Тошкент вилояти ҳам кўп миллатли ҳудуд ҳисобланади. Аҳолини миллий таркиби бўйича ўзбеклар 70 фоиз, қозоқлар 12 фоиз, тожиклар 5,5 фоиз, руслар 4,6 фоиз ва бошқа миллат вакиллари 7,9 фоизни ташкил этади. Шундан Юқори Чирчиқ туманида 66 минг 368, Бўстонлиқ туманида 42 минг 804, Чиноз туманида 26 минг 884 нафарга яқин қозоқ, Ангрен шаҳрида 33 минг 345, Бўстонлиқ туманида 28 минг 507, Чирчиқ шаҳрида 17 минг 668 нафар тожик, Олмалиқ шаҳрида эса 27 минг 329 нафар рус миллатига мансуб фуқаролар яшайди.

Барчага бирдек эътибор

Юқори Чирчиқ тумандаги “Гулистон” маҳалла фуқаролар йиғини ҳам кўпмиллатли Ватан ичра Ватан десак муболаға бўлмайди. Ҳозир бу ерда 12 миллатдан иборат 3 минг 200 нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Ҳудуддаги “Миллатлар дўстлиги” маданият саройи ҳам номига монанд тарзда фаолиятини ташкил этган.

– 1970 йилда бунёд этилган мазкур мажмуа ўтган йиллар давомида анча эскириб, яроқсиз ҳолга келиб қолган эди, – дейди “Миллатлар дўстлиги” маданият саройи директори Ўғилой Қурбонова. – Туман ҳокими ташаббуси ва таклифи билан маданият саройи 2019 йилда қайта реконструкция қилиниб, 2020 йилда фойдаланишга топширилган. Бу ерда ҳозир Президентимизнинг бешта муҳим ташаббуси доирасида ҳудуд болалари учун рақс, шахмат-шашка, тикувчилик, мусиқа ва китобхонлик каби тўгараклар ташкил этилган. Унда 250 нафардан ортиқ болалар қамраб олинган. Шунингдек, 400 ўринли концерт зали замонавий қиёфага келтириб таъмирланди. Эндиликда маҳалла аҳолиси турли байрам ва мусиқий тадбирларни ўтказиши учун барча шароит мавжуд. Хусусан, маҳаллада яшовчи корейс миллатига мансуб онахонларнинг Ватан, дўстлик ва шу каби жўшқин қўшиқларини тинглаган инсоннинг завқи ошади.

Шу билан бирга, қозоқ ва корейс миллий марказларининг туман бўлимлари ҳамжиҳатликда фаолият юритмоқда. Ёзги таътил пайтида карантин талаблари асосида мазкур маданият саройида иш ташкил этилган. Болалар фақат бир тўгаракда вақт ўтказиш билан чекланмайди. 

Эшонобод – чегара ҳудуддаги кўркам маскан

Эшонобод қишлоғи – Тошкент вилояти маркази Нурафшон шаҳридан 80 километр, Чиноз тумани марказидан 20 километр олисда, қўшни давлат билан чегара ҳудудда жойлашган. Бу масканни ўзига Ватан ичра кичик Ватан деб билган, бир оила фарзандларидек аҳил ва иноқликда яшаб, Ўзбекистонимиз равнақига муносиб ҳисса қўшиб келаётган ўзбек, қозоқ, қирғиз, тожик ва бошқа миллатларга мансуб юртдошларимиз юз-кўзидаги қувончнинг чеку-чегараси йўқ.

Мазкур ҳудуд “Обод қишлоқ” дастури натижасида янги қиёфага кирди. Натижада бу ерда яшаётган қарийб 3,2 минг нафар аҳолига зарур шароит яратилди. Амалга оширилган бунёдкорлик ишлари, бу ерда барпо этилган кўплаб ижтимоий соҳа объектлари, уй-жойлар барча миллат ва элат вакилларига кўрсатилаётган бирдек эътибор ва ғамхўрликнинг яна бир амалий ифодаси бўлди. Файзобод кўчасида қад ростлаган замонавий маҳалла маркази фуқаролар билан ишлаш, ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш бўйича янги тизимни самарали жорий этиш учун барча имконият яратилган. Бинода маҳалла фуқаролар йиғини раиси, унинг ўринбосар ва турли йўналишлар бўйича маслаҳатчилари, профилактика инспектори ўзаро уйғун ва самарали фаолият кўрсатиши учун барча шароит муҳайё қилинган. Шулар қаторида мўъжаз кутубхона ва мутолаа зали, тумандаги Халқ қабулхонаси, давлат хизматлари марказининг шохобчалари, 3-сектори штаби, тиббиёт пункти, банк филиали каби одамларга максимал даражада қулайлик яратишга хизмат қиладиган объектлар ташкил этилган.

Қишлоқда янги барпо этилган маданият саройида машғулотларни бошлаб юборган эшонободлик санъатсевар ёшлар меҳмонларни ўзларининг ижод намуналари билан кутиб олди. 200 ўринли мазкур маданият ва санъат ўчоғи кўпмиллатли қишлоқ ёшларининг мусиқа, рассомлик, адабиёт, театр ва санъат, компьютер технологиялари билан машғул бўлиши учун ниҳоятда катта имконият аслида.

Нонкентликлар аҳиллигининг сири нимада?

Бу каби кўп миллатли маҳаллалар вилоятда жуда кўп. Шулардан бири Пискент туманидаги “Новкент” маҳалла фуқаролар йиғини байналминал ҳудуддир. Ҳозир бу ерда 800 нафар қозоқ, бундан ташқари, ўзбек, корейс, тожик, рус ва татар миллатларига мансуб аҳоли яшайди.

– Барча миллат вакиллари аҳил бўлиб, бир-бирига қариндош бўлиб кетишган, – дейди қозоқ миллий маданият маркази туман бўлими раҳбари Эркин Умирбеков. – Ҳатто қозоқ оилалар бошқа ўзбек, рус ва татар оилалар билан қуда-андачилик ҳам қилади. Урф-одатлари бирлашиб кетган. Тўй-ҳашамлар, турли байрамларни биргаликда ўтказади. Биз Ўзбекистонда яшаётганимиздан фахрланамиз. Ҳозир Пискент туманида 5 минг нафарга яқин қозоқлар истиқомат қилади. Улар турли соҳаларда меҳнат қилиб, юртимиз фаровонлигига ўз ҳиссасини қўшмоқда.

Маҳалладагилар қозоқ миллати вакили бўлган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, Халқ маорифи аълочиси Унгар Урмановнинг хотирасини доим эъзозлайди. Бу инсон урушда бир қўлидан айрилди. Шундай бўлса ҳам у халқ таълими соҳасида фаолият кўрсатган. Ўлимидан сўнг хонадонини кексалар оромгоҳи, қозоқ миллий маданият маркази туман бўлими биноси сифатида фаолият юритиши учун қолдирди. Унинг ибратли ҳаёт йўли ҳақида кексалар ёшларга гапириб беради. Ҳозир Унгар отанинг фарзандлари мамлакатимизда яшамаса ҳам ҳар йили келиб, маҳалладошларига ёрдам кўрсатади.

Мамлакатимиз ҳудудига ХIХ аср охирларида кўчиб кела бошлаган дунганлар 2008 йили бу заминда яшаётганларига 130 йил тўлганини нишонлади. Дунганлар асосан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида, шунингдек, Фарғона вилоятининг шаҳарларида истиқомат қилади. Асли келиб чиқиши Хитойнинг Шенси вилоятидан бўлган дунганларнинг кўпчилиги Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ туманидаги "Дўстлик" маҳалла фуқаролар йиғинида яшайди. Улар Ислом динига эътиқод қилиб, хитой тилининг шенси лаҳжасида сўзлашади. Шу билан бирга ўзбек тилини ҳам яхши билади.

Ҳудудда 9 та миллат ва элатлар дўстона муҳитда яшайди. Улар орасида дунган элатига мансуб аҳоли кўпчиликни ташкил этади. Жумладан, “Дўстлик” маҳалласи деб аталгунча бу жойлар халқ орасида “Дунган” маҳалла номи билан машҳур эди.

Асли Ўрта чирчиқлик, Дунган маданият маркази раҳбари Мане Савуровнинг таъкидлашича, дунганлар ўзбекларга ўхшаб деҳқончиликни яхши эгаллаган. Йил бўйи турли мева-сабзавот маҳсулотларини етиштиради. Айниқса, шоличиликда юқори ҳосил олишда миришкор ҳисобланади. Уларнинг таомлари ўзига хос бўлиб, қизил ва яшил сабзавотлардан кўпроқ фойдаланилади. Бу ранглар бахт ва шодлик белгиси сифатида талқин қилинади.

Ушбу маҳалладаги 42-умумтаълим мактабида ҳозир 420 нафар бола ўқиётган бўлиб, уларнинг 150 нафарга яқини дунган элатига мансуб.

– Вилоят ҳокимининг тегишли қарори асосида таълим даргоҳимиз хорижий тилларга ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабига айлантирилди, – дейди 42-умумтаълим мактаби директори Мақсуда Муяссарова. – Аввалари бу ерда ўзбек-рус тилларида дарс ўтилган бўлса, эндиликда инглиз ва хитой тиллари ҳам чуқурлаштирилиб ўқитилади. Мактабни хитой тили фани ўқитувчилари билан таъминлаш Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги фавқулодда ва мухтор элчисига юклатилди. Жорий ўқув йилидан бошлаб мактабда инглиз ва хитой тилларига ихтисослаштирилган синфлар ташкил этилади. Инглиз ва хитой тилида ҳам болаларнинг билимлари оширилади. Бунинг учун малакали мутахассислар жалб этиладиган бўлди. Биз бундан жуда хурсандмиз. Айни пайтда 30дан ортиқ хитой тили бўйича таржимонлар, яъни мактабимизнинг собиқ битирувчилари Ўзбекистондаги Хитой Халқ Республикасининг қўшма корхоналарида фаолият олиб боради.

Мазкур таълим масканининг дунган ўқувчиларидан ташкил топган “Чинме” ҳаваскорлар ансамбли ижросидаги дунган халқ қўшиқлари халқимизнинг Наврўз, Мустақиллик, Конституция кунига бағишланган шодиёналар ва Хитой миллий байрамлари муносабати билан ўтказиладиган байрам тадбирларида, ой календари бўйича нишонланадиган Янги йил — Чунсзе байрамида, шунингдек, Республика байналмилал маданият маркази тадбирларида ижро этилади. Ёшлар ўз анъаналарига ҳурмат руҳида қарайди.

Умуман олганда, Тошкент вилоятида бу каби байналминал маҳаллалар жуда кўп. Унда кўплаб элатлар тинч-тотув ҳаёт кечирмоқда.

Маълумки, ҳозир дунёнинг турли минтақаларида миллатлараро ва динлараро кескинлик кучайиб, миллатчилик, диний муросасизликлар келиб чиқяпти. Бу каби салбий иллатлар жамиятнинг парчаланишига олиб келади. Ана шундай даврда Президентмиз томонидан турли миллат ва динга мансуб инсонлар ўртасида дўстлик ва ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатлари юртимизда тинчлик ва осойишталикнинг мустаҳкам кафолати бўлиб хизмат қилади.

Элбек Шойим,

журналист