Ҳаво қўналғалари – ташриф буюрувчилар учун, наинки янги  манзиллар дарвозаси, балки ўзига хос меъморий жозибаси билан ҳайрат уйғотувчи масканлар сирасига киради. Мутахассисларнинг фикрича, улар айни кезда йирик иш берувчи корхоналар, катта даромадлар манбаига айланиб,  жадал ривожланаётган Янги Ўзбекистон  учун ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Бугунги кунда мамлакатимизда 11 та аэропорт мавжуд. Улар “Uzbekistan Airports” акциядорлик жамияти таркибида иш юритмоқда. 2021 йил якунлари бўйича мазкур ҳаво қўналғалари орқали 5 миллион 400 минг йўловчи ва 82 минг тонна юк ташилган, хорижий авиакомпанияларга хизмат кўрсатиш ҳажми ошган. Харажатларни мақбуллаштириш бўйича кўрилган чоралар натижасида барча аэропортларнинг молиявий кўрсаткичлари яхшиланган.

Лекин бу ўзгаришлар улар фаолияти ва хизмат кўрсатиш даражаси замонавий талабларга тўла жавоб беради, деган хулосага келишга асос бўлолмайди. Негаки, соҳада ислоҳотларни изчил давом эттириш, авиация хизматлари бозорини либераллаштириш ва рақобатни ривожлантириш борасида олдинда турган ишлар кўлами катта. Бинобарин, шу йилнинг 11 апрель куни Президентимиз ҳузуридаги тақдимотда мамлакатимиз аэропортларини 2035 йилга қадар ривожлантириш стратегияси ва 2026 йилгача амалга ошириш дастури муҳокамаси чоғида ҳам бу масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.

МОДЕРНИЗАЦИЯ, ТРАНСФОРМАЦИЯ, ИНВЕСТИЦИЯ

Модернизация янгилаш, унга замонавий тус бериш, янги талабларга мувофиқ ўзгартириш, деган маъноларни англатса, трансформация ҳам шаклан, ҳам мазмунан қайтадан қуриш ва ҳосил қилиш тушунчасини беради. Моҳиятан бир-бирига яқин бу атамаларнинг амалий натижаларини инвестицияларсиз тассавур этиш мушкул.  Ўта содда ифодалаганда, инвестиция келажакда манфаат кўришни кўзлаб, корхонани ривожлантириш учун маблағ йўллашдир.

Президентимиз 2018 йил 27 ноябрь куни имзолаган “Ўзбекистон Республикаси миллий авиациясини тубдан такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида” ги фармонда айнан ана шу жиҳатларга асослангш вазифалар қамраб олинган.

— Ушбу фармон билан Ўзбекистон миллий авиация тармоғи тубдан қайта қурилиб, хусусан, унинг негизида бири-биридан мустақил бўлган “Uzbekistan Airways” ва “Uzbekistan Airports” акционерлик жамиятлари ташкил этилди, — дейди Тошкент давлат транспорт университети доценти, аэронавигация тизимлари кафедраси мудири  Сабоҳат Шукурова.  — Бундан ташқари, авиакомпания таркибига кирувчи давлат унитар корхоналари масъулияти чекланган жамият этиб қайта тузиш, “Ўзаэронавигация” марказини Вазирлар Маҳкамасига таркибига ўтказиш, “Махсус авиацион ишлар авиакомпанияси” ДУК базасида Uzbekistan Helicopters МЧЖ фаолиятини йўлга қўйиш назарда тутилди.  Соҳани ислоҳ қилиш дастури доирасида 2020 йилнинг январь ойида давлат иштирокида янги “Humo Air” авиакомпаниясига асос солинди. Ушбу авиакомпания узоқ бўлмаган йўналишларга парвозларни амалга ошириши билан шуғулланади.

Юқорида таъкидлаб ўтилганидек, ушбу ислоҳотларнинг пировард мақсади авиация бозорини либераллаштириш ва унда рақобатни ривожлантиришдан иборат. Бу авиакомпаниялар бозорида ишлашни истовчилар учун кенг йўл очиш орқали рақобат муҳитини яратишни англатади. Қолаверса, миллий аваикомпаниянинг монополлиги, хизмат кўрсатиш даражасининг пастлиги ҳам туб ўзгаришларни тақозо этарди. 

Бугунги кунда мамлакатимиз иқтисодиётида амалга оширилаётган таркибий ўзгаришлар жараёнида авиакомпанияларни ҳам трансформация қилиниши режалаштирилган. Шу билан бирга, коронавирус пандемияси туфайли юзага келган иқтисодий мушкулликлар тармоқни янада такомиллаштиришни кун тартибига қўйди. Бунда асосий эътибор иқтисодий самарадорлик ва хизматлар сифатини оширишга қаратилмоқда.

Чунки, пандемия жаҳон авиасаноатига жуда катта зарар етказди ва бу жараён ҳала-ҳануз давом этаяпти. Шу боис карантиндан энг кўп зарар кўраётган "Uzbekistan Airways" ва "Uzbekistan Airports" акциядорлик жамиятларини қўллаб-қувватлаш мақсадида уларнинг 122 миллион доллар кредитларининг тўлов муддатлари узайтирилди, 60 миллиард сўмлик солиқ имтиёзлари тақдим этилди, Ўзбекистоннинг Инқирозга қарши кураш жамғармасидан 50 миллион доллар миқдорида айланма маблағ сифатида фоизсиз ссудалар ажратилиши назарда тутилди.

— Транспорт тизимини самарали ташкил этиш борасидаги устувор вазифалар давлатимиз раҳбарининг диққат марказида бўлиб келмоқда, — дейди Сабоҳат  Шукурова. — Хусусан, 2020 йилнинг 28 январида ўтказилган йиғилишда авиация соҳасидаги ҳолат танқидий таҳлил этилиб,  парвозлар географиясини кенгайтириш, йўловчилар ташиш бозорида транспорт хизматларининг янги турларини, маркетинг ва тариф сиёсатини жорий этиш мақсадида ахборот технологияларини модернизация қилиш, мавжуд халқаро интермодал логистика марказларидан максимал даражада фойдаланган ҳолда, Европа ва Осиё ўртасида мунтазам юк ташиш йўналишларини самарали ташкил этиш вазифалари қўйилди.

2021 йил 19 апрель куни бўлиб ўтган давлатимиз раҳбари ҳузуридаги тақдимотда эса, “Uzbekistan Airports” акциядорлик жамияти таркибидаги 11 та аэропартни  ягона бошқарув органи тасарруфида бирлаштириш, халқаро тажриба асосида, харажатларни 32 фоиздан 15 фоизга тушириш, харидларни оптималлаштириш, аэропорт хизматлари учун йиғимларни 27 фоизга, жумладан, зиёрат туризми доирасида 50 фоизгача камайтириш юзасидан тавсиялар берилди.

ОЧИҚ ОСМОН ОСТИДАГИ АЭРОПОРТЛАР

Тўғриси, “Uzbekistan Airports” АЖ барча аэропортларнинг ягона ижро этувчи органига айлантирилганида, айрим мутахассис ва экспертлар “очиқ осмон” режимида иш юритишга ўтган аэропортларга турли хил босимлар бўлади, унинг йўриғидан чиқа олмайди, деган фикрларга борган эди. Чунки, жамият давлат тасарруфидаги ташкилот. Барча аэропортларни ривожлантириш стратегиясини амалга ошириш, уларнинг фаолиятини услубий бошқариш ва инфратузилмасини тараққий эттиришга доир лойиҳаларини амалга ошириш учун инвестицияларни жалб этиш, янги технологияларни жорий этиш ягона ижро органининг зиммасидаги вазифа ҳисобланади.

