Тошкент шаҳридаги Инҳа Университети талабалари томонидан COVID-19 Challenge 2020 танлови доирасида ғолиб деб топилган «Бирдамлик» номли лойиҳани тақдим этишди.

Ихтирочиларнинг сўзларига кўра, мазкур лойиҳа кўнгиллилар ҳаракатини мувофиқлаштиришга, кўнгиллилар ва ёрдамга муҳтож фуқаролар орасида самарали мулоқот олиб боришга ҳамда уларга мақсадли ёрдам кўрсатишга замин яратиб беради.

Бунинг учун лойиҳанинг birdamlik.uz сайтида рўйхатдан ўтиб, мувофиқлаштирувчи шахс томонидан белгиланган вазифани, яъни муҳтожларга ёрдам беришни бажариш лозим. Ўз ҳиссаларини қўшмоқчи бўлган ҳомийлар ҳам сайтда рўйхатдан ўтади.

Бундан ташқари, сайтда статистика ҳам мавжуд, ва унда топширган аризаларнинг сони, жалб қилинган кўнгиллиларнинг ва улардан ташкил қилинган гуруҳларнинг сони акс эттирилган.

Айтиб ўтиш жоизки, мазкур лойиҳа яқинда ишга тушганлиги қарамасдан ўз самарасини намоён этмоқда. Ҳозирги кунда (2020 йил 6 август ҳолатига кўра) лойиҳа доирасида 6 та ариза келиб тушган, 43 нафар кўнгиллилар рўйхатдан ўтган ва улардан 5 та гуруҳ ташкил қилинган.