Интилганга толе ёр дерлар,
Вале ҳар ким элда достонмас.
Чин шоирлар, шерюрак эрлар,
Бобур бўлиш, аммо осонмас.
Бу оламнинг шоҳлари ичра,
Ҳеч кимда йўқ Бобур баёти.
Яшар Бобур оҳлари ичра,
Адабиёт абадиёти.
Тангри асли Бобурни Ҳиндга,
Босқинчимас, бахт қилиб берди.
Тожмаҳални азал-абадга,
Гўзаликка тахт қилиб берди.
Қирқ саккиз йил умрини доғлаб,
Қирқ саккиз минг азобдан айтди.
Гоҳ қаламин қонда сиёҳлаб,
Шеър сеҳри-ла ғазабдан қайтди.
“Бобурнома” – Ватан суврати,
Тафаккурнинг бир гавҳаридир.
Асрларнинг асил ҳайрати,
Шоҳ ва шоир шоҳ асаридир.
Нвоийнинг номида ўзбек
Миллат бўлиб ғурурда яшар.
Дил кўкида порлаган нурдек,
Бобурни ҳам ардоқлар башар.
Жаҳонгирлар кўпдир жаҳонда,
Лек Бобурдек қалби жаҳонмас.
Минг азобда, минг бир имконда,
Бобур бўлиш ахир осонмас.
Маҳмуд ТОИР,
Ўзбекистон халқ шоири