Кейинги йилларда жонажон Ўзбекистонимизга эътибор ва ҳурмат доираси кенгайиб бораётир. Илгари муайян мамлакатлар билан алоқа қилган бўлсак, энди БМТга аъзо давлатларнинг деярли ҳаммаси билан дипломатик алоқалар ўрнатилиб, ўзаро манфаатли ҳамкорлик йўлга қўйилмоқда. Айниқса, дунёнинг энг қудратли давлатлари ва энг нуфузли халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликдаги улуғвор ишлар, уларнинг натижалари жаҳон аҳлини ҳайратга солмоқда, қойил қолдирмоқда. Бундан кимлардир хурсанд, кимлардир унчалик мамнун эмас. Бу ҳам табиий ҳолат. Зотан, ҳаёт оқ-қорадан иборат, ҳар бир инсон каби ҳар қандай давлатнинг дўстлари билан бирга рақиблари ҳам бўлади. Бинобарин, ҳаммага бирдай ёқадиган инсонни топиш қийин, бундай давлатни излаш эса ундан-да мушкул.
Хўш, Ўзбекистонимизнинг жаҳон узра обрўси, нуфузи ошиб бораётганининг сабаби нимада? Ахир бундай ҳурматга лойиқ кўрилиш ўз-ўзидан бўлмайди! Дунёга таъсир ўтказаётган етакчилар билан музокара ўтказадиган давлатлар раҳбарлари ҳам камида ўшалар даражасида, керак бўлса, улардан-да кенг, теран фикрламоғи, позициясини аниқ-тиниқ баён этиб, қатъий ҳимоя қилмоғи лозим. Шундагина улар тан олади ва тенгма-тенг мулоқот қилишга мажбур бўлади.
Худди мана шундай ҳолатларда Президентимизнинг халқаро миқёсда тан олинган лидерлиги, давлат раҳбари сифатидаги кучли сиёсий иродаси, аниқ позициясига эга экани, бу позиция замирида халқимиз манфаати мужассам топгани намоён бўлади. АҚШ давлат раҳбари ижтимоий тармоқларда Президентимиз ҳақида самимий, ижобий фикрлар ёзгани бежиз эмас.
Давлатимиз раҳбарининг қатъий сиёсати, метин иродаси, тинимсиз саъй-ҳаракати туфайли наинки мамлакатимиз, балки бутун дунё учун аҳамиятли бўлган тарихий воқеалар амалга оширилмоқда. Шулардан баъзилари хусусида мухтасар фикр юритамиз.
Куз фасли, яъни сентябрь, октябрь, ноябрь ойларидаги воқеаларга назар солайлик. Президентимиз сентябрда БМТ Бош Ассамблеясининг 80 йиллик юбилейи сессиясида иштирок этди ва нутқ сўзлади. Аҳамиятли томони шундаки, давлатимиз раҳбари ушбу халқаро ташкилот минбарида бу гал ҳам ўзбек тилида — она тилимизда гапирди. Бунинг замирида катта маъно-мазмун бор. Бу билан Президентимиз она тилимиз ниҳоятда бой, гўзал, жарангдор, нафис тил эканини яна бир карра намоён этди. Бу ўша халқаро анжуманда иштирок этган барча давлатлар вакиллари онгига сингди. Бу ғуруримизни оширади, қалбимизни ифтихор билан тўлдиради.
Бунинг сабаблари маълум: собиқ иттифоқ даврида БМТ у ёқда турсин, ўз юртимизда — Ўзбекистонимизда бўладиган мажлислару турли тадбирларда она тилимизда гапиролмас эдик. Расмий тадбирлар тугул уч-тўрт кишининг ўзаро гурунгларида ҳам, улардан бири бошқа миллат вакили бўлса, ўшанинг тилида суҳбат қуришга мажбур эдик. Шундай экан, жаҳоннинг энг олий ташкилоти, агар шундай дейиш жоиз бўлса, минбарида она тилимиз жаранглаши тарихий воқеа. Зеро, ҳар қандай давлатнинг мустақиллигини белгиловчи муҳим омиллардан бири унинг тилидир.
Бу воқеанинг аҳамиятини барча юртдошларимиз теран англаб етмаганга ўхшайди. Негадир шунақа унутилмас, тарихий воқеа сифатида қайд этиладиган ҳодисаларга бир оз эътиборсиз қараймиз, гўё ҳар доим шундай бўлиб келгандек. Ҳолбуки, бундан барчамиз бирдай севинмоғимиз керак, ҳатто бир-биримизни қутласак ҳам арзийди. Унинг ўрнига ҳар хил майда-чуйдалар, маиший масалалар ҳақида гапирамиз, ёзамиз, шулар юзасидан баҳслашамиз.
