Ҳар бир халқ, миллатнинг илмий салоҳияти, тафаккур юксаклиги, маънавий камолоти унинг буюк фарзандлари фаолиятида яққол намоён бўлади. Дунёда жаҳон тараққиётига сезиларли таъсир этган, тарих ғилдирагини буришга қодир бўлган салоҳиятли инсонлар кам ўтган. Аммо ўзбек халқи жаҳон илмий, иқтисодий, бадиий тафаккури, тиббиёт ривожи, ҳарбий-давлатчилик тарихи ва бошқа қатор соҳаларда муносиб ўринга эга бўлган ажойиб иқтидор соҳибларини етиштирган беназир миллатлардан биридир.
Соҳибқирон Амир Темур она халқимизнинг шаънини юксалтирган ана шундай ифтихор қилгулик фарзандларидандир. Дарҳақиқат, серқирра бу инсон шахсини, унинг фаолиятини ўрганиш йил сайин юксалаётган бўлишига қарамай, ҳали биз буюк сиймонинг улкан салоҳиятини яққол намоён этиб бера оладиган даражада ишлар қилолганимиз йўқ. Ҳали тарихчилар, тадқиқотчилар, зиёлилар Амир Темур ҳазратларининг давлатчилик соҳасидаги ислоҳотлари, дипломатик алоқалар, ҳарбий тактика, жанг санъати, қурилиш-бунёдкорлик ишлари, шунингдек, унинг оила бошлиғи, фарзандлар тарбиячиси, илм-фан аҳли ҳомийси, адолатпешалик, муомала маданияти каби ўнлаб қирраларини ўрганишларида, бу борадаги муваффақиятлар халқимиз маънавият дарахтининг қай илдизларига бориб туташишигача тадқиқ, таҳлил этишда халқимиздан анча қарздордирлар.
Ўтган асрнинг 90-йиллари эди. “Ёш куч” журналида бўлим муҳаррири вазифасида хизмат қилардим. Ўша йиллари Соҳибқирон Амир Темур шахсига қизиқиш ғоят ортган, қаламкаш дўстлар билан бирга “Амир Темур ўгитлари” китобини нашрга тайёрлаётган эдик. Бир куни журналимиз Бош муҳаррири ўринбосари устоз Хуршид Дўстмуҳаммад Соҳибқирон ҳақида XIX асрда ёзилган асар қўлларига тушиб қолганини айтиб, агар хоҳиш бўлса, биргаликда таржима қилишни таклиф этдилар.
Бу асар “Икки тўлқин” дея аталиб, рус тарихчи публицисти Владимир Череванский қаламига мансуб эди. Китобнинг илк томи Чингисхонга, иккинчиси Амир Темур бобомизга бағишланган экан. Биз кўп ўтмай биргаликда асарни таржима қилиб тугатдик. У “Амир Темур” номи билан 1993 йилда китобхонлар қўлига бориб тегди.
Мана орадан 29 йил вақт ўтди. Бу йиллар эзгу орзумиз – истиқлолни мустаҳкамлаш, давлатимизнинг ҳуқуқий асосларини яратиш, кўплаб бобокалонларимиз, жумладан, Амир Темур шахсига нисбатан адолатни тиклаш йиллари бўлди.
Журналист сифатида менга Тошкент, Самарқанд ва Шаҳрисабзда Амир Темур бобомиз ҳайкалларининг очилиш маросимларида иштирок этиш насиб этди. Мамлакатимиз раҳбари бобокалонимиз шахси ҳақида сўзлар эканлар, давлатни бошқаришда у амал қилган 12 қоидани алоҳида таъкидлайдилар. Айниқса, “Куч – адолатда” деган тамойил янги Ўзбекистон сиёсатининг ҳам моҳиятига айланди.
Тарих буюк муаллимдир. Унинг китобини очар экансиз, шонли бир тарих битилган саҳифалар тилга киради. Мана ўша тарихнинг мўъжаз саҳифаси...
771 йил (милодий 1369 йил) Рамазон ойининг ўнинчи куни. Амир Ҳусайн ўлимидан сўнг Балх шаҳри яқинида қурултой чақирилди. Соҳибқироннинг пири Мир Сайид Барака халқ олдида Амир Темурни ҳукмдор деб эълон қилар экан, унга қуйидаги сўзларни айтди:
– Сиз Аллоҳнинг ердаги соясига айланганингиздан сўнг, Аллоҳнинг иродаси ва адолат қонунингиз бўлғай. Шуни доимо ёдда маҳкам тутингким, адолат ипини йўқотгудек бўлсангиз, уни фаолиятингизнинг асоси деб билмасангиз, Сизни тахтга етаклаб келтирган барча нарсалардан мосуво бўлгайсиз...
Соҳибқирон пири муршид Мир Сайид Бараканинг ана шу пурҳикмат сўзларини умри давомида асло унутмади... “Амир Темурнинг характерли хусусиятларидан бири – давлат, мамлакат, фуқаронинг ғамхўрлиги эди. Унинг қоидаси “рости – русти” эди. Ҳақиқат – сиҳат – саломатлик, ҳақиқат – тартиб, ҳақиқат – адолат демакдир”, деган эди можор тарихчиси Г.Вамбери.
Бир куни Соҳибқиронга бир ривоят сўзлаб бердилар. Бу ривоятдан Темурбек ўз хулосасини ясади. “Бундан буён мен уйқудан тургандан то хобгоҳга киргунимга қадар икки назоратчи тайинлансин. Улар менинг кун давомида бажарган ишларимни кузатиб борсинлар ва кун якунида ўтган муддатда қандай хатоликларга йўл қўйганимни баён қилиб борсинлар”, деди у.
