Тўра Сулаймон кўчасида жойлашган муҳташам уй-музейига кириб борарканмиз, унутилмас тарихий ривоят ёдимга тушди:

Тилдан тилга ўтиб келган ҳикоятга кўра, Қўқон хони Амир Умархон Нодирабегимга уйланганидан сал фурсат ўтиб ёш маликанинг ирфоний, сўз ва шеър санъати илмларини яна ҳам ошириш ниятида Нодирабегимга устоз излай бошлабди. Кўпчилик бу вазифага марғилонлик Увайсий отин муносиблигини айтишибди. Гўзал ривоятдаги ажойиб лавҳаларни қисқартириб сўзласам, отиннинг олдига хоннинг шахсан ўзи боради, Увайсий Қўқонда оддий косибу ҳунармандларнинг қизларига ҳам билим беришига вақт ва имкон ажратсалар; фурсати билан марғилонлик жигарларни кўриб кетишга рухсат тегадиган бўлса, саройга бориб Нодирабегимга устозлик қилишга рози бўлишини айтади. Амир Умархон бу шартларга кўнгач, Қўқонга йўлга чиқадилар.

Анча муддат ўтиб Марғилонга бориб келишни сўраган Увайсийга хон томонидан “Отин бир оз сабр қилсинлар” деган жавоб бўлади, бу ҳолат бир неча марта такрорланади. Ниҳоят, Марғилон сафари муддати маълум бўлиб, кажавали Қўқон аравасида сарой хонимлари ҳамроҳлигида Увайсий йўлга чиқади. Масофалар орқада қолиб, бир жойга келиб тўхтайдилар, ҳамроҳлардан бири пастга тушиб нималарнидир аниқлагач, Жаҳон Отинга: “Бекам, етиб келдик, тушсинлар”, дейди. Пардани кўтариб қараган Увайсий деворлари Қўқон ғиштлардан кўтарилган, дарвозаси ёғочдан ўймакор қилиб ясалган нотаниш жойни кўриб: “Бу менинг ҳовлим эмас. Менинг ҳовлим пахса деворли, бир табақали оддий дарвозаси бор. Бошқа жойга келибмиз”, дейди. Шунда яна: “Пастга тушиб қарасинлар”, деган таклиф бўлади. Аравадан тушиб келаркан, дарвоза табақалари очилиб, ичкаридан  ҳовлининг ўртасида бутун ҳовли саҳнига қулоч ёйиб турган, шоирага болалигидан қадрдон бўлган юз ёшлардан ўтган қари тут кўринади. Увайсиз ота уйига келганидан қувончу ҳаяжон билан остона хатлайди.

Маълум бўладики, бундан бир неча муддат олдин Амир Умархон Марғилонга Қўқон ғиштларидан юбориб ҳовлининг иморату деворларини янгидан қурдирган, эшигу деразаларни уста ҳунармандларга ясаттиришни бошлаган, “Отин бир оз сабр қилсинлар” деганининг сабаби мана шу ишларнинг охирига етишини кутаётганлиги экан.

...Бундан ўттиз йиллар олдин Тўра Сулаймон таваллудининг 60 йиллигига бағишлаб ўтказилган тадбирда кўрганим бу хонадон, теледастур учун суҳбат ўтган хонанинг устоз табиатига мос сирли, сокин, эртагу достонлар руҳиятини эслатадиган жиҳозлари, бахши шоирнинг моҳияти чуқур ва салобатли гаплари қалбимнинг энг ёрқин хотираларидан. Бугун эса... вилоятнинг замонавий иншоотларидан бирмунча йироқ бўлган туманнинг дала йўллари билан кириб бориладиган қишлоғида Юртбошимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Бу улкан ижодкорнинг адабий меросини чуқур ўрганиш, ўз авлодимизни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг маънавий оламини юксалтириш учун Мирзаобод туманида Тўра Сулаймон яшаб ижод қилган хонадонда шоирнинг уй-музейини ташкил қилсак, эл-юртимиз, адабий жамоатчлигимиз бу таклифни қўллаб-қувватлашига ишонаман” деган  фикри,  таклифи, ғамхўрлигида барпо этилган, миллийлик ва замонавийликнинг ажойиб, бетакрор  уйғунлиги рамзи бўлган Тўра Сулаймон уй-музейини нафақат вилоят, балким республикамизнинг эҳтиромли масканларидан бирига айланди, дейиш мумкин. Адабиёт, санъат аҳлига, адабиёту санъатга, маънавиятга эътибор, ҳурмат ифодаси бу. Ва яна Тўра Сулаймон шахси, ижоди, шогирдларга устозу талабчан ота каби қилган ғамхўрликларининг эътирофи...   

