Сабаби, саккиз ёшида онасидан айрилган, ота эса ичкиликка рўжў қўйган, фарзандлари келажаги билан иши йўқ. Оилавий муҳит бундай бўлишига қарамай, Нурбек олий ўқув юрти имтиҳонларига тайёрланди, тинмай ўз устида ишлади. Натижада Бердақ номидаги Нукус давлат университетига ўқишга кирди. Аммо бир муаммо бор эди: ичкиликдан бошқа дарди бўлмаган ота ўғлининг ўқиши учун шартнома пулини топиб берармиди?!
Ана шу ўринда маҳалла органи ўз вазифасини бажаришга киришди. Президентимизнинг 2022 йил 20 январда қабул қилинган “Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг 5-бандида ҳар бир маҳаллада “Бир нуронийга ўн нафар ёш”, “Кекса авлод учрашувлари” лойиҳаларини амалга ошириш белгиланган эди.
Талабанинг шартнома пули кейинги йил ҳам тўланади
Шу асосда маҳалладаги ўн нафар ҳар томонлама кўмакка муҳтож ёш туманнинг энг илғор кишиларидан бири — Дилбар Ортиқовага бириктирилди. Шу кундан бошлаб, ёшлар назоратга олинди, улар билан суҳбатлашилди, ёрдам бериш йўллари изланди. Нурбекнинг университетга кирганию, шартнома пулини тўлолмай, ўқиш фикридан воз кечаётган Дилбар опани ташвишга солди. У маҳалла фаоллари билан ёш йигитни қўллаб-қувватлашга келишиб олди. Ниҳоят, талабанинг шартнома пули ҳомийлар кўмаги асосида тўланди. Нурбек ўқийдиган бўлди. Муҳими, у ташлаб қўйилмайди, кейинги йиллардаги шартнома пули ҳам тўланиб борилиши белгиланди. Бундан ташқари, унинг оиласига 2 минг метр ер ажратилди, мунтазам равишда уйига озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилмоқда...
“Мингбоғолон” МФЙ раисининг кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича маслаҳатчи Дилабр Ортиқова 40 йиллик стажга эга педагог. Ўн саккиз йил тумандаги 20-мактабга раҳбарлик қилган. Хоразм вилояти “Оқила аёллар” уюшмаси аъзоси, халқ таълими аълочиси, 1994 йилдан бери Халқ депутатлари Янгибозор тумани кенгаши депутати. Демак, у ўз маҳалласи, ўз туманидаги оилаларнинг яшаш тарзи ва муаммою ютуқлари анчагина хабари бор. Яқинда ўтказилган “Бир нуроний ўн нафарг ёшга масъул” танловнинг вилоят босқичида қатнашиб, фахрли биринчи ўринни эгаллади. Айни пайтда танловнинг республика босқичига тайёргарлик кўрмоқда.
Хивалик келиннинг тақдири
Қодирова Шаҳрибону не-не орзу-умидлар билан Хива туманидан катта оилага келин бўлиб тушди. Оилавий муносабатларда ҳаммаси жойида бўлишига қарамай турмушдаги етишмовчилик уларнинг бахтига соя соларди. У ишлашга, рўзғор аравасини тенг тортишга қарор қилди. Аммо қўлида на дипломи, на ҳунари бўлган келинчак қаерга боришни, кимдан ёрдам сўрашни билмай боши қотганди...
— Шаҳрибону яшайдиган оилани яхши билардим, улар мурожаат билан чиқишмаса-да, оилага ижтимоий ёрдам кўрсатиларди, — дейди Дилабр Ортиқова. — Рўзғор бошлиғи бўлмиш қайнота вафот этган, оилада кўп жон яшашига қарамай, кўпчилиги ишсиз эди. Шаҳрибону менга бириктирилгач, у билан жуда кўп суҳбатлашдим, орзу ва мақсадлари билан ўртоқлашдим. Унинг интилиши ва қизиқишларига қараб туриб, ёрдам бериш йўлларини қидира бошладим. Олдинига унга 2 минг метр ер ажратилди. Келинчак у ерга экин экиб, ўзини ўзи банд қилди. Кейин эса имтиёзли кредит асосида 50 та жўжа олиб берилди. Шаҳрибонунинг айтишича, паррандачилик жуда баракали йўналиш экан. Тилини топса, анча фойда кўриш мумкин. Қувонарлиси, бу оилага яқинда иссиқхона ҳам қуриб берилди. Энди нафақат Шаҳрибону, балки хонадондаги бошқа ишга лаёқатли аъзолар ҳам экин ва паррандачилик билан шуғулланиб, рўзғорга ўз фойдасини қўша олади. Муҳими, қалбида ҳадик, лекин кўзида умид билан бизга юзланган келинчакка амалий ёрдамлар ўз натижасини берди. Унинг ортидан бутун рўзғорнинг араваси олдга юра бошлади.
“Кўзидаги мунг мени тинч қўймасди...”
Шаҳзода иккинчи фарзандини дунёга келтирганига кўп бўлмасдан уларнинг бошига ташвиш тушди: турмуш ўртоғига саратон ташхиси қўйилиб, касаллик билан биргаликда кураша бошлашди. Афсуски, жуда кеч аниқланган дард оила боқувчисини, умр йўлдошни, гулдек гўдакларнинг отасини бу ёруғ оламдан олиб кетди. Шаҳзода бир зум ўзини йўқотиб қўйди, бу синов ва дард унинг кўзларига мунг бўлиб ўрнашди.
— Уни кўча-кўйда ҳар кўрганимда кўзига маюсликни ҳис қилиб, унга қандай ёрдам бериш мумкинлигини ўйлардим, — дейди Д.Ортиқова. — Тўғри, кам таъминланган ва боқувчисини йўқотган оила сифатида маҳалла доим ҳолидан хабар олиб турарди. Ҳар байрамда болалари ва ўзи учун ҳадялар, кўнгилочар тадбирларга бепул чипталар берилар эди. Лекин бева аёлнинг кўзларидаги мунг менга тинчлик бермасди. Унинг ўзи ишламоқчилигини айтгач, аввалига, ҳомийлар кўмаги билан сигир-бузоқ берилди. Айни пайтда у ўзини анча тиклаб олган. Уйидан чиқмасдан туриб, чорвачиликни даромад манбаига айлантирмоқда. Охирги пайтларда кўзида мунг анча ариган, муждаларида келажакка бўлган ишонч, умид учқунларини кўргандай бўламан.
Дилбар Ортиқованинг айтишича, унга бириктирилган ёшлар ўз йўлини топиб кетса, ҳаётга қувонч ва ишонч билан қарай бошласа, улар ўз олдиларига қўйган вазифани бажарган бўлишади.
Соҳиба Муллаева