«Сиздан бошқаси ҳал қилолмайди!»
Аёллар йиғинида ўтирганди. Нотаниш рақамдан қўл телефонига қўнғироқ бўлди. Аввалига бандлиги сабаб жавоб бермади. Бироқ такрор-такрор қўнғироқ бўлавергач, жавоб тугмасини босди. Қўшни қишлоқ оқсоқоли экан. Элликдан ошган эр-хотин жанжаллашиб қолибди. Иккаласи ҳам ажрашамиз деб туриб олганмиш. «Сиздан бошқаси бу муаммони ҳал қилолмайди», деди хавотирли овоз эгаси.
Ҳожи она ёқасини ушлади. Ёшларни-ку тушуниш мумкин, ҳали ғўр бўлади. Неварали одамларга нима бўлган-а? Онахон маъракадан турасолиб, муаммоли хонадонга борди. Кўрпачанинг бир четида омонат ўтириб, ўзининг кечмишини, ёшликдаги қийинчиликларни гапириб берди.
— Орангиздаги масалани жаҳл билан эмас, ақл кўзи билан қараб ҳал этиш керак. Қуда-андалисиз. Одамлар гап-сўзидан, Яратганнинг даргоҳида борганингизда, унга нима деб жавоб беришдан қўрқсангиз, кеч бўлмасидан тафаккур қилинг, — деди меҳмон гапини якунлаб. Бу сўзлардан сўнг уй эгаси хатосини тушуниб, кечирим сўради. Аёл чой дамлагани ошхонага шошди...
Эр-хотинни яраштирган инсон — Самарқанд вилояти Тойлоқ туманидаги «Бувижонлар мактаби» жамоатчилик кенгаши аъзоси, «Шопўлат» МФЙ «Бувижонлар мактаби» раҳбари Тўхтатош Турдиева эди.
«Уйингизнинг дарвозаси йўғ-у...»
Онахон 25-30 йил аввалги кунларни эслаб, фикр юритади. Бугунги кунларга шукр қилади. Тўғриси, ўша кезлар оила моддий етишмовчиликлардан қийналган. Эр-хотиннинг топиш-тутиши ҳавас қилгулик бўлмаган. Болалар вояга етгани сайин хавотир ортар, уларни ўқитиш, уйли-жойли қилиш ташвиши бўй кўрсатарди. Нормамат ака ишлагани хорижга кетишга мажбур бўлган.
— Уйингизнинг дарвозаси йўғ-у, тағин ўғил-қизларни ўқитамиз, дейсиз-а, Тўхтатош? Қайси пулингизга ўқитасиз? Ундан кўра болаларингизни кўчага чиқаринг, пул топишсин, — дея заҳарханда кулганди қўшни аёл.
Йиллар ўтди. Онахоннинг нияти холис экан. Ҳалол меҳнат ортидан оила ҳаммасига эришди. Уйи ҳам, мулки ҳам бор. Болалари олий маълумотли. Бугун кўпнинг ҳавасини келтирадиган намунали оилалардан бирига айланган. Ўша қўшни аёлнинг вояга етган фарзандлари пул топармон бўлди, бироқ оқибатни, ота-онага меҳрни унутди...
Юбилей ўрнига суннат тўйи
— Бундан 100-150 йил муқаддам жадид боболаримиз исрофгарчиликнинг олдини олишга чақирган. Мана, орадан шунча вақт ўтибдики, бу мавзу ўз аҳамиятини йўқотгани йўқ. Ҳали ҳам ватандошларимиз орасида кимўзарга мусобақалашаётганлар бор. Бу маънавиятсизлик китоб, газета ўқимасликнинг оқибати. Биз, бувижонлар шу масалада якдил ишлаяпмиз. Тўй-маросимларни ихчамлаштириш, исрофнинг олдини олиш бўйича қилаётган ишларимиз натижа беряпти, — дейди Тўхтатош Турдиева.
Фарзандлари ўзаро маслаҳатлашиб, онахоннинг юбилейини ўтказмоқчи бўлди. У эътироз билдирди. «Рози бўлсаларингиз, шу маблағни савоб ишга сарфласак. Масалан, болалар уйидаги гўдакларнинг кўнглини олишимиз мумкин», деди. Фарзандлари «Онажон, сиз нима десангиз шу», деб жавоб берди. Эзгу ишга енг шимарган аёлнинг қарорини эшитган туман ҳокими ҳамма учун мақбул таклиф берди: «Туманда эҳтиёжманд оилалар бор. Шуларнинг қоракўзлари учун суннат тўйи қилиб берсангиз, дуруст бўларди». Бу таклиф опага ҳам ёқди ва 11 боланинг хатна тўйини ўтказиб берди.
