Инсон кўксидаги энг керакли “дўсти” ҳақида ҳам астойдил қайғуриши керак. Албатта, бу борада тажрибали шифокорларнинг кўмагисиз, муолажаларисиз, жарроҳлик амалиётисиз мақсадга эришиш мушкул.
Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Наманган филиали жамоаси ана шундай чуқур билимли, юқори малакали шифокорлардан иборат. Улар кечаги ютуғи билан кифояланиб қолмай, бетиним изланиш, янгиликларни, дунё тажрибасини ўзлаштириш орқали жаҳон андозалари даражасида тиббий хизмат кўрсатишни фаолиятлари мезонига айлантирган. Айни пайтда филиал мутасаддилари хориждаги нуфузли тиббиёт марказлари ва мутахассислар билан ҳамкорликни янада кенгайтириш, инвестиция жалб этишга интилмоқда. Жумладан, Австриядаги ҳамкорлар билан ҳам муайян натижага эришилди.
— Ўтган йили баҳорда вилоятимиз ҳокими бошчилигидаги гуруҳ таркибида Венага етиб бордик. Дастлабки куниёқ Австриянинг “Uni Gredit” банки департаменти директори олдида шифохонамиз модернизацияси бўйича тақдимот ўтказилди. Унда ангиограф аппаратини ўрнатиш режаси баён қилинган эди. Шунингдек, АҚШда ишлаб чиқарилган муҳим ускунани олиш масаласи кун тартибига қўйилди ва ижобий келишувларга эришилди, — дейди Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий маркази Наманган филиали директори, тиббиёт фанлари номзоди Солижон Мўминов. — 2022 йил 10–14 май кунлари ҳамкорлик меморандуми имзоланган бўлса, орадан бир йил ўтиб, келишувлар деярли тўлиқ амалга ошди. Филиалимизга Австриянинг “AME International” компанияси етказиб бериши керак бўлган қиймати 8,89 миллион евролик аппарат ва жиҳозларнинг 80 фоизи келтириб ўрнатилди. Бу йил сентябрь ойи охиригача лойиҳа бўйича 65 турдаги 350 аппарат ва жиҳоздан тўлиқ фойдаланиш имконияти пайдо бўлади. Уларнинг барчаси дунёдаги энг сўнгги русумли технологиялардир.
Дастлабки йиллари филиалда 18 турдаги кардиожарроҳлик амалиёти бажарилган. Кейинги йилларда улар сони 65 тага етказилди. Янги аппаратлар ўрнатилгач, қўшимча 20 турдаги операцияни ўтказиш мумкин. Йил якунигача амалиётлар турини 112 тага етказиш мўлжалланмоқда. Бунинг учун, албатта, талаб даражасидаги шароит ва имконият мавжуд. Аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашга қаратилган эътибор туфайли филиалга қарашли бино ва иншоотлар мукаммал таъмирдан чиқарилди. Чет элдан келтирилган аппарат ва ускуналар жой-жойига қўйилди.
Халқимизнинг “Иш қуролинг соз бўлса, машаққатинг оз бўлар” деган нақли нақадар тўғри экани филиал фаолияти мисолида ҳам яна бир бор ўз исботини топмоқда. Шифохонанинг моддий-техник базаси бойиб, мустаҳкамланиб борар экан, янги ўрнатилган замонавий ва мураккаб тиббий аппаратларни бошқара оладиган иқтидорли кадрларни тайёрлашга ҳам муҳим вазифа сифатида қаралмоқда. Жумладан, жорий йилнинг январида филиалнинг тўрт нафар жарроҳи Беларус Республикасидаги клиникаларда тажриба ошириб қайтди. Июнь ойида яна икки нафари Чехияда малака оширди. Сентябрда эса уч нафар мутахассисни Австрияга юбориш мўлжалланган. Йилнинг тўртинчи чорагида Ҳиндистонга сафар уюштирилади. У ерда ўзбек жарроҳлари дунёга машҳур клиникаларда ҳамкасблари билан ёнма-ён фаолият юритиб, кўплаб мураккаб амалиётларни нозик сир-асрорларигача ўзлаштиришни мақсад қилган. Йил охирига бориб, Наманганда тиббиёт соҳасидаги ўта мураккаб операцияларини муваффақиятли давом эттириш ва изчиллигига эришиш мумкин, дейишга асослар етарли.
