилов, Беларусда истиқомат қилувчи ватандошлар, хорижий меҳмонлар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.
БДПУ ва ТДПУ ўртасида 2017 йилда ҳамкорлик меморандуми имзоланган бўлиб, меморандум доирасида ўқув-услубий материаллар ва илмий адабиётлар алмашилди, профессор-ўқитувчиларнинг конференциялар, семинарларда ўзаро иштироки, ҳамкорликда ўқув дастурларини ишлаб чиқиш, илмий-тадқиқот ва инновацион лойиҳаларда ҳамкорлик амалга ошириб келинмоқда.
Ушбу Маданият марказининг ташкил этилиши Белорусь давлат педагогика университети ва Тошкент давлат педагогика университетининг таълим соҳасидаги кўп йиллик ҳамкорлиги натижасидир. Марказнинг очилиши икки қардош мамлакат ўртасидаги ижтимоий ҳамкорликни кенгайтириш учун яна бир имкониятдир. Марказда турли маданий-маърифий тадбирлар ўтказиш режалаштирилган.
Тадбирнинг маданий қисмида ўзбек миллий рақси намойиш этилди ва ўзбек шоирларининг шеърларидан ўқиб берилди.