Кейинги пайтда соҳада амалга оширилаётган янгиланишлар ва аэропортлар учун  кўзда тутилаётган имтиёзлар  “Uzbekistan Airports”га бўлган олдинги қарашларни ўзгартириб бормоқда. Хусусан, жамият ва унинг таркибидаги халқаро аэропортлар учун 2021 йил 1 майдан 3 йил муддатга юридик шахслардан олинадиган ер солиғи ва мол-мулк солиғининг белгиланган ставкаси 50 фоизгача камайтирилди. Аэропортлар ўз эҳтиёжлари учун махсус технологик ускуналар, транспорт ва ахборот-коммуникация маҳсулотларини импорт қилиш, фуқаро авиацияси объектларида иш тажрибасига эга бўлган маҳаллий ва хорижий лойиҳа ташкилотлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича тўғридан-тўғри шартномалар тузиш ҳуқуқи берилди.  

Маълумки, “Халқаро фуқаролик авиацияси тўғрисидаги конвенция”га асосан,  бир мамлакат авиакомпаниясига бошқа давлатнинг ҳаво кенглигига кириш, унинг ҳудудига қўниш ва аэропортлардаги хизматлардан фойдаланиш мумкин. “Очиқ осмон” режими, деб аталувчи бу тамоилда авиакомпанияларнинг нарх сиёсатига аралашмаслик, самолётлар, уларнинг қуввати, турларига алоқадор чекловларнинг мавжуд эмаслиги каби устунликлар ҳам назарда тутилган..

Кейинги йилларда мамлакатимиздаги  барча халқаро аэропортлар “бешинчи ҳаво эркинлиги” режимида ишлаяпти. Мазкур тамоил — хорижий авиакомпанияларга ўз мамлакатида бошланадиган ёки тугайдиган учиш асносида икки хорижий давлат ўртасида парвоз қилиш ҳуқуқини берса, “еттинчи ҳаво эркинлиги”  чет эллик авиакорхоналарга юк ташиш имконини тақдим этади.

Жаҳон тажрибасига кўра, “очиқ осмон” қоидасининг қўлланилиши йўловчи ташувларини ўртача 35 фоизга оширгани ҳолда, авиачипталар нархини 20 фоиздан 40 фоизгача пасайтириш, минглаб иш ўринларини яратиш имконини беради.

ЯНГИЧА ИШЛАШ САМАРАЛАРИ

Табиийки, жаҳон тажрибасига таяниб ишлашда ҳар бир корхона ўз имконият ва мақсадларидан келиб чиққан ҳолда ёндашади. Лекин ҳар қандай компания учун мақбул бўлган шундай умумий жиҳат бор. Йўловчилар оқими кўпайган, айниқса, энг тиғиз соатларда барча хизматлар фаолиятини мақбуллаштириш, бунда асосий эътиборни сарфланадиган вақтни қисартиришга, иш сифатини оширишга қаратиш мақсадга мувофиқ ҳисобланади.

Бу мақсадга эришиш учун “Uzbekistan Airports” АЖ хендлинг компаниясини ташкил этди. Жамият таркибида “Uzbekistan Airports Нandling”  МЧЖ шўъба корхонаси тузилиб, йўловчиларга рўйхатдан ўтиш ва уларни самолётгача кузатиш, юкларни етказиш, ҳаво лайнерига хизмат кўрсатиш, озиқ-овқатлар билан таъминлашдан тортиб, аэровокзалдаги тиббиёт пункти, она ва бола, маълумотнома хоналарини ишини бошқаришга доир барча хизматлар унинг зиммасига юкланди.

Бундан ташқари, илгари авиакомпаниялар жамиятдан хизмат кўрсатиш мажмуини тўла сотиб олишган бўлса, эндиликда уларнинг ўзи зарур сервислар тўпламини алоҳида шакллантиради, бунинг учун ортиқча харажат талаб этилмайди. Масалан, 2021 йилда мамлакатимиз аэропортларида хорижий ҳаво кемаларига кўрсатиладиган хизматлар нархи 43 фоизга қисқартирилди. Жорий йилда бу кўрсаткични яна 17 фоизга камайтириш мўлжалланмоқда.

