Давлатимиз раҳбари ҳақли равишда таъкидлаганидек, “Бобурнинг экология ҳақида ёзганларини ўқисангиз, ҳозирги даврда яшайди, деб ўйлайсиз”. Дарҳақиқат, “Бобурнома”ни ўқиганда унда баён қилинган жойларнинг экологик ҳолати, яъни ўша диёрнинг ўсимлик дунёси, ҳайвонот олами, қушлари, ери, оби-ҳаёти, иқлими, гиёҳлари, мева-чеваси хусусида тарихий ва экологик нуқтаи-назардан бугунги кун учун ҳам аҳамияти қимматли бўлган аниқ маълумотларга эга бўламиз.
Хусусан, “Бобурнома”ни набобат оламига оид сермазмун асар дейиш ўринлидир. Унда Фарғонадан Ҳиндистонгача бўлган ер, жойлар, тоғ, ўлкаларда ўсадиган дарахт, ўсимлик, ўт-ўлан, гуллар, уларнинг турлари, озиқ-овқат ва тиббий хусусиятлари тўғрисида қимматли маълумотлар келтирилади. Чунончи, “Бобурнома”да Ҳиндистон меваларидан анба ҳақида мукаммал маълумот баён қилинади. Унда ёзилишича, “Ҳиндистонгагина хос мевалардан бири анбадир. Яхшиси яхши бўлади, кўп ейиш мумкин. Лекин яхшиси кам бўлади. Уни аксар хом узадилар: уйда туриб пишади. Хоми яхши ош қатиғи бўлади. Ғўрасининг мураббоси ҳам яхши бўлади”.
Шунингдек, “Бобурнома”да Ҳиндистон меваларидан кейланинг ўзига хос жиҳатлари ҳақида батафсил тавсиф айтилади: “Яна бир меваси кейладир. Дарахти унчалик баланд эмас, балки дарахт деб ҳам бўлмас. Бута билан дарахт орасидаги бир нарсадир. Ғунчасининг ҳар барги очилгач, баргининг тубида қатор асти-етти гули бўлади. Бу қатор гуллар кейла бўлади”.
Бундан ташқари, “Бобурнома”да балут дарахтининг хусусиятларига алоҳида тўхталиб ўтилган. Унда баён қилинишича, “балут Жанубий Осиёда ўсадиган эман дарахти нави” . У Афғонистон тоғларида, Қобулдан шарқдаги ҳудудларда ўсиши, ёғочи яхши ўтин бўлиши таърифланади. Хожа Сеёрон қишлоғи яқинидаги ўрмонлар балутистон дейилган ва қишлоқ номи чинор, арғувон ва балут дарахтларининг бирга ўсишидан келиб чиққани айтилган.
“Бобурнома”да ўсимлик дунёсининг турлари, меваларининг кўриниши, таъми ҳақида тўлиқ, ишончли маълумотлар берилиши, дарахти, ҳажми, ранги, гули ва япроғигача тасвирлаш, шунингдек уларни Фарғонада ўсадиган дарахтлар, мевалар, гул ва баргларигача қиёсий таққослаш ўқувчида катта қизиқиш уйғотиб, бу Бобурнинг етук мутафаккир ва тажрибали олимга хос кузатувчанлигидан далолат беради. Ушбу асарда, айниқса Бобур ўзи хукмронлик қилган она ватани Фарғона вилоятининг набобати ҳақида ҳам муҳим таърифу-тавсифлар келтирилади. Ушбу қомусий асарда ёзилишича, “Фарғона дон-дуни кўп, меваси фаровон. Қовун ва узуми яхши бўлади. Андижоннинг ношватисидан яхшироқ ношвати бўлмайди. Яна Марғинон ноз-нематга бой. Анори ва ўриги жуда яхши бўлади”.
Фарғона вилояти ўсимлик дунёсининг ранг-баранлиги ҳақида тўхталар экан, Бобур тобулғи дарахтининг мўжизавийлиги, унинг саҳовати, ўзига хослиги, ижтимоий аҳамияти хусусида эътиборли жиҳатларни баён этади. Хусусан, “Бобурнома”да ёзилишича, “тобулғи дарахти Фарғона тоғларида бўлади. Ўзга ҳеч ерда бўлмайди. Тобулғу шундай дарахт: пўсти қизил, ҳасса, қушларга қафас қиладилар, қамчи дастаси ҳам қиладилар, тарашлаб камон ўқи қиладилар”.
“Бобурнома”да баён қилинган тарихий воқеликлар, фактлар шундан далолат берадики, Бобур нафақат ўзи умргузаронлик ва хукмронлик қилган ҳудудларнинг ўсимлик дунёси ҳақида маълумотлар келтиради, балки ушбу ерларнинг иқлим шароитига қараб уларни шу ерда мослаштиришга ва ўстиришга ҳаракат қилади. Масалан, Бобурнинг буюртмаси билан Аградаги “Ҳашт бихишт” боғида Ҳиндистон шароитида биринчи бор қовун, узум, олхўри ҳамда Марказий Осиёдан олиб келтирилган гуллар экиб ўстирилган. Бу тажриба ўсимликларни интродукциялаш ва иқлимлаштиришнинг агрономия ва биология тарихидаги дастлабки намуналардан биридир. Тарихий маълумотлар шундан гувоҳлик берадики, Бобур Ҳиндистонда шаҳарларни обод қилиш, қудуқлар қазиб сув чиқариш, гўзал боғлар яратиш каби ишлар билан машғул бўлган.
Шуҳрат Ҳотамов,
Ўзбекистон Республикаси Жамоат
хавфсизлиги университети доценти, полковник