Мазкур ҳолат юзасидан Энергетика вазирлиги расмий маълумот бериб, вазиятни ўнглаш ва жамоат транспорти ҳаракатини тиклаш бўйича кўрилаётган тезкор чораларни маълум қилди. Унга кўра, Фарғона, Сирдарё, Сурхондарё ҳамда Тошкент вилоятида йўловчи ташиш билан шуғулланувчи корхоналарнинг автобусларини табиий газ билан таъминлаш устувор вазифа этиб белгиланди.
Юзага келган вазиятни бартараф этиш мақсадида Автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчаларида (АГТКШ) махсус тизим жорий этилди. Эндиликда жамоат транспорти воситалари шохобчаларда биринчи навбатда ва навбатсиз газ олиши таъминланмоқда. Рақамларга кўра, кеча, 25 январь куни жамоат транспорти ва коммунал хизмат техникалари учун 1,5 млн куб метр табиий газ етказиб берилган бўлса, бугун бу миқдорни 2,5 млн куб метрга етказиш чоралари кўрилди.
Ҳудудлар кесимида олиб қаралганда, Фарғона вилоятида белгиланган соатларда 22 та, Тошкент вилоятида эса 20 та метан газ қуйиш шохобчаси айнан автобуслар ва махсус техникалар учун хизмат кўрсатган. Қолган ҳудудларда ҳам транспорт ҳаракатининг барқарорлигини таъминлаш мақсадида шу каби графиклар жорий этилмоқда. Бу чоралар натижасида нафақат транспорт тизими тикланмоқда, балки газ қувурларидаги босимни меъёрлаштириш орқали аҳоли хонадонларига табиий газ етказиб бериш ҳолати ҳам яхшиланмоқда.
Ҳозирда жараёнлар вилоят ҳокимликлари ҳамда Энергетика вазирлигининг ҳудудий бошқармалари томонидан қатъий мувофиқлаштириб борилмоқда. Мақсад — қисқа фурсат ичида жамоат транспорти ҳаракатини тўлиқ тиклаш ва аҳолининг ҳаракатланиши учун қулай шароит яратишдир. Вазирлик вазият доимий назоратда эканлигини ва ресурс тақсимотида ижтимоий соҳа объектлари ҳамда жамоат транспорти доимий устуворликка эга бўлишини таъкидлаб ўтди.