2020 йил 5 июль соат 14:00 да 47 ёшли фуқаро танишининг Шаҳрихон тумани Абдубий кўчасида жойлашган яшаш хонадонида бир неча нафар синфдошлари билан базм уюштирган. Албатта, спиртли ичимлик ҳам истеъмол қилинган.
Кейин эса ушбу фуқаро маст ҳолда 50 ёшли шахс билан ўзаро гап тортишиб жанжаллашиб қолиши натижасида уни оёғи билан бўйин соҳасига бир маротаба тепган. Натижада жабрланувчи ҳушидан кетиб, ҳодиса жойида вафот этган.
Ҳолат юзасидан Шаҳрихон тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми «д» банди (жабрланувчининг ўлимига сабаб бўлган қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, деб хабар беради Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти.