Фармонни қабул қилишдан асосий мақсад этиб тадбиркорларнинг маъмурий харажатларини 90 млрд сўмгача қисқартириш, давлат органлари билан ўзаро ҳамкорлик жараёнларида 15 кунгача вақтини тежаш белгиланди. 

Фармонга кўра, 2026 йил 1 январдан “Бизнесни 15 дақиқада бошлаш” тамойили асосида тадбиркорларни давлат рўйхатидан ўтказишда бир вақтнинг ўзида қуйидаги хизматлар кўрсатилади:

  • электрон рақамли имзо калитини бериш;
  • банк ҳисобварақларини очишга ариза топшириш ҳамда уларни фаоллаштириш;
  • айрим фаолият турлари бўйича лицензия, рухсатнома олишга ариза ёки хабарнома юбориш;
  • кўчмас мулк ижара шартномасини расмийлаштириш;
  • ҚҚС тўловчиси гувоҳномасини олиш;
  • онлайн назорат-касса машиналарини онлайн равишда харид қилиш ва уларни солиқ органларида рўйхатдан ўтказиш;
  • юридик шахс раҳбарини тайинлаш ва уни “Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплексида ҳисобга қўйиш.