Туркия давлатида содир бўлган зилзила бутун дунё аҳлини, жумладан, юртдошларимизнинг ҳам қалбини ларзага солди. Давлатимиз раҳбарининг топшириғига биноан фожианинг эртаси куниёқ қидирув-қутқарув мутахассислари гуруҳи қардош мамлакатга юборилган эди. Айни пайтда улар қидирув ишларини давом эттирмоқда.
Куни кеча мамлакатимиз махсус бортида зилзила оқибатида жабрланганларга шошилинч ёрдам кўрсатиш учун 71 кишидан иборат қўшимча қидирув-қутқарув ва тиббиёт ходимлари гуруҳи билан бирга, навбатдаги гуманитар ёрдам партияси Газиантеп вилоятига етказилди.
Табиий офат жабрдийдаларига ёрдам бериш мақсадида Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги тиббий отрядининг 50 нафар ходими хизмат қиладиган бир гектар майдонда тўққизта алоҳида бўлинмадан иборат кўчма шифохона мажмуаси жойлаштирилади. Ушбу дала шифохонаси барча зарур тиббий ускуналар ва дори-дармон билан тўлиқ таъминланади.
Туркиянинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Олган Бекар иштирокида бўлиб ўтган матбуот анжуманида юз берган табиий офат оқибатларини бартараф этиш ишлари хусусида сўз юритилди.
— Бу, катта фожиа. Кенг ҳудудни қамраб олган ва силкиниши узоқ муддат давом этган вайронкор зилзила туфайли ўша ҳудуддаги барча бинолар, инфратузилма, электр тармоқларига катта зарар етди. Айни пайтда, биринчи навбатда, вайроналар остида қолиб кетган инсонларни қутқариш ишлари жадал давом этмоқда. Табиий офатдан сўнг зудлик билан электр тармоқлари, транспорт йўллари таъмирланмоқда, — деди элчи жаноблари.
Туркиядаги барча идора ва муассасалар ходимлари ҳозир зилзила ҳудудида сафарбарлик вазиятида иш олиб бормоқда. Давлат хизматчилари билан бирга олти минг нафарга яқин хорижлик кўнгилли талафот бўлган ҳудудда бўлиб, жабрланганларга беминнат ёрдам бермоқда. Улар қатори ватандошларимизнинг ҳам қардошларимизга ҳамдардлик кўрсатиб, кўмакка интилаётгани халқларимиз ўртасидаги биродарлик ришталарининг нақадар мустаҳкам ва қадимийлигини тасдиқлайди.
Туркия Республикасининг мамлакатимиздаги элчихонаси билан ҳамкорликда Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон — Туркия тадбиркорлар уюшмаси, Ёшлар ишлари агентлиги ва бошқа ташкилотлар кўмагида табиий офат жабрдийдаларига ёрдам кўрсатиш кампанияси ўтказилмоқда.
— Бугунги оғир, синовли кунларда ўзбек халқининг кичигидан каттасигача — барча-барча турк халқи билан бирга эканини намоён этаётир, — дейди Туркиянинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Олган Бекар. — Кўрсатилаётган ҳамдардлик ва кўмак учун Ўзбекистон ҳукумати ва халқига алоҳида миннатдорлик билдирамиз. Ҳаммамиз елкадош бўлиб мана шундай оғир кунларни бирга ўтказяпмиз. Бунинг учун барчага ташаккур.
Халқимизда “Дўст кулфатда синалар”, деган нақл бор. Йиллар синовидан ўтиб келаётган бу ҳикмат ҳали ҳам барҳаёт ва амалда. Қардош халқ бошига тушган мусибатни юракдан ҳис қилган юртдошларимиз ҳамиша кўмакка шай. Бу оғир дамлардаги қўллаб-қувватлов ва елкадошлик икки халқнинг бирдамлигини янада мустаҳкамлайди. Бошингиз соғ бўлсин, қардошлар!
Рисолат МАДИЕВА,
“Янги ўзбекистон” мухбири