2021 йилнинг “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”, деб эълон қилиниши эса бу борадаги ишларга жорий йилда давлат даражасида эътибор қаратилишини  кўрсатиб турибди. 

Юртимизнинг барча ҳудудида бўлгани каби, бугунги кунда Жиззах вилоятида ҳам аҳоли соғлиғини муҳофаза қилиш, саломатлигини мустаҳкамлаш борасида аниқ чора-тадбирлар белгиланган бўлиб, шу асосда муайян ишлар амалга ошириляпти.  Мухбиримизнинг вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи  Озода Маҳмудова билан суҳбатида  ана шулар ҳақида сўз боради.

— Кейинги пайтда тиббиётимиз тизимида  “Оилавий шифокор пункти”,  “Тиббий харита”  “Оилавий поликлиника”,   “Тиббиёт бригадалари” каби янги атама ва тушунчалар пайдо бўлди ҳамда амал қилмоқда...  

—  Фикрингизни тушундим. Мен ҳам суҳбатимиз аввалини шу тушунчалар билан боғлиқ жараёнлар, ўзгаришлар билан бошлаш ўринли, деб ўйлайман. Аҳолига бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатишнинг сифати, самарадорлиги ва оммавийлигини ошириш, тиббиёт ходимларининг жамиятдаги ўрни ва мақомини кучайтириш, соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтариш  ўта муҳим вазифадир.

Биз ана шу жиҳатларни ҳисобга олган ҳолда,  вилоят аҳолисини  фуқароларнинг саломатлик ва физиологик ҳолатидан келиб чиқиб, тегишли гуруҳларга ажратиб олдик. Ушбу  гуруҳларга кирган фуқароларни белгиланган муддатларда тиббий кўриклардан ўтказиш, уларнинг тиббий ҳолатини  даврий кузатувга олиш чоралари белгиланди. Тиббиёт муассасасига кела олмайдиганларга эса индивидуал патронаж хизматини кўрсатиш белгиланди.

Маълумки, эндиликда аввалги умумий амалиёт шифокори  оилавий шифокор мақомида иш юритади.  Шубҳасиз, бундай  янгилик ёки ўзгаришдан кейин уларнинг ўз вазифасига бўлган масъулияти ошади, шу билан бирга, мавқеи ҳам мустаҳкамланади. 

Жумладан, эндиликда юқори тизимдаги  кўп тармоқли марказий поликлиникалар ёки  шифохоналарга бериладиган бепул тиббий йўлланмалар айнан оилавий шифокор томонидан берилади, бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида дори воситалари ва тиббий буюмларга имтиёзли рецептлар ёзиб бериш ҳам улар зиммасига юкланади.

Шунингдек, оилавий шифокорга терапия, педиатрия, акушерлик, патронаж бўйича мутахассис бўлган ўрта тиббий ходимларидан иборат “тиббиёт бригадалари” яқиндан ёрдам беради.

Бу билан мавжуд куч ва воситаларни жалб қилган ҳолда, энг аввало, бирламчи тиббий-санитария ёрдамини ҳар томонлама мустаҳкамлаш, тиббий профилактика ва патронажнинг мутлақо янги тизимини жорий қилиш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш, бу борадаги ишларни маҳаллалар ва аҳоли хонадонлари даражасигача қамраб олиш имконияти яратилади.

Бугунгача вилоятимизда  701 та ана шундай “тиббиёт бригадалари” ташкил этилди. Улар зиммасига ўзларига бириктирилган ҳудудларда оилалар ва фуқаролар кесимида “тиббий харита”ни  шакллантириш вазифаси юкланди. Бу борадаги ишларни  тажриба сифатида вилоят маркази Жиззах шаҳри ва Мирзачўл туманида синовдан ўтказиб олдик.

Энди эса тиббий хизмат кўрсатишни соддалаштириш ва рақамлаштириш ҳамда ортиқча қоғозбозликни камайтириш мақсадида барча “тиббиёт бригадалари”ни махсус компьютер-планшетлар, мобил тиббий-диагностика воситалари билан таъминлаш чоралари кўрилмоқда.

2021 йил 1 январдан бошлаб аввалги қишлоқ врачлик пунктлари оилавий шифокор пункти, қишлоқ ва шаҳар оилавий поликлиникалари эса оилавий поликлиника сифатида фаолият юрита бошлади. Шунингдек, оилавий шифокор ва бошқа тиббиёт ходимлари фаолияти самарадорлигини янги рейтинг асосида баҳолаб бориш йўлга қўйилмоқда.

Баҳолаш орқали юқори натижаларни қўлга киритганларни маҳаллий бюджетнинг қўшимча маблағлари ҳисобидан ҳар чоракда базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваридан 30 бараваригача миқдорда бир марталик пул мукофоти билан рағбатлантириш мазкур тизимнинг янада самарали бўлишини таъминлайди.

Шунингдек, эндиликда тиббиёт бирлашмаси бошлиғи бир вақтнинг ўзида кўп тармоқли марказий поликлиника мудири  вазифасини ҳам бажаради. Унга заруриятга қараб, тор соҳа шифокорлари штатларини мустақил белгилаш ваколати берилгани ҳам жойларда кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатининг ошиши, энг керак жойга малакали мутахассисларни танлаб олиш, охир-оқибат, аҳоли саломатлигининг мустаҳкамланишига  хизмат қилади, деб ўйлайман.

— Вилоятда бугунги кунда фаолият юритаётган оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникалар сони  қанча,   янгилари қандай тартибда ва муддатда ташкил этилади?

— Бугунги кунда вилоятимизда 54 та оилавий шифокор пункти,  32 та оилавий поликлиника фаолият кўрсатиб турибди.  Яқин икки-уч йил ичида уларнинг  сафига  25 та оилавий шифокор пункти ва 3 та қишлоқ оилавий поликлиникаси қўшилади. Янги муассасалар, асосан, аҳоли зич жойлашган Зомин (6 та) ва Ғаллаорол (5та) туманларида қад ростлайди.

Бошқа туманларимизда   ҳам 1-2 тадан  янги, замонавий тиббий муассасалар хизмат кўрсатишни бошлайди. Ана шундан кейин  воҳа аҳлини тўлиқ малакали тиббий хизмат билан қамраб олиш имконияти яратилади, дейишимиз мумкин.

— Жойлардаги ўрта махсус ва тиббиёт билим юртлари талабаларининг оилавий шифокорлик пунктлари, поликлиникалар, тиббиёт бригадаларида  малака ошириш, амалиёт ўташ жараёнларини ташкил этиш ҳам режалаштирилганми?

— Бугун вилоятимизнинг Жиззах, Дўстлик ва Зомин шаҳарларида Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникумлари, Ғаллаорол туманида эса  тиббиёт мактаби фаолият юритмоқда. Албатта, ушбу билим масканлари, уларнинг раҳбарияти ва талабалари билан ҳамкорлик қилишдан манфаатдормиз

Зеро, улар зиммамизга юкланган катта ҳажмдаги ишларни  амалга оширишимизда  бизга беминнат кўмакчи бўлади. Ўз навбатида, бундай ҳамкорлик ёш шифокорларнинг вилоят тиббий муассасаларида  касб ўрганиши, билим ва кўникмалари ошишига  ҳам замин яратади. 

Яна бир гап: Президентимизнинг 2021-2022 ўқув йилидан бошлаб Жиззах давлат педагогика институти қошида тиббиёт факультетини ташкил этиш ташаббуси барчамизни  қувонтирди.  Бу янгилик воҳамизнинг малакали олий маълумотли  шифокорларга бўлган эҳтиёжини қондиришга,  тиббий хизмат сифати ва савиясининг ошишига катта ҳисса қўшиши шубҳасиз.

Қўшимча равишда яна бир фактни эсга олиб ўтаман: жорий йилда мамлакатимиз тиббиёт олийгоҳларини тамомлаётган ёш мутахассисларнинг 127 нафарини  вилоятимиздаги оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникаларга жалб этишни кўзлаб турибмиз. Айни пайда уларни  уй-жой билан таъминлаш, моддий рағбатлантириш  бўйича таклифлар ишлаб чиқилмоқда.

— Вилоят марказидан олисда жойлашган тиббиёт муассасаларида алоқа хизматини яхшилаш, жумладан, уларни интернет тармоғига улаш қай аҳволда? 

— Мақтанишга йўймангу, бу борадаги кўрсаткичларимиз  чакки эмас. Аҳолини хатловдан ўтказиш тадбирлари янги замонавий компьютер-планшетлари ёрдамида,  электрон ахборот тизими орқали амалга оширилгани ишимизнинг тезкорлиги ва самарадорлигини таъминлади.  Бугунги кунда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси тасарруфидаги тиббиёт муассасалари хизмат алоқа воситалари билан тўлиқ таъминланган. Уларни  юқори тезликда ишловчи оптик толали интернет тармоғи билан қамраб олиш эса 90 фоизни  ташкил қилмоқда.  Жорий йил якунигача бу кўрсаткични 100 фоизга етказиш ниятимиз бор.   

 

“Янги Ўзбекистон” мухбири

Худойберди КАРИМОВ

ёзиб олди.