Халқаро мутахассисни Университет ректори, профессор Юнусов бошлиқ таълим маскани мутасаддилари кутиб олишди. 

Мулоқот давомида ректор меҳмонга Университет ва унинг фаолияти, тайёрлайдиган мутахассисликлар, шунингдек, ўқув ва амалиёт жараёнлари хусусида гапириб берди. 

Линеман ҳоним ҳам ўз навбатида ташкилотнинг Ўзбекистондаги ушбу миссияси ва ундан кутилаётган натижалар хусусида сўз юритди. 

Халқаро қишлоқ хўжалигини ривожлантириш фонди (ИФАД) — Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг махсус муассасаси бўлиб, ушбу молиявий институт 1977 йилда БМТнинг Жаҳон озиқ - овқат конференцияси қарорига биноан таъсис этилган.

Ташкилот шу бугунга қадар ўнлаб муваффақиятли лойиҳаларни амалга оширган. 

Суҳбат чоғида мамлакатимиздаги мавжуд вазият, ердан рационал фойдаланиш, Фермер хўжаликларида ишларнинг ташкил этилиши, аҳолига хом - ашё сотишдан кўра, уни қайта ишлаб тайёр маҳсулот чиқариб, даромадларни оширишга қаратилган чора-тадбирлар хусусида ҳар икки томоннинг фикр – мулоҳазалари тингланди. Университет ва унинг факультетлари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасида таклифлар муҳокама этилди. 

БМТ ҳузуридаги мазкур молия институтининг мамлакатимиз қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган ислоҳотларда ўзига хос ўрни борлиги эътироф этилди. Шунингдек, фонднинг молиявий иштирокидаги лойиҳаларида соҳага ихтисослашган олий таълим муассасалари қатнашиши хусусида фикр – мулоҳазалар билдирилди.

Келгусида СамДВМЧБУ Халқаро фонднинг лойиҳаларида иштирок этади. Мулоқот давомида шунга келишиб олинди. Меҳмон университет қошидаги ўқув ва илмий лабораториялар фаолияти билан танишди. 

 

Университет ахборот хизмати