Ана шундай лойиҳалардан бири БМТ Тараққиёт Дастури ҳамда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ҳамкорлигида 2020 йилнинг май ойидан “Бизнес-клиника” номи билан иш бошлади. Лойиҳа карантин ва карантиндан кейинги даврда кичик ва ўрта бизнес, хусусий тадбиркорлик субъектларига бепул юридик ва бизнес маслаҳатлар бериш, уларнинг соҳага оид қабул қилинган фармон ва қарорлар мазмун-моҳияти, қўллаб-қувватлаш чоралари бўйича тўлиқ ва ишончли маълумот олишларига кўмаклашишни мақсад қилган. Айни пайтда мазкур лойиҳага жалб этилган ҳуқуқшунос, иқтисодчи, экспорт-импорт ҳамда банк кредитлари бўйича малакали мутахассислардан иборат жамоа ҳафтанинг душанба–жума кунлари соат 9:00 дан 19:00 га қадар пандемия даврида молиявий қийинчиликларга дуч келган тадбиркорларнинг 1094 қисқа рақамли ишонч телефони ёки онлайн тарзда @biznes_klinika телеграм тармоғи орқали йўллаётган мурожаатлари асосида барча масалалар бўйича бепул маслаҳат хизматларини кўрсатиб келмоқда.
– Пандемия туфайли сўнгги ойларда кўплаб компаниялар, айниқса, кичик ва ўрта бизнес вакиллари ишлаб чиқариш ва сотувнинг камайиши, мижозларини йўқотиш, айланма савдонинг йўқлиги каби бир қанча омиллар туфайли ўз иш фаолиятини қисқартиш ёки бутунлай тўхтатишга мажбур бўлди, – деди компонент раҳбари Фарҳод Жабборов. – Бизнес-клиника лойиҳаси ана шундай оғир вазиятда тадбиркорлик субъектларига бепул маслаҳатлар бериш, уларнинг фаолиятига оид долзарб мавзуларда малакали мутахассислар иштирокида онлайн вебинарлар ташкил этиш орқали пандемия сабаб юзага келган бизнесдаги қатор муаммоларни “даволаш”га кўмаклашишиб келмоқда.
Шу кунларда лойиҳа доирасида кичик ва ўрта бизнес вакилларига янги туртки бериш, бизнес бошқаруви кўникмаларини ривожлантириш, бизнес барқарорлиги ва ҳаётийлигини таъминлаш ҳамда келажакдаги ҳар қандай ўзгаришларга мослашишга қаратилган онлайн, карантиндан сўнг эса оффлайн курсларни бошлаш режалаштирилган.
Ирода ТОШМАТОВА,
"Янги Ўзбекистон" мухбири