Бу назоратчилар ҳам тасодифий одамлар эмасди. Уларнинг ҳар бири халқ орасида обрў-эътибор топган холис инсонлар эдилар. Назоратчиларнинг бири Маҳмуд Шаҳоб, иккинчиси Носириддин ал Арамир бўлган.
Тарихчи В.Череванский китобида Маҳмуд Шаҳобнинг назоратчи қилиб тайинланиш жараёнини ҳам келтиради. Маълум бўлишича, у илгари баҳодир йигит бўлган. Ёши ўтиб қолганига қарамай ғоят бардам ва серғайрат эди. У яшайдиган маҳаллада халқ бирор низоли масала чиқиб қолса, қозининг эмас, баҳодирнинг олдига келиб, муаммони унинг ёрдамида ҳал қилади. Унинг холислиги ва донишмандлиги ҳақидаги гаплар Амир Темур қулоғигача етиб келди.
Эл ишончини қозонган бу инсонни кўриш ниятида Соҳибқирон Маҳмуд Шаҳобни қошига бошлаб келишни буюрди.
Мана, саройга тўпиғигача оқ яктак кийган, узун оқ соқолли, барваста чол қадам қўйди. У айримлар сингари қуллуқнамо ҳаракатлардан буткул холи эди. Асосини дўқиллатиб Амир Темур қаршисига юзланар экан, Соҳибқирон унга савол берди:
– Адолатли жазо бериш учун нима қилмоқ керак?
– Сизнинг қозиларнингизнинг тарозуси икки паллаликдур. Адолат тарозуси эса уч паллага эга, – дея жавобга тутинди Маҳмуд Шаҳоб. – Сизнинг қозиларингиз жиноят ва жазони ўлчайдилар. Сиз улар тарозусига учинчи паллани қўшиб, аввал жиноятчини, кейин жиноятни ва ниҳоят жазони чамалаб ўлчашни буюринг. Шунда Сизнинг ҳукмингиз адолатли бўлади.
Донишманднинг жавобидан қаноат ҳосил қилган Амир Темур уни ўзига назоратчи қилиб тайинлади, сарой ва барча махфий кенгашлар эшиги унинг учун очиқ бўлишини айтди.
Бу бизга боболаримизнинг сабоғидир. Амир Темур бизга буюк қадриятларни мерос қолдирган. “Миллат дардларига дармон бўлмоқ” даъвати ҳар биримизнинг умримизга битмас мазмун ато этадиган улкан вазифадир.
Буюк соҳибқирон фаолиятининг яна бир жиҳати бунёдкорлик, фаровонлик яратиш юмушидир. Унинг фаолиятига муносабат билдирган тарихчилардан бири Шарафиддин Али Яздий “Зафарнома”да Соҳибқироннинг майли иморат била дея таъкидлар экан, “...андин кўп иморатлар ва масжиду хонақоҳ ва работу кўфрук ва ғайриҳу оламда бисёр қолиб турур”, деб ёзади
“Зафарнома” хотимасида ҳам Амир Темур “биздан ёдгор қолғай, дея яхши ниятлар билан бунёд этган буқъаи хайр бинолари ҳақида хабар беради.
Хоразмдаги Қўҳна Урганчда ҳозир Тошқалъа яқинида Пештоқ саланиб қолган. Уни рус олимлари карвонсарой қолдиғи деб тавсифлашган.Аслида у Арк – Оққалъа ёнида қурилган Оқсаройдир.
Шомий “Зафарномада “Хоразмда Амир Соҳибқирон ўз хоссаи шарифлари учун катта иморат тиклашни буюрди. Уни тезда қуриб битказдилар”, (1404) деб ёзади.
Бу иморат қурилиши ҳақида Муҳаммад Солиҳ “Шайбонийнома”да ҳам
Қўнди Арк оллида Темур Султон,
Ҳам ўшул турки бўлди фармон,
деса, шу бинога кейинроқ Муҳаммад Шайбонийнинг жияни, Бухоронинг бўлажак хони, Қул Убайдий тахаллуси билан шеърлар ёзган Шаҳзода Убайди келганини таърифлаб:
Келди шаҳзода Убайди хуш рой,
Айлади манзилин Оқсарой,
деб ёзган.
Биринчи манбалар ҳисобланган “Зафарнома”ларни ҳижжалаб ўқисак, Амир Темур биргина Хоразмда эмас, Самарқандда, сўнг эса Шаҳрисабзда кўшк – Оқсаройлар бунёд этганини англаймиз.
Бу ҳали бобокалонимиз фаолиятини тадқиқ этишда қиладиган ишларимиз кўплигидан далолатдир.
Буюк соҳибқирон ибрати бизга она юртга, она халқимизга адолат асосида садоқат билан хизмат қилиш, Президентимиз Шавкат Мирзиёев атрофида жипслашиб, Учинчи Ренесанс пойдевори асосида авлодлар учун Янги Ўзбекистонни бунёд этиш йўлида битмас куч-ғайрат бахш этади.
ОҚСАРОЙ
Бир калом битдирмиш чўнг Оқсаройга
Мозийда Темурбек Шаҳрисабзда:
“Боқинг биномизга – сўнгсиз чиройга,
Гар шубҳа қилсангиз қудратимизга”.
Гарчанд замон хайли бу лавҳ битилган
Оқсарой пештоқин этса-да замин,
Ҳамон мағрур турар бошсиз гавдадай,
Тириклар қатори тик тутиб қаддин.
Мен ундан ҳайратлар сўраб боргайман,
Қошида ғурурдан тиниқар ақлим.
Ва лекин қудратдан кўпроқ рангларда
Мунис юрагингни кўраман, халқим!..
Амирқул КАРИМОВ,
Халқаро “Олтин мерос” хайрия жамоат фонди раиси