Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълум қилди.

Қайд этилишича, ҳаво ҳароратининг кўтарилиши натижасида бинолар томларида тўпланган қор, муз ва сумалакларнинг тушиши ҳолатлари кузатилиши мумкин. Шу боис фуқароларга, айниқса болалар билан ҳаракатланишда, эҳтиёткорлик чораларига қатъий амал қилиш тавсия этилмоқда.

ФВВга кўра, бинодан чиқиш ёки кўча-кўйда ҳаракатланиш вақтида томларда қор ва муз тўпланган жойлардан узоқроқ юриш, хавфли ҳудудларни четлаб ўтиш лозим. Болаларнинг бундай жойларда бўлишига йўл қўймаслик алоҳида таъкидланмоқда.

Шунингдек, томи баланд бинолар яқинида огоҳлантирувчи белгилар ва тўсиқлар ўрнатилган бўлса, улардан ўтишга уриниш мумкин эмас. Қулоқчин тақиб юриш ҳам хавфли экани, чунки томдан тушаётган қор ёки муз овозини эшитмаслик мумкинлиги қайд этилди.

Мутахассислар пиёдаларга юқори қаватлар томонидан шубҳали шовқин эшитилган тақдирда тўхтаб қолмаслик, имкони борича бинога яқинлашиб, девор ёнига суянишни тавсия қилмоқда. Бу ҳолатда очиқ жойда қолиш ҳаёт учун хавфли бўлиши мумкин.

Автотранспорт воситаларини ҳам томи баланд бинолар ёки устида қор ва муз тўпланган иншоотлар яқинига қўймаслик лозим. Агар томдан тушган қор ёки муз сабаб инсон жароҳат олса, зудлик билан тез тиббий ёрдам чақириш зарур.

ФВВ фуқароларни бинолар яқинида ҳаракатланишда эҳтиёткор бўлишга чақирмоқда.