Ёзнинг сокин оқшоми. Кундузги жазирамани шом шабадаси олисларга олиб кетган. Кенг-мўл ҳовлидаги райҳон ва гуллар ифори вужудга роҳат беради. Тиниқ осмондаги юлдузлар бир ҳовуч чўғдай ялтирайди. Сўрининг темир тўсиғига суяниб, юлдузларга кўз тикаман. Рўпарамда ўтирган бобом бир маромдаги оҳангда гапини давом эттиради.
– Дарё ёқалаб, тўқай оралаб мол ҳайдаб юриб эдим, милтиқ овози эшитилди. Нариги қирғоқдан учган тустовуқ мендан ўттиз қадамча нарига тушди. Югуриб бориб қарадим, қанотини тапиллатиб ерга уриб, чалажон ётибди. Тустовуқни кўтариб нариги соҳилдаги овчига кўрсатдим. У олавер, сенга дегандай ишора қилди. Ўпкам кўкрагимга сиғмай уйга қараб югурдим. Шу кетишда момомга “Мана тустовуқ, қайнатма қилиб беринг, бобомни кўргани бораман”, дедим.
Шу пайт бобомнинг овози титрайди. У момосининг ёнига эндигина етиб келган ўн яшар боладай титроқ овозини босиш учун тамшанади. Беихтиёр унинг юзига кўз тикаман. Қовоқлари остида кўзёш ялтираб, бир тутам соқоли оралаб ғойиб бўлади.
Отадан барвақт етим қолган бу одам мўйсафид бобосига суяниб қолган эди. Тақдирнинг аччиқ ҳукми сабаб қишлоқнинг оқсоқоли, илмли кишиси бўлгани учун катта бобомиз Термиздаги қамоқхонага ташланади. Бегона овчининг совғасидан суюнган ўн яшар Амирхон тустовуқни бобосига олиб бориш учун уйига югургани боиси шу эди.
Рўпарамда ўтирган бобомнинг бўғзига ҳамон йиғи тиқилган, йиллар ўтса ҳам ўша ҳасрат, қайғу чекинмаган. Сабаби бобосининг вафоти ҳақидаги хабарни эшитмаган. Бир умр кутди, келиб қолар, дея йўлга кўз тикиб ўтди.
Мустақиллик, ватан ҳақида гап кетса, беихтиёр бобомнинг жиққа ёшга тўлган кўзи, титроқ овозда айтган гаплари ёдимга тушади. Кейин ҳозирги кунларимизни сарҳисоб этаман. Агар бобом ҳаёт бўлганида қай йўсин иш тутган бўларди, дея ўйлайман.
Аниқ биламан, машинанинг олд ўриндиғига ўтириб, “Термизга ҳайда, бориб бобомнинг қамалгани ҳақидаги ҳужжатларни олайлик, судга берамиз, оқлайди”, дерди. Кейин яна кўзига ёш тўлар, аммо овози титрамасди. Ҳарҳолда мен шундай тасаввур этаман. Чунки у бир умр бобоси бегуноҳ эканини юрак-юрагидан ҳис этиб, буни баралла айтишдан чўчиб яшади. Ҳуррият сабаб халқ душмани, деган тамға одамларнинг юзига солинмайдиган бўлди. Барибир оқлов деган умид юрагига юк бўлиб яшаб ўтди. Гарчанд бунга ҳеч ким тўсқинлик қилмаса ҳам қатағон сиёсатининг қўрқуви ҳамон яшаб келаётганди.
Ҳозир шулар ҳақида ёзаяпман-у, кўз олдимга отам келди. У бор қувватини, иродасини жамлаб, ўша қўрқувни енгиб ўтишга сарф этган экан. Бу, айниқса, ҳар йил куз келганида аниқ кўринарди.
Мактабнинг кенг-мўл ҳовлиси. Бинонинг асосий эшигига рўпара бўлиб ўқитувчилар турибди. Уларнинг икки ёнидан биз — ўқувчилар саф тортганмиз. Ўртада мактаб директори. У овозига ясама улуғворлик бериб сўзлайди: “Биринчи синфга рухсат, иккинчи синфдан то тўртинчи синфгача дарсга келади, икки соат дарсда ўтириб, кейин секин далага. Ўқитувчилар ўзларинг бош бўлиб, саноқдан камайтирмай олиб борасанлар”.
Қатор орасида пичир-пичир бошланади. Юқори синф ўқувчилари қайси бригаданинг пахта даласига сургун қилиниши ҳақида баҳслаша бошлайди. “Жим!”. Директорнинг овозидан ҳамма бирдан сергак тортади. Сўнг юқори синфларнинг пахтага чиқиш режими, кунлик режа ҳақида батафсил айтилади. Гап сўнгида директор: “Уйи яқинлар уйидан, бошқалар ҳам яқинроқ жойдаги қариндош, дўстларидан партук олиб келсин, ҳозирнинг ўзида ҳамма далага!” дейди.
Мактаб ҳовлисидан шундоқ уйимиз кўриниб туради. Фартук сўраган синфдошларим ортимдан эргашади. Ҳовлида ўрик соясида ёнбошга ёстиқни босиб радио эшитиб ётган отам бошини кўтаради. У пахта теримига кетаётганимизни эшитиб сергак тортади: “Яна бошландими?! ...Фартук керак бўлса, бериб юборавер, сен ҳеч қаерга бормайсан!”
Бу гапни эшитиб ўтирган онам гапга қўшилади:
– Ҳамманинг боласи қатори бориб келаверсин, нима қиласиз қайтариб? Ишёқмас бўлиб қолади.
– Менинг болаларим пахта ораламай катта бўлади!
Шу тариқа пахтага чиқмайдиган бўламан. Директорнинг важоҳатидан чўчиганимни билган отам ўқитувчилар билан ўзи гаплашишини айтади. Уларга нима дейди, қандай гаплашади, билмайман. Ҳозир ҳам буни тасаввур қила олмайман. Ахир ўша замонларда мен пахта термасам, ўрнимга кимдир териши, режани бажариши керак эди. Мактаб директори ҳам фермердай гап эди. У ҳар куни кечки пайт қанча пахта топширгани ҳақида ҳокимга ҳисоб беради. Ундан болаларнинг билим даражаси эмас, “оқ олтин” дейиладиган қора заҳмат сўралади. Шундай вазиятда директор учун битта боланинг далага чиқмаслиги ҳам катта йўқотиш. Аммо отам ҳар йили бунинг уддасидан чиқади.
Аслида бу жуда катта жасорат эди. Фақат ҳозир бу ишнинг нечоғлик катта аҳамиятга эгалигини ўғлимга тушунтира олмайман. Чунки пахта нима, нега уни ўқувчилар териши керак, деган гапларни билмайди, билмасин ҳам!
Шу тариқа пахта даласига сира ораламайман. Мабодо талотўпда бошқалар қатори дала бошига борсам ҳам эгат оралаб, адоқдан чиқиб, уйга қочаман. Онам: “Ишламасанг, пахта термасанг, дарсингни қил”, дейди. Дарсликни очиб, балони ҳам тушунмайман. Бирор соат дарс ўтилмаган ахир. Сўнг бирорта асарни олиб мук тушаман. Шукур Холмирзаев, Саид Аҳмад, Чингиз Айтматовдай ёзувчилар билан шу тахлит “дўстлашаман”. Бундан отам фахрланади. Туман, вилоят газеталарида чоп этилган мақолаларимни кўриб кўнгли ёришади. Дўстлари билан бир даврада ўтирганда уларга ҳазил қилади: “Ҳушёр бўлинг, бу бола журналист, нимани эшитса, шундай ёзади!”
Бундан уяламан. Отам нега ҳаммага мен ҳақимда бундай гапларни айтаверишини ҳали тушунмайман. Кейинчалик биламанки, оталар шу тарзда фарзандлари билан фахрланади. Буни кейинчалик Тошкент вилоятига кўчиб келиб яшай бошлаганимизда аниқ ҳис этаман.
Ўшанда 2015 йиллар эди. Ҳовли сотиб олиб, кўчиб келганмиз. Аммо “прописка” муаммоси сабаб расман бу уйда ижарада яшаймиз. Уйни қишлоқдош ошнамнинг номига расмийлаштирганмиз. Қўшнимиз Эргаш бобо ишнинг кўзини биладиган одам. У Сурхондарёдан қоракўл тери топиб келган. Унинг ёнига яна нималардир қўшган, казо-казолар олдига кириб, совғани берган, ишни пишитган. Шу тариқа ўғли Қулмирза Тошкентнинг доимий рўйхатга олинган фуқароси! Бу ўша вақтларда худди ўрта асрлардаги олий ирқ вакили дегандай гап эди.
Ана шундай кунларда пенсияни Сурхондарёдаги почтачи Хайрулла ака беради. Отам муддат яқинлашгани ҳамон бот-бот унга қўнғироқ қилади. Пенсия пулини қариндошларга беришини айтади. Хайрулла ака истар-истамас ота-онамнинг пенсиясини амакиларимга беради. Сўнг улар Тошкентга келаётганлардан бериб юборади.
Бир сафар отам Сурхондарёга бориб онамга ҳам, ўзига ҳам пластик карта олиб келди. Пенсияни ўз ихтиёри билан картада олмоқчи эканини билганлар отамни сал демаса девонага чиқарай деган. Банк ходимлари такрор-такрор сўрармиш: “Бобо, ростдан ҳам пенсияни пластик картада олмоқчимисиз? Кейин изига қайтариб бўлмайди, яхшилаб ўйлаб кўринг!”
Отам қатъий жавоб айтади. Орқада навбат кутиб турганлар пичир-пичирни бошлайди. “Бобо пенсиясини ишлатмаслик учун атайлаб картага ўтказяпти шекилли”. “Шу-шу, бўлмаса, қўлига нақд келиб турган пулни ким ҳам картага ташлатади?! Кеча Шўрчида сўрадим, картадан пулни нақд қилиб бериш учун 15 фоиз ушлаб қолар экан!” “Ўн бешга чиқибдими? Шунда бир миллиондан 150 минг олиб қоладими?! Одамлардан инсоф ҳам кўтарилди!”
Отам ҳужжатларни имзолагач, бояги кишиларга юзланади: “Ўғлим Тошкентда ишлайди, кўчиб кетганмиз. Тошкентда терминал бемалол, картадан савдо қилаверамиз”, дейди. Банкдагилар унинг ортидан ҳавас ва ҳасад аралаш қараб қолади. Аммо улар катта бозорда пластик картада бемалол савдо қилинадиган дўкон атига иккита эканини билмайди. Боз устига нархлар бошқаларидан икки ҳисса қимматлигини ҳам. Хомчўтимга кўра, нархдаги фарқ ўша 15 фоиздан сира кам эмасди. Буни барчамиз билар, аммо нарх қимматлиги ҳақида сира оғиз очмасдик. Тавба, ҳеч ким гапиришни тақиқламаган, лекин гапириб ҳам бўлмайдиган ҳолатлар ҳам бўлар экан-да! Шундай вазиятга тушганида одам ўзини нақадар ожиз, нотавон ҳис этишини билсангиз эди...
Яқинда отамни чин дунёга кузатдим. Қўрғон қулагач, кичик тепаларга шамолнинг шиддати аниқ билинар экан. Ана шу шамолни тўсиш навбати менга етди. Шу ҳақида ўйлаб, отамнинг матонатига қойил қолганим рост. Отам том маънода доим мени елкасида олиб юрган экан. Бўлмаса, Тошкентга келиб елка қисиб яшашга мажбур бўлмасди. Ўйлаб кўринг, боласини пахтага оралатмаган ота унинг иқболи учун ўғли билан тенгдош участка нозирининг олдида бош эгиб туриши... даҳшатнинг ўзгинаси эди мен учун.
Ўша куни якшанба эди. Паркент туманидаги бозорга бордим. Чўнтагимда тайинли пулим бўлмаса ҳам бозордаги қорамол ва қўйларнинг нархини сўрадим. Сурхоннинг жайдари одамларини эслатадиган олиб-сотарларнинг қўл силташини томоша қилиб уйга қайтдим. Келсам, ота-онам ҳам, болаларим ҳам мунғайиб ўтирибди. Вазият бундай: мен йўқ маҳал участка нозири келади. Аввалига отамга оддий текширув, дея паспортларни олади. Сўнг отамнинг ялиниши, тушунтиришига қарамай, паспортларни ўзи билан олиб кетади. Кетар чоғи: “Ўғлингиз келса, маҳалла идорасига борсин, ўша ерда бўламиз!” дейди.
Бўсағадан қайтиб, маҳалла идорасига йўл олдим. Мактабнинг бир четидаги чоғроқ хона одам билан тўлган. Ит эгасини, мушук бекасини танимайди. Шу ғала-ғовурда участка нозирининг менга кўзи тушди: “Сиз кимсиз?” деб сўради.
Ўзимни таништириб, холи гаплашиб олишга чақирдим. Узун йўлакнинг бир чеккасига бориб тўхтадим. Аввалига газетада ишлашим, бекорчи ё жиноятчи эмаслигимни тушунтирмоқчи бўлдим. Қани энди гап кор қилса! Нуқул: “Ака, мени ҳам текширади, сизни деб ишдан ҳайдалиш ниятим йўқ, додага ҳам айтдим. Ҳужжатсиз яшаяпсиз, эртага уйдан чиқиб кетишингиз керак”, дейди.
Ўшанда негадир вақтинчалик рўйхатга қўйишга ҳам рухсат йўқ эди. Алам ва аччиқ билан нималар дедим, билмайман. Нозир узоқ вақт кўзимга тикилиб турди-да: “Бўпти, сизга ёрдам бераман, фақат илтимос, дарвозадан ҳеч ким чиқмасин. Ҳатто қўшниларингиз ҳам яшаётганингизни билмасин, текширув келиб қолса, сиз ҳам, мен ҳам яхшигина жарима тўлаймиз”, деди.
Ўша вақтда нозир кўзимга фариштадай кўринди. Боримни олиб, унинг чўнтагига урдим. У “тушунган одам” эканимдан хотиржам тортиб, паспортларимизни узатди. Кейин вақтинчалик рўйхатга олишга рухсат бўлмагунча дарвоза очишга ҳам чўчиб яшадим. Вақт ўтиши билан бу гапларни ҳам унутгандай бўлдик. Ўша кунларни эсламасликка уринар, оилавий гурунглар ўша томон қараб кетганида ҳам, не кунлар ўтмади, дея жим бўлардик. Токи отам ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштирмагунча.
Икки йилча аввал отам ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштириш учун Сурхондарёга бормоқчи бўлди. Мен уни Тошкентда ҳам алмаштириш мумкинлигини айтдим. Шу гаплар орасида ҳужжат баҳона, мақсад сафар эканини сезиб қолдим. Сўнг “Шаҳардан алмаштиринг, навбат кам бўлади”, дея отамни шаҳарга олиб келдим.
Отам давлат хизматлари биносидан чиқиб келгач: “Манави сенинг ишингми?” дея янги ҳайдовчилик гувоҳномасини менга узатди. Ҳеч нарсани тушунмай отамга термулдим. “Яшаш манзилига қара”. Шу гапдан кейин ҳужжат ёзувларини ўқиб донг қотдим. Тошкент вилоятидаги уйни ўз номимга расмийлаштиргач, отам ҳам шу ерга доимий рўйхатга ўтиб кетган экан! Бундан эса на бизнинг, на ўзининг хабари бўлган. Ўшанда кўнглимдан ўтган ўйларни сўз билан айтиб, тушунтириб бўлмайди. Отам иккимиз бир муддат бир-биримизга термулиб турдик-да, беихтиёр кулиб юбордик. Бу кулги алам, изтироб қоришиқ қувонч эди, назаримда.
Ўтган кунларни бир-бир эслар эканман, ҳамма авлоднинг ўз тарихи бўлар экан-да, деган ўй ўтди кўнглимдан. Бобом қатағон бўлган бобосини кутиб, бир умр йўл қараб боқий дунёга кетди. У ўлим олдидан, сув ҳам, ажиб бир неъмат ҳам эмас, лолақизғалдоқ сўради. Саратонда лолақизғалдоқ қаерда дейсиз. Кимдир топармонлик қилди. Анорнинг янги очилган гулини олиб келди, бобом унинг лолақизғалдоқ эканига ишонди. Ҳамма ҳайрон, нега айнан лолақизғалдоқ?!
Ўшанда беихтиёр бобомнинг ой ёруғида кўзёш билан айтиб берган тустовуқ воқеасини эсладим. Кейин кўз олдимга лолақизғалдоқ келди. Қирда қип-қизил гиламдай ястанган қизғалдоқзор оралаб арава кетиб борарди. Унинг икки четида милтиқ кўтарган икки аскар, аравада қўлига кишан урилган катта бобомиз. Ёшгина Амирхон эса “бобо”лаганча ортидан югуриб боряпти.
Отам ўқимоқчи бўлганида отаси қайтарган. “Қўйинг, мустабид ҳукуматга хизмат қилманг!” Шу бир оғиз қайтариқ сабаб илмга ташна отам бир умр мени ўқитиш, яхши жойларда ишлашимни кўриш орзусида яшади. Ўзи истагандай одам бўлишим учун ғуруримни синдирмасликка уринди. Ҳатто қанча оғир бўлмасин, пахта даласига яқин йўлатмади.
Ҳозир фарзандларимга шулар ҳақида – боболари орзуси набиралар ҳаётида ўз аксини топиши кераклигини айтишим зарур. Бунда ҳеч қандай муаммо йўқ. Ўйлаб қарасам, менинг чекимга энг осон, аммо жуда муҳим вазифа тушибди. Зеро, болаларимга тўғри тарбия бериб, илмга қизиқтира олсам, бас. Бугунги глобал дунёда маърифатли шахсни тарбиялашнинг аҳамияти ҳақида эса келажак тарихчилари — болалар ёзади...
Боборавшан ҒОЗИДДИНОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири