“Каптарли мозор”, “Ҳазрат Али”, “Пошшопирим, “Садкак ота” каби зиёратгоҳлар Фарғона тарихидан сўзловчи масканлар сифатида кўпчиликнинг эътиборини тортаётган бўлса, “Водил”, “Еттибулоқ” дам олиш масканларининг довруғи дунёга кетган.

Сўнгги йилларда мамлакатимиз туризм салоҳиятини оширишга қаратилган ташаббуслар, чора-тадбирлар боис вилоятимизда ҳам сайёҳлик иқтисодиёт тармоқларининг етакчи бўғинидан бирига айланмоқда. Дастлабки йилларда зиёратгоҳларга юртдошларимиз ташриф буюрган бўлса, эндиликда уларнинг осафига чет эллик сайёҳлар оқми ҳам қўшилаётир. Вилоятимизнинг турли сайёҳлик объектрларида экотуризм, агротуризм, этнотуризм, тиббиёт туризми ривожланмоқда.

Қишлоғимиз – Хонқиз ўзининг сўлим ва бетакрор табиати, мусаффо ҳавоси ва шифобахш суви билан сайёҳларни ўзига жалб қилади. Сир-синоатларни ўзида жо этган мазкур қишлоқда “Йилқичи ота”, “Оқтошмозор”, “Йигитпирим”, “Бухалча азиз”, шунингдек, “Тешиктошбува” зиёратгоҳи мавжуд.

Қишлоғимизда икки забардаст исломшунос кишилар яшаб ўтган. Ҳар иккиси ҳам саховатпеша, оқилу дониш бўлган. Мирзақори домла ўзининг дуою жами билан беморлар дардининг енгиллашишига ёрдам берган бўлса, Дадажон Ўрмоновнинг ривоятлари, ўгитлари, ҳаёт йўли кўплаб ёшларга ибрат бўлган. Таназзулга юз тутган оилаларни тиклашга, етим-есирларга бошини силашга қўшган ҳиссасини ҳали-ҳануз одамлар тилдан қўймай гапириб юради.

“Тешиктошбува” бағрида “Зилол” сиҳатгоҳи қад ростлади. Бу ерда қанчадан-қанча беморлар дардига малҳам топяпти. Бир-бирига туташ ясси қир-адирлар ўртасида улкан тош ва атрофида битик тошлар мавжуд.

Бир пайтлар “Садкак ота” зиёратгоҳи хурофот ўчоғи дея топталган, оёқости қилинган. Шукурки, мустақил бўлдик, қадриятларимиз тикланди, ўзлигимизни англаб етдик. Бугун бу масканлар зиёратчиларнинг севимли гўшаларига айланаётир. 

Ҳар бир инсон хоҳ ёш бўлсин, хоҳ ёши улуғ, ўзи туғилиб жойи тарихини яхши билиши, севиши, ардоқлаши, англаши керак. Кўз очиб кўрган тупроқми, гиёҳми, тошми – мукқаддас. Ёшлар қалбида бу каби тушунчаларни шакллантириш бизнинг бурчимиздир.

 

Анвар Мирзо Мирзаев,

Фарғона вилояти.