Президентимизнинг АҚШ Президенти Дональд Трамп билан учрашуви ва унда келишилган масалалар, БМТ Бош Ассамблеясининг 80 йиллик юбилей сессияси доирасида АҚШнинг етакчи корпорациялари ва банклари раҳбарлари билан мулоқотларда эришилган натижаларга кўра, умумий қиймати 100 миллиард доллардан ортиқ шартномалар ва истиқболли лойиҳалар шакллантирилгани ҳақида ёзилди, гапирилди, уларнинг натижалари ҳақида ҳали кўп ёзилади, гапирилади.
ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси сўнгги қирқ йилда биринчи марта ташкилотнинг Парижда жойлашган қароргоҳидан ташқарида — қадимий Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтгани том маънодаги тарихий воқеадир. Бу халқаро анжуман ҳам давлатимиз раҳбарининг ташаббуси ва саъй-ҳаракати билан амалга оширилди. Унда 180 дан зиёд мамлакатдан 4600 вакил иштирок этди. Ушбу анжуман ЮНЕСКО Бош конференцияси сессияларида энг кўп вакил қатнашган тадбир сифатида эътироф этилди.
Бу бежиз эмас. Самарқандга келганлар ЮНЕСКО тадбирларида қатнашиш баҳонасида қадимий кентимизнинг ноёб меъморий обидалари ва замонавий Самарқандни, бу ердаги бунёдкорлик ишларини кўриб кетади. Соҳибқирон Амир Темур салтанатининг пойтахти бўлган Самарқандни зиёрат қилиш дунёдаги ҳар бир маърифатли инсоннинг орзусидир. Бу шаҳарга келувчилар сони йилдан йилга кўпайиб бораётгани ҳам шундан далолат беради.
ЮНЕСКО сессияларида Самарқанднинг ёши 3000 йилдан зиёд экани эътироф этилгани ҳам бежиз эмас. Президентимиз ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси очилиш маросимида қайд этганидек, бундай нуфузли анжуманнинг Самарқандда ўтказилгани ЮНЕСКОга аъзо давлатларнинг янги Ўзбекистондаги кенг кўламли, жадал ислоҳотлар ва уларнинг натижаларини кўришга қизиқиши, ишончи ортиб бораётганидан далолатдир.
Икки ҳафта давомида Бош конференция сессияси мажлислари билан бир қаторда 150 дан зиёд семинарлар, конференциялар, халқаро кўргазмалар ва бошқа тадбирлар бўлиб ўтди. ЮНЕСКО Бош конференцияси 43-сессиясида бир неча муҳим қарорлар қабул қилинди. Жумладан, Бутунжаҳон туркий тиллар кунини таъсис этиш тўғрисида резолюция қабул қилинди. Бу бутун туркий халқларни (улар 200 миллиондан зиёд) қувонтирди. Ушбу масала Бош конференция сессияси кун тартибига Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия ва Ўзбекистон томонидан ЮНЕСКОга аъзо 21 давлат қўллаб-қувватлаши орқали киритилган. Ушбу тарихий қарор айнан Самарқандда қабул қилингани ҳам давлатимизнинг халқаро миқёсдаги нуфузи ошиб бораётганига яна бир ёрқин мисолдир. Энди барча туркий тилли халқлар ҳар йили 15 декабрда ушбу кунни байрам сифатида нишонлайди.
Самарқандда ўтган ушбу нуфузли анжуманда мазкур халқаро ташкилотнинг янги Бош директори сайланди. Ушбу лавозимга мисрлик олим ва сиёсий арбоб Холид ал-Ананий сайланди. Президентимиз 12 ноябрь куни Холид ал-Ананийни қабул қилди ва уни янги лавозим билан табриклаб, келгуси фаолиятига муваффақият тилади. 2017 йилдан буён ЮНЕСКОга раҳбарлик қилиб келган Одри Азуле хоним Президентимиз фармонига биноан Ўзбекистон ва ЮНЕСКО ўртасида фан, таълим ва маданият соҳаларидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, халқимизнинг бой маданий меросини кенг оммалаштириш ишларига қўшган катта ҳиссаси учун давлатимизнинг “Дўстлик” ордени билан мукофотланди.