Жамият раисининг қайд этишича, айни кунда юртимиз аэропортлари 60 дан ортиқ чет эл компаниялари билан ҳамкорлик қилмоқда. Бу 2019 йилга нисбатан улар сони 20 тага ошганини кўрсатади. Агар уч йил олдин 50,8 минг тонна юк ташилган бўлса, ўтган йили бу миқдор 82 минг тоннага етди.

Келгуси режалар янада салмоқли. Жорий йилда 26,8 минг парвозни қабул қилиш орқали 6,7 миллион йўловчига хизмат кўрсатишни таъминлаш мўлжалланган бўлса, 2026 йилга бориб бу кўрсаткични 9, 6 миллион нафарга етказиш кўзланяпти.

ОСМОН ТОҚИГА МОНАНД МАСКАН

Самарқанд осмонидаги юлдузлар тунда янада ёрқироқ нур таратади. Ҳазрат Навоийнинг ёзишича, жаҳон ичра яна бир осмон бўлган, Бобирнинг таърифича, Қуёш, Ой, сайёра ва юлдузлар ҳаракати ўрганилган Мирзо Улуғбек расадхонаси Кўҳак тепалигининг этагида жойлашган. Бу ердан кечалари кўк тоқи кафтдагидек намоён бўлади. Ўша даврлардаёқ, расадхонанинг ички деворларида осмон тасвири, юлдузлар харитаси, тоғ, денгиз, мамлакатлар белгиланган Ер шари тасвири ишланган. Шу ерда яратилган ва асрлар давомида астрономик масалаларни ҳал қилишда Шарқда ва Европада фойдаланиб келинган “Зижи Кўрагоний” асарида 1018 та юлдузнинг ақл бовар қилмас аниқликдаги жадвали тузилган...

Самарқанд аэропортига тунда самолётда келиб қўнар экансиз, хаёлингизга беихтиёр ана шу тарихий маълумотлар келади. Бунга ундовчи яна бир жиҳат ҳам бор. Янги аэропортининг меъморий биноси “Зижи Кўрагоний” китобига муқояса тарзида барпо этилган, томида эса, юлдузлар туркуми тасвири туширилган осмон кўриниши акс этган. Фазодан қараганда, айниқса, тунги осмонда бу кўриниш жуда ажойиб ва улуғвор манзара касб этади. Мутахассисларнинг таъкидлашича, бу чироқлар 50 километр олисдаги масофадан ҳам кўзга ташланиб туради.

Халқаро терминалнинг ташқи дизайни Боку ва Истанбул аэропортларига ўхшаши бежизга эмас. У Туркиянинг муҳандислик компанияси томонидан яратилган меъморий лойиҳа асосида бапо этилди.

— Янги терминал қуриш лойиҳаси “Air Maracanda” хорижий корхонаси ва жамиятимиз ўртасида имзоланган Ўзбекистон авиация тарихидаги биринчи давлат-хусусий шериклик келишуви доирасида амалга оширилди, — дейди “Uzbekistan Airports” акциядорлик жамият бошқаруви раиси Раъно Жўраева. — Ҳар биримизнинг ўз инвестиция дастуримиз бор эди. Давлат ҳамкорининг олдига — аэродромни, яъни учиш-қўниш йўлакларини қуришни, хусусий шерик эса —терминални барпо этиш ва унинг фаолиятини бошқаришни ўз зимасига олди. 

Бир кунда 70 та самолётга хизмат кўрсатиш имкониятига эга бўлганг янги терминал жорий йилнинг 1 апрелидан ўз фаолиятини бошлади. Бунинг учун инвестор томонидан 70 миллион АҚШ доллар миқдорида сармоя йўлланди. Унда 29 та рўйхатга олиш пештахтаси, 8 та чиқиш йўлаги, 4 та телескопик трап, учиб келган йўловчилар учун 15 та паспорт назорати кабинаси мавжуд.

— Аэропорт энг сўнги русумлдаги технологиялар билан таъминланган, — дейди “Самарқанд” халқаро аэропорти бош директори ўринбосари Ҳилми Йилмаз. — Бу юкларни қабул қилиш ва жўнатиш, рўйхатдан ўтиш каби хизмат кўрсатиш жараёнлари қисқа муддатда ва сифатли бажарилишини таъминлаяпти. Кутиш залида йўловчилар учун замонавий қулайликлар яратилган. Бу ердаги болалар майдончаси, ибодатхона, тамадди қилиш ва савдо нуқталари уларга туну кун хизмат кўосатади.

Янги аэропорт режалаштирилган парвозлар сонини ҳафтасига 40 тадан 120 тагача ошириш имконини беради, перроннинг модернизация қилиниши туфайли самолётлар тўхташ жойлари сони 24 тага етказилди.

“Air Marakanda” компанияси ходимлари Германиянинг “Мюнхен” ва Туркиянинг “Истанбул” халқаро аэропорти мутахассислари билан ҳамкорликда Самарқанд халқаро аэропортини йирик транспорт ва сайёҳлик марказига айлантириш устида бошланган ишларни давом эттирмоқда.

ЗАМОНАВИЙ ТАЛАБЛАРГА МОС ЛОЙИҲАЛАР

Мамлакатимиз мустақиллигининг 30 йиллиги арафасида “Тошкент” халқаро аэропортини модернизация қилиш ҳисобига учиб кетиш зали очилган эди. Бу унинг ўтказувчанлик имкониятини икки баробарга кенгайтирди. Айни пайтда йўловчиларга 12 та рўйхатга олиш зонаси, божхона ва чегара, авиация хавфсизлиги назорат пунктлари, телескопик трап, автобусларга чиқиш учун 2 та қўшимча йўлаклар хизмат кўрсатяпти. Улар бу ердаги дўконлар, кафелар ҳамда замонавий она ва бола хонасидаги қулайликлардан ҳам баҳраманд бўлишлари мумкин.

—  Бу лойиҳанинг дастлабки босқичи эди, — дейди Раъно Жўраева. —   Ҳозирги кунда аэропортдаги халқаро йўналишлар бўйича учиб кетиш залининг иккинчи навбати модернизация қилиняпти.  Унинг ишга тушиши билан йўловчиларни ўтказиш қуввати соатига 2400 нафарга етади, қўшимча замонавий хизмат кўрсатиш турлари билан бойийди. Тез орада Қарши аэропортидаги учиш залини қайта қуриш, Термиздаги қўналғани янгилаш ишлари ҳам ниҳоясига етади.

Бундай саъй-ҳаракатларни изчил давом эттириш мақсадида мамлакатимиз аэропортларини 2035 йилга қадар ривожлантириш стратегияси ишлаб чиқилган. Президентимизга тақдимотда ушбу стратегияни 2026 йилгача амалга ошириш дастури муҳокама қилинди. Бунда аэропортларни ихтисослаштириш, жумладан, Тошкент аэропортини халқаро хаб, Навоий аэропортини юк ташиш хаби, Самарқанд ва Бухоро аэропортларини туризм хабларига айлантириш кўзда тутиляпти.

Президентимизга тақдимотда Бухоро ва Урганч аэропортларини қайта қуриш лойиҳалари ҳақида ҳам сўз борди. Йўловчиларни ўтказиш қуввати соатига 1100 нафар бўлиши кутилаётган Бухоро эаропортини қуришга 136 миллион долларлик инвестиция киритилиши мўлжалланяпти. Урганчда соатига 1200 нафар йўловчига хизмат кўрсатадиган янги аэропорт 177 миллион долларлик сармоя тикишни тақозо этади. Уларнинг меъморий қиёфасида тарихий шаҳарларимизнинг ўзига хос жозибали жиҳатлари ўз ифодасини топади. Бошқарув ва хизмат кўрсатиш билан боғлиқ барча масалалар худди Самарқанд халқаро аэропортидаги каби давлат-хусусий шериклик асосида амалга оширилиши мўлжалланяпти. 