Марказнинг Рентгенэндововоскуляр хирургия бўлими мудири, тиббиёт фанлари бўйича фалсафа доктори Акмалжон Жалиловнинг яқинда Чехиянинг Прага шаҳрида малака ошириш чоғида ўзи ишлаётган бўлимдаги шароитларга мавжуд ҳолатни таққослаб кўргач, беихтиёр директорга телефон орқали ҳаяжон билан айтган қуйидаги иқрори ҳам кишини бефарқ қолдирмайди:
— Солижон Жалилович, Наманганда ҳам Прага ва Берлиндагидек шароит ва имконият яратилган экан. Ҳеч муболағасиз, Европа билан бўйлашяпмиз! Бундан буён биз ҳам чет эллик мутахассислардек ишласак, бирор бемор марказимиздан ёрдамсиз қайтмайди.
Наманганлик кардиологлар, кардиохирурглар жаҳоннинг манаман деган олиму мутахассисларидан қолишмаяпти. Тиббиёт тобора ривожланаётган, жарроҳлик амалиётига энг илғор инновациялар жорий этилаётган паллада улар фақат ўқиб-ўрганиш, янгиликларни излаш, операция жараёнига янги усулларни татбиқ этишда давом этяпти. Шу боис, филиалда олимлар сафи тобора кенгаймоқда. Ҳозир муассасада 4 нафар фан номзоди, тиббиёт фанлари бўйича фалсафа доктори ишлаётир. Илмий тадқиқотларини ёқлашга тайёрлаётганлар ҳам кўпаймоқда. Илгари наманганлик кардиожарроҳлар пойтахтдаги ҳамкасбларидан намуна олган бўлса, бугун катта орзу-ниятлар билан жаҳонга чиқишга интилмоқда.
Ўта мураккаб, ўта нозик тиббий-хирургик амалиётларга онкожарроҳлик ҳамда нейрожарроҳлик қўшилаётганига таажжубланишга асло ҳожат йўқ. Кейинги пайтда тиббий трансформация жараёни кетмоқда. Ҳатто бу борада водийда биринчи бўлиб, мия қон томирларидаги нуқсонларни жароҳатсиз жарроҳлик усулида бартараф этишга худди шу филиалда киришилди. Қозоғистонлик олий тоифали нейрохирург Минжилқи Бердихўжаев иштирокида уйқу артерияларини стентлашга бағишланган илмий-амалий конференция ҳам ўтказилди. Мутахассис фақат назарий маълумот бериш билан чекланиб қолмади. Маҳорат дарси тарзида наманганлик ҳамкасблари билан бирга уч нафар беморнинг ҳаётига чанг солиб турган хавфни муваффақиятли бартараф қилди.
Филиалдаги салмоқли ижобий ўзгаришлар тиббиёт туризмини ривожлантиришга ҳам кенг йўл очади. Европа андозаси даражасида, дунёга машҳур олим-шифокорларнинг даволаш борасидаги сабоғини олган, маҳорат мактабини ўтаган зеҳни ўткир, қўли енгил шифокорлар доим беморлар дардига малҳам бўлмоқда. Ана шундай моҳир мутахассислар жамулжам бўлган мазкур шифо масканида не-не оғир хасталар оёққа туриб, соғлом ва ҳаловатли турмушга қайтяпти. Ҳозир вилоят аҳлидан ташқари мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларидан ҳам шифо излаб келувчилар сони ошяпти. Шунингдек, қўшни Тожикистон ва Қирғизистон, ҳатто Россия Федерациясидан даволаниш учун келаётганлар кўпайяпти. Бу Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Наманган филиали мураккаб жарроҳлик амалиётларини ўтказиш борасида янги босқичга қадарм қўйганидан далолатдир.
Содиқ САЙҲУН,
журналист