Мамлакатимизда хотин-қизларни илмий фаолиятга кенг жалб этиш, уларнинг дастурий ишланмалари, инновацион ғояларини қўллаб-қувватлаш масаласига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилмоқда. Опа-сингилларимизнинг илм олиши, уларни касб-ҳунарга ўқитиш ҳамда бандлигини таъминлаш, тадбиркорликка кенг жалб этиш устувор йўналишлардан бирига айланди.
Яқин-яқингача жамиятимизда “ўқиган қиз шаҳар олиб берармиди, қизлар ўқишни эмас, турмушга чиқишни ўйлаши керак” мазмунидаги янглиш фикрлар тез-тез учраб турарди. Бугун бу қарашлар эскирди. Жамиятимизнинг сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий қиёфаси ўзгариб, ҳаётимизда янгича муносабатлар юзага келяпти, одамларимизда хотин-қизларнинг таълим олиши борасида янги қадриятлар шаклланди.
Биз янги Ўзбекистонда Учинчи Ренессанс пойдеворини бунёд этиш сари дадил қадамлар қўйяпмиз. Янги Уйғониш даври, аввало, илм-фан тараққиётига, миллий маънавият мустаҳкамлигига боғлиқ. Бу ўткир ҳақиқатни чуқур ҳис қилган ҳолда хотин-қизларнинг таълими олиши ва илм-фан билан шуғулланиши учун давлатимиз томонидан кафолатлар ҳамда имтиёзлар пакети жорий этилгани, янги имкониятлар яратиб берилаётганига тўхталиш лозим бўлади.
Президентимизнинг 2022 йил 7 мартдаги “Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан 2022–2026 йилларда хотин-қизларнинг мамлакат иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётининг барча жабҳаларида фаоллигини ошириш бўйича миллий дастур ҳамда бу дастурни 2022-2023 йилларда амалга оширишга қаратилган комплекс чора-тадбирлар режаси тасдиқланганди.
Мазкур ҳужжатлар тўплами билан хотин-қизлар таълими, илмий ва инновацион фаолият билан шуғулланиши учун қатор янгиликлар жорий этилди.
Ўқиш ва уқишнинг эрта-кечи йўқ
Буюк давлат арбоби Индира Гандининг бундай гапи бор: “Битта қиз болани ўқитсангиз, бутун оилани ўқитган бўласиз”. Бу сўзлар бежиз айтилмаган. Бунинг замирида ҳаётий ҳақиқат борлигини, албатта, ҳаммамиз яхши биламиз.
Қизларнинг илмли бўлишини рағбатлантириш узоқни кўзлаб босилган муҳим қадамдир. Бугунги талаба қиз эртанги кунда ўз соҳасининг етук мутахассиси бўлиши билан бирга, илмли, интеллектуал салоҳиятли, кенг дунёқарашга эга фарзандни тарбиялайдиган она ҳам бўлади. Маърифатли аёл ўз соҳасида ҳам, оилада ҳам келажакка дахлдор тўғри қарор қабул қилинишига муносиб ҳисса қўшади.
Ҳозирги кунда юртимиз олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган талабалар сони 1 миллиондан ошиб, шундан хотин-қизлар улуши 47,8 фоизни ташкил этгани ва йилдан йилга ўсиб бораётгани қувонарли. 2022/2023 ўқув йилида олий таълим муассасаларига қабул қилинган жами талабаларнинг 49,3 фоизини хотин-қизлар ташкил этди. Бу кўрсаткич 2017 йилда 37,9 фоиз, 2018 йилда эса 39,6 фоиз бўлган.
Шу ўринда савол туғилади. Бугун талаба қизлар орасида қайси соҳага қизиқиш кучли? Яқин келажакда қай бир соҳада тажрибали опа-сингилларимиз улуши нисбатан кўпроқ бўлишини айрим рақамларга қараб тахмин қилсак бўлади. 2021/2022 ўқув йилида талаба қизлар улуши гуманитар соҳада 64,3 фоиз, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий таъминотда 47,9 фоиз, хизмат кўрсатиш соҳасида 34,2 фоиз, ижтимоий, иқтисодий ва ҳуқуқий соҳада 15,9 фоиз, қишлоқ ва сув хўжалигида 13 фоиз ҳамда ишлаб чиқариш-техника соҳасида 8,8 фоизга етган.
Ҳаёт турли синовлардан иборат. Опа-сингилларимизнинг ҳаммаси ҳам ўз вақтида олий маълумотли бўлмаслиги ёки ўзи истаган таълим муассасасига ўқишга кира олмаслиги мумкин. Тақдир тақозоси билан олий маълумотга эга бўлмаса-да, ўзи қизиққан соҳада мувафаққиятли фаолият юритаётган хотин-қизларимиз кўпчиликни ташкил қилади.
Бир вақтлар олий маълумотли эканини тасдиқловчи ҳужжати бўлмагани сабабли тажрибали, билим ва малакали аёл ходимларни ишдан четлаштириш ҳолатлари тез-тез кузатиларди. Энди бу муаммонинг ечими топилган. Мутахассислиги бўйича камида беш йил меҳнат стажига эга, бироқ олий маълумоти бўлмаган опа-сингилларимиз Оила ва хотин-қизлар қўмитасининг тавсияномасига асосан давлат олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига умумий қабул параметрларидан ташқари алоҳида тест синовлари натижаларига кўра, тўлов контракт асосида ўқишга қабул қилинмоқда. 2022/2023 ўқув йилида бу имкониятдан 500 дан зиёд хотин-қиз фойдаланди.
Янги Ўзбекистон хотин-қизлари ҳам илмда, ҳам жамиятда етакчи
Ҳар йили мамлакатимизда 11 февраль куни илм-фан соҳасида хотин-қизларнинг ўрни ва аҳамиятига бағишланган учрашувлар, давра суҳбатлари, тадбирлар ўтказилиши замирида рамзий маъно бор. Юртимизда илмий фаолият билан шуғулланувчи хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб қувватлаш, илмий йўналишлар бўйича илмий мактаблар яратишга қаратилган комплекс чоралар кўрилди, бу борадаги миллий қонунчилик замон талаблари асосида такомиллаштирилди. Хусусан, 2019 йилда “Илм-фан ва илмий фаолият тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши олий ўқув юрти таҳсилидан кейинги таълим тизимини такомиллаштиришда муҳим ҳуқуқий асос сифатида хизмат қилмоқда.
Илмий кадрлар тайёрлаш тизимини ривожлантириш борасида қабул қилинган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар мамлакатимиз тараққиётини таъминлашда, хусусан, хотин-қизларни илм-фан соҳасига янада кенг жалб этишда улкан омил бўлмоқда.
Натижада бугунги кунда Фанлар академияси тизимида ишлаётган 4760 хизматчининг 40 фозини, яъни 1905 нафарини хотин-қизлар ташкил этмоқда. Юртимизда илмий изланишлар билан машғул 2146 тадқиқотчидан 695 нафари ҳам аёллардир.
Ҳозирги вақтда Ўзбекистон хотин-қизларининг 7 нафари академик, 271 нафари фан доктори (DSc), 1411 нафари фалсафа доктори (PhD) илмий даражаси соҳиби ҳисобланади. Ўзбек олималари кимё, биотехнология, қишлоқ хўжалиги каби соҳаларда, айниқса, фаол изланмоқда. Таълим, соғлиқни сақлаш, ижтимоий ва гуманитар соҳалар ривожида хотин-қизларимизнинг иштироки салмоқли ўрин тутади.
Иқтидорли ва истеъдодли хотин-қизлар, аёллар ва ёш олималарнинг инновацион фаолияти натижалари ва ташаббусларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, илмий изланишлари учун зарур шарт-шароитларни яратиб бериш ҳамда салоҳиятли ёшларни илм-фанга кенг жалб этиш мақсадида “Бўлажак олим” танлови доирасида “Аёллар бизнеси учун биринчи қадам” танлови ўтказилди.
Маълумотларга кўра, 2022 йилда мазкур танловни ташкил этиш учун Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан 10 миллиард сўм ажратилди. Эълон натижаларига кўра, хотин-қизларнинг 168 та стартап лойиҳа бўйича таклифлари қабул қилинди ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 19 апрелдаги қарорига мувофиқ техник экспертиза ўтказилиб, 23 та лойиҳа кейинги босқичга йўналтирилди.
Ташаббускор амалий ва инновацион лойиҳалар танловига 2022 йилда жами 784 олима аёл томонидан илмий лойиҳалар келиб тушган, 196 та лойиҳа молиялаштиришга тавсия этилган.
Хулоса қилиб айтганда, мамлакатимизда илмли, билимли аёлларимиз қанча кўп бўлса, қанчалик уларни қўллаб-қувватласак, илм-фанимиз шунчалик ривожланиб бориши муқаррар.
Гулшана ХУДОЁРОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик
палатаси депутати