Маълумки, Фарғона водийсидаги учта — Андижон, Наманган ва Фарғона аэропортлари шаҳарлар ичида жойлашгани ва атрофи бино-иншоотлар билан зич ўралгани сабабли уларни кенгайтириш имконияти чекланган. Шу боис ушбу вилоятларнинг ўртасида 20-30 йиллик истиқболни инобатга олган ҳолда, янги халқаро аэропорт қуриш таклиф этилмоқда.

           —  Ҳозирги пайтда бизда водийдаги аэропортларни ривожлантириш бўйича иккита сценарий мавжуд, — дейди Раъно Жўраева. —   Биринчиси — Наманган, Фарғона ва Андижондаги ҳаво манзилларини тубдан қайта қуришни назарда тутади. Маълумки, бу шаҳарлар жадал ривожланиб, ҳудудлари кенгайиб боряпти. Жўғрофий жиҳат учта аэропортда ҳам самолётларнинг учиш ва қўнишини фақат бир томонлама амалга оширишни тақозо қилади. Бу эса, парвозлар сонини оширишни муракаблаштиради.

  Иккинчи сценарийга кўра, водий вилоятлари ўртасида янги аэропортни қуриш. Бу ҳудудларнинг сайёҳлик ва транспорт инфратузилмасини ривожлантиришга янги кўлам бахш этади. Унда парвозлар сонини кунига 40-45 тага етказган ҳолда, энг тиғиз пайтларда 5000 нафар йўловчига хизмат кўрсатиш мумкин бўлади.

Умуман олганда, 2026 йилга қадар аэропортларни таъмирлаш ва янгиларини қуришга 829 миллионов доллар миқдорида маблағ йўналтирилади. Унинг 287 миллионов долларини шу йилнинг ўзида ўзлаштириш назарда тутилган.

Ҳуддудий парвозлар миқёсини янада кенгайтириш ҳам кун тартибидаги долзарб масала бўлиб турибди. Сайёҳатларни ташкил этишда ҳаво транспорти энг муҳим воситалардан бири саналади. Шу йил 26 апрель куни Президент раислигида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишда сайёҳларнинг хорижий ва ички авиақатновларга бўлган талабини қондириш бўйича ҳам  қатор вазифалар белгилаб берилди. Жумладан, 1 июлдан бошлаб, “Зиёрат туризми” дастури доирасида хорижий авиакомпанияларга кўрсатиладиган хизматларга 50 фоизгача чегирмалар жорий қилинади. 1 октябрга қадар маҳаллий авиақатновларга мўлжалланган янги “Silk avia” компанияси ташкил этилади. Харажатларни камайтириш мақсадида 9 та самолёт тўлиқ эконом-классга ўтказилади.

— Олдимизда ички парвозларни нафақат “point to hub” (пойтахтдан ҳудудларга) тамоили асосида, шу билан бирга, “point to point” (ҳудудлараро) услуби бўйича амалга ошириш вазифаси турибди, — дейди Раъно Жўраева. — Ҳозирги кунда қирққа яқин йўналишни ишга тушириш учун 70 нафаргача йўловчини ташийдиган самолётларни харид қилиш устида иш олиб бориляпти. Учиш нархлари темир йўлники билан баравар бўлиши режалаштирилмоқда. Чипталар нархининг пасайиши ички сайёҳликни ривожланишига ижобий таъсир кўрсатади.

Осмон очиқ ва мусаффо бўлса, қушлар парвози сарбаланд, одамлар кайфияти кўтаринки бўлади. Олтин қанот қушларнинг эркин учиши учун қулай шарт-шароит, замонавий инфратузилма зарур. Хориж ёки қадрдон юртдаги шаҳар сафарини ният қилган йўловчилар мўътадил нархда сифатли хизмат кўрсатилишидан манфаатор.  Уларнинг барчаси мужассам бўлган авиқўналғаларга ҳаво кемалари ҳам, йўловчию сайёҳлар ҳам ошиқаверади. Бу наинки аэропортларнинг иқтисодий салоҳиятини, айни кезда юртимиз халқаро нуфузи ва имижининг ошишига ҳам хизмат қилади.

Абдурауф ҚОРЖОВОВ,

иқтисодий шарҳловчи