Ёшлар учун кутубхона
Тўхтатош Турдиева ўрта маълумот билан 36 йил давлат ташкилотларида ишлади. Ўша пайтдаги шароит унинг олий маълумот олишига монелик қилган. Шунга қарамай, тиришқоқлиги сабаб борган жамоасида «кўкарди». Одамлар меҳрини қозонди. Сабзавотчилик ва узумчилик хўжалик раҳбарининг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари, касаба уюшма қўмитаси раиси, қишлоқ хўжалиги ҳамда чорва бўлимлари бошлиғи лавозимларида хизмат қилди. Турмуш ўртоғи ҳам шу ердаги заводда таъминотчи экспедиторликдан пенсияга кузатилган. Бири 72, иккинчиси 68 ёшни қарши олган нуронийларнинг 5 фарзанддан 6 невараси бор.
Онахон 1999 йилда фермер хўжалиги ташкил этди. Ғалла етиштиради ва ҳар йили бир гектардан камида 60 центнердан ҳосил олади. Даласида бўш жойнинг ўзи йўқ: турфа гуллар, шифобахш гиёҳлар ва сабзавотлар экади. Такрорий экинлардан гулкарам, пиёз, картошка, ловия экиб, даромад қилади. Шийпони шундоққина тут плантацияси этагида жойлашган. Ҳар йили камида 10 қути ипак қурти боқилади.
Бугун фермер хўжалиги кўп тармоқли ва унда маҳалланинг кўплаб ёшлари иш билан банд қилинган. Ўша ердаги маданият саройида онахон ёшлар учун 10 минг китоб фондини ўзида мужассам этган кутубхона очиб берди. Мазкур даргоҳнинг ўз йўқловчилари бор.
Муаммо маҳалладан ташқарига чиқмайди
Шопўлат кўҳна қишлоқ. Марказий давлат архивидаги ва тарихчи Муҳаммад ибн Араб Қатағон ёзиб қолдирган манбаларда келтирилишича, қишлоқ номи Муҳаммад Шайбонийнинг невараси Шоҳ Фўлод исмидан келиб чиққан. Бу хонзода ўз даврида Самарқандда кўплаб иморатлар қурдирган, боғлар барпо этган.
Маҳаллада бугун 3150 фуқаро яшамоқда. Уларнинг 1670 нафари хотин-қизлар, 900 дан ошиғи ёшлар. Маҳалла драйвери — қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш. Аксарият хонадонлар томорқасидан унумли фойдаланиб, даромад топади.
— Тойлоқ туманида элликта маҳалла бор. Улардаги муаммоларни ҳал этишда зиёли нуронийларнинг тажрибасидан фойдаланиш самара бераётир. Хусусан, Норчучук Раҳмонова, Хосият Равшанова, Дилбар Барноева, Раъно Абдукаримова, Нарзитош Ашурова ҳамда Тўхтатош Турдиева сингари жамоатчилик аъзолари, бувижонлар бошқаларга намуна бўлмоқда. Уларнинг саъй-ҳаракати билан маҳалла аёллари саёҳат ва зиёратларга жалб этиляпти. Оилавий ажрашишларнинг олдини олиш, тарбияси оғир болалар билан ишлаш, бандлик масалаларини ҳал этиш, кам таъминланган оилалар фарзандларининг шартнома пулини тўлаш, тадбиркорларга йўл-йўриқ кўрсатишда ҳам айтишга арзигулик ишларни бажармоқда, — дейди туман «Бувижонлар мактаби» раҳбари Ўғилой Йўлдошева.
Ўғилой опанинг қўшимча қилишича, шопўлатликлар бир-бири билан иноқ. Аксарият ҳолларда муаммони ўзаро ҳал қилади. Бошқа ҳудудлар билан муқояса этилса, бу ерда ажралиш ва ишсизлик камроқ. Ўтган йили низоли 12 та оила яраштирилган, иш сўраб мурожаат қилган 10 йигит-қизнинг бандлиги таъминланган.
Халқимизда «Беш бармоқ йиғилса, мушт бўлар» деган гап бор. «Маҳалла еттилиги» билан ҳамкорликда қилинаётган ишлар ҳаммани бир муштга айлантирган.
Бугун қаҳрамонимиз хонадонидан меҳмон аримайди. Йўқлаб келгувчиларнинг аксарияти опадан яхшилик кўрган, у билан опа-сингил тутинган. У кимнингдир оилавий низосини ҳал этган, кимнингдир бахт қулфини очган. Шунинг учун бўлса керак, маҳалладагилар уни «амма она» деб чақиради. Маҳаллаларда ана шундай «амма она»лар қанча кўп бўлса, муаммоларимиз шунча камаяди.
Ҳамзабек ТУРДИЕВ,
журналист