Кузнинг сўнгги ойида мамлакатимизда яна бир тарихий воқеа рўй берди. 13 ноябрь куни Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида “Марказий Осиё: умумий маънавий-маърифий мерос — умумий келажак” мавзусида халқаро конгресс бўлиб ўтди. Президентимиз конгресс иштирокчиларига табрик йўллади. Унда, жумладан, бундай дейилади: “Мазкур анжуман янги барпо этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида бўлиб ўтаётгани албатта бежиз эмас. Ушбу муаззам мажмуада уч минг йилдан зиёд шонли тарих, жумладан, минтақамиз заминидаги Биринчи ва Иккинчи Ренессанс даврларини, шунингдек, Янги Ўзбекистоннинг бугунги тараққиёти ва келажагини мужассам этган ноёб интеллектуал-маънавий масканда Сизлар бу ҳақиқатни яққол ҳис қилишингиз мумкин”.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган ушбу марказда ислом цивилизациясига оид ноёб манбалар, илмий тадқиқот ва таълим йўналишлари жамланган. Миллий меъморлик анъаналари ва замонавий архитектура уйғунлигида барпо этилган мазкур маҳобатли мажмуанинг тўрт томонида 34 метрли пештоқлар, ўрта қисмида 65 метрли гумбаз қад ростлаган.
Халқаро конгресс қатнашчилари ушбу марказ залларини ҳайрат ва ҳавас билан томоша қилди. Замонавий технологиялар асосида тарих “жонлантирилгани” меҳмонлару мезбонларни лол қолдирди. Марказдаги маълумотлару шароитларни кўрган киши мўъжизалар оламига тушиб қолгандай ҳис этади ўзини. Дарҳақиқат, бу ердаги ҳар бир залда, ҳар бир йўлакда, қисқаси, ҳар қадамда мўъжизага дуч келасиз...
Маълумки, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2017 йилда Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари формати йўлга қўйилган эди. Мазкур Маслаҳат учрашувининг еттинчиси 15-16 ноябрь кунлари Тошкентда бўлиб ўтди.
Учрашувга раислик қилган Президентимиз минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича қатор муҳим таклифларни илгари сурди. Саммитда Озарбайжон Республикаси Маслаҳат учрашувлари форматига тўла ҳуқуқли аъзо сифатида қабул қилинди.
БМТнинг Марказий Осиё мамлакатлари бўйича минтақавий маркази раҳбари Коха Имнадзе БМТ Бош котиби Антониу Гутерришнинг мурожаатини ўқиб эшиттирди.
Учрашув арафасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Марказий Осиё янги давр остонасида” сарлавҳали мақоласи эълон қилинди. Унда минтақамиз давлатларининг ўзаро ҳамкорлиги натижалари аниқ мисоллар асосида таҳлил қилинган, келгусидаги вазифалар белгилаб берилган. Мақолада, жумладан, бундай сатрлар бор: “Маслаҳат учрашувлари формати йўлга қўйилган 2017 йил минтақавий ҳамкорлик тарихида туб бурилиш ясади. Минтақа етакчилари кўп йиллар мобайнида биринчи марта ташқи воситачиларсиз тизимли ва мунтазам мулоқотни бошладилар. Бу ишончга, очиқлик ва умумий манфаатларни англашга асосланган янгича сиёсий тафаккур рамзига айланди. Айнан Маслаҳат учрашувлари доирасидаги мулоқот туфайли эски даврдан қолган бир қатор келишмовчиликларни бартараф этиш ва ишончсизликдан ҳақиқий ҳамкорликка ўтишга эришилди”.
Дарҳақиқат, Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг доимий учрашувлари, ўзаро очиқ мулоқотлари нақадар юксак натижалар бераётганини, улар минтақамиз аҳолиси манфаати учун хизмат қилаётганини халқларимиз ўз ҳаётида кўриб турибди. Бу ҳамкорлик давлатларимиз тараққиётида ҳам ўз ифодасини топмоқда. Зеро, халқимизнинг “Бирлашган ўзар” деган ҳикматида теран маъно- мазмун мужассам.
Марказий Осиё давлатлари Президентлари — Шавкат Мирзиёев, Қосим-Жомарт Тоқаев, Имомали Раҳмон, Садир Жапаров ва Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев 15 ноябрь куни Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди. Олий мартабали меҳмонлар “Исломдан аввалги цивилизациялар”, “Биринчи Ренессанс”, “Иккинчи Ренессанс” ва “Янги Ўзбекистон — янги Ренессанс” бўлимларини кўздан кечирди.
Қисқаси, бу йилги куз мамлакатимиз ҳаётида унутилмас, тарихий воқеаларга бой бўлди. Шуниси аёнки, тинчлик-хотиржамлик бор юртда ана шундай қувонарли, бутун жаҳон эътиборини тортадиган ва ҳавасини келтирадиган тадбирлар ўтказилади. Ўзбекистонимиз ана шундай юрт — “оламни маҳлиё айлаган диёр” (А.Орипов). Шунинг учун бу юртда тараққиёт бор, келажакка ишонч бор. Бу юртда барча саъй-ҳаракатлар инсон манфаатларига, унинг бахтли, фаровон яшашига йўналтирилган.
Маматқул ҲАЗРАТҚУЛОВ,
Ўзбекистон Республикасида
хизмат кўрсатган журналист