Швейцарияда ФИФАнинг собиқ президенти Йозеф Блаттер ва УЕФАнинг собиқ раҳбари Мишел Платини устидан суд жараёни давом этмоқда.

Франс Пресс хабарига қараганда, кеча прокурор Томас Хильдебранд сўзга чиққан ва суддан ҳар иккисига ҳам икки йил синов муддати билан  бир йилу саккиз ой шартли равишда озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланишини сўраган. 

Ўтган ҳафта Швейцария суди товламачиликда айбланаётган собиқ футбол чиновниклари ишини кўриб чиқишни бошлаган эди. Олдинроқ улар катта миқдорда жаримага тортилиши ёки беш йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкинлиги айтилганди.

Суд жараёни 22 июнга қадар давом этади. Суд 8 июль куни ўз ҳукмини эълон қилади.