Бу ҳовлининг ўртасида ҳам катта марварид тут дарахти, мевалари пишиб тўкила бошлаган. Тўра Сулаймон 1999 йилда ўзи эккан бу бобаракот тут тагидаги шинам жойларда меҳмонларни сирдарёча очиқ юз, очиқ қалб билан кутиб олган қишлоқ аҳли, вилоят адабиёт, санъат вакиллари, ижодкорлари билан суҳбатлашиб ўтирарканмиз, беихтиёр мен учун яна бир унутилмас воқеа ёдимга тушди:

“Саодат” журналида ишлаб юрганимизда, ҳар йили 1 март куни бир дасту чиннигул олиб Зулфия опанинг хонадонларига борардик. Шунда ҳар йили уйнинг тўрида кичкина чиройли идишда очилиб турган бойчечак бўларди. Шоиранинг айтишларича, бу чечакни жиззахлик бир қадрдон аёл ҳар йили баҳорнинг илк кунида кимдандир бериб юборарди. Бир сафар борганимизда, яна ўша ҳолатни кўриб, Зулфия опага: “Қадрдонингиз бугун ҳам бойчечак билан йўқлабдилар-да”, дегандим, устоз: “Йўқ, у киши вафот этдилар. Бу гулни уларнинг ўғли юборибди”, дегандилар... Ўша мухлис аёл шоирага бўлган ҳурматини фарзандларига ҳам мерос қилиб қолдирибди.

Меҳмонларга ёзилган дастурхондаги каттагина тоғора ҳажмида бўлган қулоч етмас патир нон ҳаммамизнинг диққатимизни тортди. Унинг қандай пиширилиши билан қизиқдик. Лекин бундан ҳам қизиқроқ, муҳимроқ маълумотни Тўра Сулаймоннинг қизи Юлдуз айтди: “Бу патирларни бугун эрталаб тонгда отам туғилиб ўсган Жиззах вилояти Бахмал туманининг Алдашмон қишлоғи вакиллари ташлаб кетишди. Бунақа патирлар хамири фақат сутда қорилиб, катта қозонда пиширилади, унинг усталари ҳамма жойда бўлавермайди”. Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, бурдаларга ажратилиб, ўртасига қуйилган сариёғдан суркаб тарқатилган иккита патир бир ҳовли меҳмонларнинг ҳаммаси етди... Тақдир тақозоси билан Тўра ака ота уйидан тўрт ёшлигида чиқиб кетган, ҳаёти бошқа жойларда кечган, фаолияти Сирдарё вилояти билан боғлиқ. Алдашмонликлар ҳалигача Тўра Сулаймонни “Бизнинг боламиз”, дейишади. Эҳтиром, ҳақиқий эъзозни қаранг: тадбирда сўзга чиққан сирдарёликлар ҳам, жиззахликлар ҳам “Бизнинг Тўра Сулайман”, деб гапиришди. 

Маҳоратли ҳайкалтарош Азамат Хатамов ижоди бўлган Тўра Сулаймон ҳайкали пойида чиннидек майдончалар, чиройли хумчалар яшил майсазорлар оғушида “сирлашиб” ётибди. Хоналарни шоир ҳаёти, ижоди билан боғлиқ китоблар, экспонатлар билан бойитиш ишлари бошлаб юборилган.

Тўра Сулаймон ёзган эди:

Майсадаги шудринглар кимларнинг кўз ёшлари,

Гиёҳ билан қопланмиш юртим тоғу тошлари,

Шу ерда ётар отам, ёвқур элатдошларим,

Ҳар баҳор эслар уни қовму қариндошларим,

Кетма, баҳор, кетма-ей, менинг боғимдан.

Шоирнинг бу каби сатрлари аллақачон минг-минглаб юртдошларнинг ўз қалб сатри, қўшиғи, орзуси, эзгу тилагига айланган.

Шоир учун булардан ортиқ бахт борми?!

Муҳтарама УЛУҒОВА