Ўзбекистон Республикасининг “Банклардаги омонатларни ҳимоя қилиш кафолатлари тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ, Омонатларни кафолатлаш агентлиги томонидан “Бизнесни ривожлантириш банки” акциядорлик тижорат банки “Янги банк” акциядорлик жамияти омонатчиларига кафолатланган омонатлар бўйича компенсация тўловларини амалга ошириш юзасидан агент-банк сифатида белгиланди.

2026 йил 29 январь куни daryo.uz интернет нашри студиясида ўтказилган брифингда “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ Ахборот хизмати раҳбари Шуҳрат Орипов бугундан қонунчиликда белгиланган тартибда омонатчиларга кафолатланган омонатлар бўйича компенсация тўловларини амалга ошириш бошланганини маълум қилди.

Қонунчиликка мувофиқ, 200 миллион сўмгача бўлган кафолатланган омонатлар бўйича компенсация тўловлари Омонатларни кафолатлаш агентлиги маблағлари ҳисобидан мазкур банк орқали тўлаб берилади.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, жами кафолатланган омонатлар бўйича 31 507 нафар омонатчига 208 миллиард сўм миқдорида компенсация тўланиши режалаштирилган. Бу Янги банк омонатчиларининг 98,7 фоизини қамраб олади.

Омонатчилар кесимида айтиб ўтадиган бўлсак, 31 327 нафар жисмоний шахсга – 205 миллиард сўм, 126 нафар юридик шахсга – 2 миллиард 900 миллион сўм ҳамда 54 нафар Якка тартибдаги тадбиркорга – 261 миллион сўм тўлаб берилади.

Брифингда қайд этилганидек, компенсация тўловлари омонатчиларни қонунчиликка мувофиқ идентификациядан ўтказган ҳолда амалга оширилади. Жумладан уларга омонатчилар реестридаги ўзларига тегишли маълумотлар билан танишиб, сўнгра компенсация тўловларини олиш имконияти яратилади.

Жисмоний шахслар компенсация тўловларини “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБнинг “BRB mobile” иловаси орқали онлайн тарзда банк карталарига ўтказиши ёки агент-банкнинг жамғарма омонатига жойлаштиришлари мумкин.

Шунингдек, компенсация маблағларини агент-банкнинг ҳудудлардаги исталган банк хизматлари марказларидан нақд пул шаклида олишлари мумкин.

Бунда жисмоний шахслар шахсни тасдиқловчи ҳужжат билан шахсан банк хизматлари марказларига ташриф буюришлари лозим ёки белгиланган тартибда нотариал тасдиқланган ишончнома билан ўзларининг ишончли вакилларини юборишлари керак бўлади.

Якка тартибдаги тадбиркорлар ва юридик шахсларга компенсация тўловлари мазкур банкнинг ҳудудлардаги банк хизматлари марказларига ташриф буюриш орқали мазкур банкнинг ўзида ҳисоб рақам очиш ёки бошқа банкдаги ҳисоб рақамига пул ўтказиш йўли билан амалга оширилади.

“Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ расмийси компенсация тўловларини олиш учун омонатчилардан ҳеч қандай қўшимча тўлов талаб этилмаслигини таъкидлади.

Қонунчиликка мувофиқ, омонатчилар агент-банк томонидан компенсация тўланиши асоссиз кечиктирилганлиги фактлари тўғрисида Омонатларни кафолатлаш агентлигига хабар беришлари мумкин.

Брифингда тўлов жараёнининг бориши ҳолати бўйича ҳам ахборот берилди. 2026 йил 29 январь соат 16.00 ҳолатига жисмоний шахс бўлган 1 220 нафар мижозга 100 млрд сўмдан ортиқ омонат маблағи тўлаб берилди.

 

Банк ахборот хизмати

Реклама