Унга кўра, ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий, психологик қўллаб-қувватлашга, билим ва касб ўрганишга эҳтиёжи ва иштиёқи бўлган, ишсиз хотин-қизларнинг муаммоларни аниқлаш, бартараф этиш ва назоратини олиб бориш бўйича маълумотлар базаси юритиб келинмоқда. Қарорга асосан, маҳаллалардаги ишсиз хотин-қизлар бандлигини таъминлаш мақсадида фуқаролар ўзини ўзи банд қилиши учун кенг шароитлар яратилди, имтиёзли кредитлар ажратилиши учун тижорат банкларига тегишли кўрсатмалар берилди.

Аммо кредитлар ажратилишида айрим мутасаддиларнинг масъулиятсизлиги оқибатида қатор камчиликларга йўл қўйилмоқда, бунинг оқибатида эса фуқаролар томонидан турли норозиликлар билдирилмоқда.

Кармана тумани “Талқоқ” маҳалласида яшовчи фуқаро Д.Олимова “Аёллар дафтари”га рўйхатга олингач, тикув машинкаси сотиб олиш мақсадида 18 миллион 850 минг сўм миқдорида имтиёзли кредит олиш учун 2021 йил февраль ойида “Agrobank” АТБнинг Кармана филиалига мурожаат қилади. Орадан 5 ой ўтишига қарамасдан фуқаронинг кредит олиш тўғрисидаги мурожаати эътиборсиз қолдирилиб, ҳал этилмасдан келинган.

Бу ҳақда фуқаро 2021 йил 13 июль куни Кармана тумани истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига оғзаки мурожаат қилиб, амалий ёрдам беришни сўраган. Жамият мутахассислари  фуқаронинг мурожаатини ўрганиш мақсадида банк филиали мутахассислари билан учрашиб, музокаралар олиб борди, амалдаги қонунчилик талаблари бўйича тушунтиришлар берилди.

Натижада банк томонидан тикув машинкалари учун 18 миллион 850 минг сўм миқдорида кредит маблағи ажратилиб, таъминотчининг ҳисобрақамига кўчириб берилди – фуқаро тикув машинкаларига эга бўлди.