Барча соҳалар каби соғлиқни сақлаш тизимига Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан берилаётган эътибор ва ғамхўрлик аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишда, шунингдек, халқимиз турмуш фаровонлиги ошишида муҳим аҳамият касб этмоқда. Мазкур тизимда туб ўзгаришлар содир бўлиб, янгилик ва изланишлар сари одим ташланаётганлиги қувонарлидир.
Айниқса, Ўзбекистонда она ва бола саломатлигини муҳофаза қилишга катта эътибор қаратилиб, “Соғлом она – соғлом бола” шиори остида ёшларимизнинг ва нуронийларимизнинг соғлом ҳаёт кечиришида кўпгина тарғибот-ташвиқот ишлари ва амалий ишлар олиб борилмоқда.
Пойтахтимизнинг Чилонзор туманида ҳам халқимиз манфаати ва саломатлигини ҳимоя қилиш борасида 2022 йил бошидан бери бир қатор хайрли ишлар йўлга қўйилди. Бунда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Тошкент шаҳар Чилонзор туманидаги халқ қабулхонаси бўлими томонидан бажарилаётган чора-тадбирлар фуқароларнинг соғлигини ва саломатлигини тиклаб, соғлом турмуш тарзига эътиборсиз бўлмасликларида катта аҳамият касб этмоқда.
Жумладан, Чилонзор тумани ҳудудий тиббиёт бирлашмаси билан биргаликда туман аҳолисининг сихат-саломатлиги ва соғлигини сақлаш учун чора-тадбирлар мунтазам ўтказиб борилади. Тасдиқланган режа асосида Чилонзор туманидаги 8 та оилавий поликниникаларда, 55 та маҳаллалардан 39 та маҳаллада аҳоли тиббий кўрикдан ўтказилди. Тиббий кўрикдан ўтган 1647 нафар фуқароларимиздан 827 нафар фуқарода касаллик аниқланган. 755 нафар фуқаро шифохона ва амбулатор шароитда даволаниш учун йўналтирилган, 17 нафар фуқароларимиз соғлигини тиклаб олиши учун санаторийларга йўлланма берилган, 4 нафар фуқаро ногиронлигини белгилаш учун юборилган. Натижада 704 нафар фуқаро соғломлаштирилган.
Соғлом турмуш тарзининг ажралмас томонларидан бири – бу жисмоний фаолликдир, бошқача айтганда, танани чиниқтирадиган омил – жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишдир.
Президентимизнинг 2018 йил 18 декабрдаги “Юқумли бўлмаган касалликлар профилактикаси, соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва аҳолининг жисмоний фаоллиги даражасини ошириш чора-тадбирлари” тўғрисидаги қарори ҳамда 7 апрель Бутунжаҳон Саломатлик куни муносабати билан туман ҳудудий тиббиёт бирлашмаси, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Чилонзор туманидаги халқ қабулхонаси бўлими, туман ҳокимлиги, ёшлар ишлари агентлиги, маданият бўлими томонидан соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш мақсадида Саломатлик станцияси ташкил этилди.
Тадбир давомида енгил тиббий кўрик, антропометрик ўлчовлар, мутахассис томонидан бепул маслаҳатлар, соғлом овқатланиш, соғлом табассум бекатлари ташкил қилиниб, минглаб турли ёшдаги аҳолининг тиббий кўриги, қизиқтирган саволларга жавоблар берилди. Тадбирда ёш волонтёрлар томонидан “Соғлом турмуш ҳақида нималарни биласиз?” деб номланган махсус акция ўтказилиб, “Биз соғлом турмуш тарзи тарафдоримиз” шиори остида аҳолига кўргазмали буклетлар тарқатилди.
Туман халқ қабулхонаси ходимлари ва тиббиёт мутахассислари билан ҳамкорликда аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини олиб бориш борасида тушунтириш ишлари мунтазам олиб борилади, ҳар куни пиёда сайр қилиш, велосипедда кўпроқ масофаларни айланиб келиш соғлиқ учун нақадар фойдали ва кўпгина касалликларни олдини олишда жуда катта самара бериши ҳақида тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда.
Президентимиз соғлиқни сақлаш тизимида маҳаллаларга бириктирилган умумий амалиёт шифокорлари малакасини ошириш ва патронаж хизматларини йўлга қўйишга катта аҳамият қаратиш кераклигини кўп бора таъкидлаганлар. Туманимиз аҳолисининг саломатлигини муҳофаза қилиш ва соғлом турмуш тарғибот ишларидан фуқаролар жуда мамнун.
Туман аҳолисининг саломатлиги ва соғлом турмуш тарзини олиб боришдаги амалга оширилаётган ишлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг Тошкент шаҳар Чилонзор туманидаги халқ қабулхонаси ходимлари томонидан мунтазам равишда назоратга олинган.
Шавкат МУРЗАЖОНОВ,
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Тошкент шаҳар
Чилонзор туманидаги Халқ қабулхонаси мудири