Миллатлараро муносабатлар мамлакатимизни демократлаштириш, модернизация қилиш ва ислоҳотларни амалга оширишда, барқарор ривожланишда муҳим ўрин тутади. Шунинг учун ҳам бу масала доимий диққат эътиборда.
Нукус шаҳридаги “Дўстлик уйи”да 41та нодавлат ва нотижорат ташкилот ҳамда 5 та миллий маданий марказ жойлашган бўлиб, миллий маданий марказлар эркин фаолият кўрсатиши учун барча шароитлар яратиб берилган. Айни пайтда Қорақалпоғистон Республикасида 2 миллион нафарга яқин ўзбек, қорақалпоқ, қозоқ, қирғиз, туркман, тожик, рус, беларус, украин, корейс, татар, озарбайжон, молдован, арман, грузин, яҳудий, немис каби турли миллат вакиллари дўстликда, ҳамжиҳатликда яшаб келмоқда. Энг муҳими, бағри кенг қорақалпоқ диёрида барча миллат вакиллари ўз тили, урф-одат ва анъаналари, тарихи ва маданиятини ўрганиши, ривожлантириши учун тенг имкониятга эга.
— Қорақалпоғистоннинг Тахиатош, Хўжайли, Шуманай, Тўрткўл, Элликқаъла, Беруний ва Амударё туманларида 100 мингдан зиёд туркман миллати вакиллари бошқа миллатлар билан қўшни, қуда-анда бўлиб яшаб келмоқда. Ҳудудда ўқиш туркман тилида олиб бориладиган 40 дан зиёд мактаб мавжуд, — дейди туркман миллий маданий маркази раҳбари Режеп Авезов. — Шунингдек, Қорақалпоғистондаги олий таълим муассасаларида туркман тили филологияси бўйича ҳам мутахассислар таёрланмоқда. Осмони мусаффо Ўзбекистонда, жумладан, Қорақалпоғистонда бундай шароитлар яратилиши миллатидан, динидан қатъи назар, барча инсонларнинг тенг ҳуқуқли эканидан дарак беради. Биз барча миллат вакиллари билан оға-ини, қариндош бўлиб кетганмиз. Ҳар бир байрам ва тантанада ўзимизнинг миллий қуй-қўшиқ ва рақсларимиз билан қатнашиб келамиз. Ўзбекистон ҳукумати миллий маданий марказлар фаолиятини ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватламоқда. Айни пайтда бизга грантлар, ижтимоий буюртма ва субсидиялар ажратилиб, турли илғор ташаббусларимиз фаол қўллаб-қувватланмоқда.
Қўшни мамлакатлар билан барча соҳаларда ижтимоий-иқтисодий ва маданий алоқаларни, ҳамжиҳатликни ривожлантириш мамлакатимиз сиёсатида катта ўрин тутади. Ўзбекистонда истиқомат қилаётган 130 дан зиёд миллат ва элатларнинг ўзаро тотувлигини расмий рўйхатдан ўтган 16 та диний конфессия вакиллари орасидаги ўзаро мустаҳкам ҳамкорликдан ҳам билса бўлади.
Қорақалпоғистондаги қозоқ миллий маданий маркази ҳам ўз фаолиятини фаол олиб бормоқда. Бу ерда қозоқ миллатига мансуб юртдошларимиз эркин меҳнат ва ижод қилишлари учун барча шароит мавжуд.
— Қорақалпоғистоннинг Мўйноқ, Қўнғирот, Тахтакўпир ва Беруний туманларида қозоқ миллати вакиллари ўзларининг миллий турмуш тарзи, урф-одат ва анъаналарини сақлаган ҳолда истиқомат қилиб келмоқда. Бугун юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар барчамизни қувонтиради, янги марраларга ундайди, — дейди қозоқ миллий маданий маркази раҳбари Жанжайхан Дарменов. — Ўзбекистон ва Қозоғистон давлатлари ўртасида халқлар дўстлиги, миллатлараро тотувлик, бирдамлик, ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш мақсадида кенг кўламли ишлар олиб бориляпти. Иқтисодий муносабатларимиз кенгайиб, маданий ҳамкорлигимиз ҳам ривожланмоқда.
Тахтакўпирнинг “Қўнғироткўл” овул фуқаролар йиғинида ташкил этилган туман маданият бўлимига қарашли “Саржайлаў” қозоқ ашула ва рақс жамоаси 40 йиллик тарихга эга бўлиб, бугунга қадар кўплаб иқтидор эгалари кашф этилган. Жамоа нафақат қозоқ, балки ўзбек ва қорақалпоқ қўшиқларини ҳам дунёга ёйиб келмоқда. Бу ҳам юртимизда барча миллат ва элатлар бирлигидан нишонадир.
1937 йилнинг кузида Қорақалпоғистонга 1383 та оила кўчириб келтирилган. Улар корейс миллатига мансуб оилалар бўлиб, балиқчилик хўжаликлари ташкил этишда иштирок этади. Бу корейслар ўша пайтда Мўйноқ, Қўнғирот, Хўжайли туманларида қатор жамоа хўжаликлари ва артелларга асос солишади.
— Ота-боболаримизнинг фидокорона меҳнати туфайли Қорақалпоғистонда катта миқдорда шоли етиштирила бошланди. Бугун республика аҳолиси шолининг корейс селекционерлари яратган “Авангард” ва “Нукус-2” навларини севиб истеъмол қилишади, афзал кўришади, — дейди корейс миллий маданий маркази раҳбари Марина Когай. — Ҳозир Қорақалпоғистонда 6 минг нафардан зиёд корейс миллатига мансуб аҳоли бўлиб, уларнинг аксарияти Нукус шаҳри, Хўжайли ва Қўнғирот туманларида истиқомат қилади. Корейслар ҳам бошқа халқлар ва миллатлар қатори фидокорона меҳнат қилиб, халқ хўжалиги ва мамлакатимиз иқтисодиётини юксалтиришга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Улар орасида ўзларининг меҳнатлари билан танилган шифокорлар, агрономлар, иқтисодчилар, спортчилар, мусиқачилар, ўқитувчилар бор.
Корейс марказида ташкил этилган тил тўгаракларида мактаб ўқувчилари ва олий ўқув юрти талабаларига корейс, ўзбек, рус ва инглиз тиллари ўргатилади. Бу ерда ёшлар ва корейс оёқ ўйинлар тўгараги ҳам фаолият кўрсатиб келмоқда.
Юртимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар марказида, аввало, инсон манфаати, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш туради. Фуқаролар манфаатини фақат миллатлараро тинчлик ва осойишталик, ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик муҳитини яратиш орқалигина таъминлаш мумкин.
Улуғ аллома Абдулла Авлоний бағрикенглик бўлмаса, қандай оқибатлар келиб чиқиши ҳақида гапирар экан, жумладан, шундай дейди: “Қайси бир миллатнинг орасида бирлик кўтарилуб, нифоқ ва адоват ҳукм сурган бўлса, ул қавмнинг инқироз дунёсига юзланганлиги тарих саҳифаларидан маълумдир”.
Юртимизни турли миллатлар жам бўлган катта бир оилага қиёс қилсак, бу ерда миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик борасида амалга оширилаётган ишлар ва қўлга киритилаётган ютуқлар ҳар биримиз учун фахрланса арзигулик жараёндир.
Минажатдин ҚУТЛИМУРАТОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири.