Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси томонидан ташкил этилган сессияда 150 дан зиёд мамлакат вакиллари, хусусан, бир қатор давлатлар ҳукумат раҳбарлари, коррупцияга қарши курашиш идоралари раҳбарлари, халқаро ташкилотлар вакиллари ҳамда экспертлар иштирок этяпти.

Мазкур конференция БМТ Коррупцияга қарши конвенцияси сиёсатини белгилаб берувчи муҳим воқеалик ҳисобланади. Унда давлатлар томонидан Конвенцияни имплементация қилиш салоҳиятини ошириш, кўзда тутилган мақсадларга эришиш учун давлатлараро ҳамкорликни кучайтириш ва бажарилишини рағбатлантириш каби мақсадларни амалга оширилиши ҳолати масалалари сарҳисоб қилинади.

Ушбу муҳим тадбирда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори раҳбарлигидаги Ўзбекистон делегацияси таркибида Олий Мажлис Сенати, Бош прокуратура, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳузуридаги жамоатчилик кенгаши вакиллари иштирок этмоқда.

Конференция очилиш маросимида БМТ бош котиби Антониу Гутерриш кириш сўзи билан иштирок этиб, мамлакатлар COVID-19 пандемиясидан халос бўлишга сармоя киритар экан, маблағларни талон-торож қилиниши оқибатида ҳаётий зарур ресурсларни ўзлаштиришдан эҳтиёт бўлиш кераклигини таъкидлади.

Сессияда Конвенцияга аъзо мамлакатлар томонидан коррупцияга қарши курашиш соҳасида амалга оширилган ишлар, ҳал қилиниши лозим бўлган долзарб масалалар ҳамда истиқболдаги режалар ҳам муҳокама қилиняпти.

Аҳамиятлиси, мазкур конференция доирасида Ўзбекистон томони ташаббуси билан Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш жараёнларини рақамлаштириш, шунингдек, коррупцияга қарши курашиш жамоатчиликнинг ўрни масалаларида иштирокчи мамлакатлар учун махсус сессиялар ташкил этилади.

Бундан ташқари, мамлакатимиз делегацияси вакиллари қатор хорижий ҳамкасблар билан икки томонлама учрашувлар ташкил этиши режалаштирилган. Конференция жорий йил 17 декабрга қадар давом этади, деб хабар беради Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати.