Мана ярим йилдирки, коронавирус пандемияси шароитида ушбу нақлнинг ҳақиқий маъносини англаб етдик. Дарҳақиқат, карантинда кўпгина қадриятларнинг, биз учун муҳим нарсаларнинг мазмуни умуман ўзгариб кетди.
Коронавирус кириб келишидан бир неча ой олдин ҳукумат томонидан ўз вақтида ўрнатилган чекловлар, оммавий ахборот воситаларимизнинг фаол тарғиботи ва, энг асосийси, халқимизнинг хавфни тўғри англаб етгани боис касаллик маълум вақтга жиловланди. Аммо кўпгина хориж мамлакатларида бўлгани каби касалликнинг иккинчи тўлқини биринчисидан бир неча баробар кучли келди. Биринчи тўлқиндаги бир ойда касалланганлар миқдори бугунги кунда муайян соатлар ичида аниқланмоқда. Афсуски, касалликдан вафот этганлар сони ҳам бир неча баравар кўпайди.
Ўз-ўзидан босимнинг ортиб кетиши касалликка қарши курашда шифокорлар ва санитария-осойишталик марказлари ходимларининг иш сифати ва самарадорлигига салбий таъсир ўтказмасдан қолмади. Тиббиёт ходимлари, койкалар, тест олиш компонентлари сони касаллик ўсиш динамикасига номутаносиблиги сабабли қийинчиликлар келиб чиқди.
Буни бартараф этиш бўйича бир неча йиғилишларда Президентимиз томонидан қатъий топшириқлар берилди ҳамда зарурий барча чораларни кўриш лозимлиги таъкидланди. Албатта, топшириқлар ижросини таъминланиш учун қўшимча койкалар шакллантирилди, зарурий дори воситалари захиралари яратилди, касалликнинг енгил формасидаги уйда даволанаётганларга бепул дори воситалари етказиладиган бўлди, уларга хизмат кўрсатувчи тезкор гуруҳлар сони оширилди.
Аммо тан олиш керакки, давлат ҳар қанча ҳаракат қилмасин, бу душман устидан ғолиб бўлиш учун бунинг ўзи етарли бўлмайди. Вирусга қарши жангда давлатнинг асосий таянчи халқимиз, одамларимиз ҳисобланади. Барча соҳалар, барча фуқаролар учун қийин бўлиб турган даврда ҳар бир киши белгиланган талабларга, карантин қоидаларига қатъий амал қилишини сўраб қоламиз.
Доно халқимизда касалликни даволагандан кўра олдини олган маъқул, деган нақл бор. Ушбу вирус ҳам бизга юқмаган пайтда ҳимоя воситаларини қўллаган тақдиримизда оддий заррадан фарқи йўқ. Шунчалар кучсиз ва ожиз, аммо эҳтиётсизлигимиз ёки бошқа сабаб билан ичимизга тушиб олса, унинг куч-қудрати ошиб боради. Ўзимиз билан бирга атрофимиздаги яқинларимизга ҳам ҳужумга ўтади.
Шу боис, соғлиғимиз, яқинларимиз тақдири учун, энг аввало, ўзимиз барча масъулиятни зиммамизга олган ҳолда касалликнинг яқинлашишига, қадрли инсонларимизга зарар етказишига йўл қўймайлик. Биргина қилинган бефарқлик сабаб қанчадан-қанча муаммолар, оғриқлар, айрилиқлар келиб чиқаётганини барчамиз кўриб, билиб турибмиз.
Шунинг учун ҳушёрликни ҳар қачонгидан кучайтириб, бепарволик, лоқайдлик сингари иллатларга чек қўйиш даркор. Бу орқали биз нафақат ўзимизни асраймиз, балки аҳволи оғир ётган юртдошларимизга шифокорларнинг янада кўпроқ вақт ажратиши, эътибор бериши натижасида уларнинг соғайишига ҳисса қўшган бўламиз.
Вирусга қарши кураш урушга ўхшатилаётгани бежиз эмас. Бу ҳақиқий кураш. Жангда эса икки хил қаҳрамонлар бўлади. Биринчиси ёвга бевосита қарши чиқаётган шифокорлар бўлса, иккинчиси уларнинг қўллаб-қувватлайдиган, далда бериб турадиган, ўз меҳнати билан курашаётган фронт ортидагилар — аҳолимиздир. Яъни ушбу икки фронт бирлашиб, ягона кучга айланса, ғалаба, албатта, биз томонда бўлади.
Халқимиз кўплаб офатлар, фалокатлар қаршисида ўзлигини йўқотмай, синовлардан ғолиб бўлиб, тобланиб чиққан. Бугунги кунлар ҳам ана шундай синов палласи. Ишончимиз комилки, бу синовларни ҳам бир мушт бўлиб, аҳиллик, ҳамжиҳатликда, сабр-матонат билан енгиб, албатта, фаровон ҳаётимизни изга туширишга эришамиз.
Наримон УМАРОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари