Бобур ҳаёти, эътиқоди ва ижодини ҳам бу таълимот, хусусан, унинг нақшбандия тариқатисиз тасаввур қилиш қийин. Бобур феномени тасаввуфнинг ўзига хос ҳосиласи, нақшбандия тариқатининг икки асрлик тараққиёти маҳсули эди.
Темурий шоҳу шаҳзодаларнинг тасаввуф пирларига мурид тушиши айнан Амир Темурнинг ўзидан бошланган. Темурийлар ўзларини ҳамиша тасаввуф пиру муршидлари, шайхлар шарофати билан шундай юксак мартабаларга эришган ҳисоблаб келган. Тасаввуф темурийлар учун маънавий паноҳ бўлган. Навоий асарлари, хусусан, “Насойим ул-муҳаббат ва шамойим ул-футувват” тазкирасида Темур ва темурийзодаларнинг тасаввуфга, бевосита унинг вакиллари бўлган шайхларга муносабати, уларга мурид тушгани ҳақида етарлича маълумотлар мавжуд.
Манбалардан Соҳибқироннинг Хожа Аҳмад Яссавий қабрига ҳашаматли мақбара қурдиргани, яшил мармар қабр тошини Ҳиндистондан олдиртиргани, Зангиота даҳмасига мақбара бунёд этишга ҳам киришгани, чала қолган бу иморатни кейинчалик невараси Мирзо Улуғбек охирига етказганини биламиз. “Насойим ул-муҳаббат”да Темурнинг Фарғонада яссавия пирларидан Хожа Боязид (унинг қабри Фарғона вилоятининг Бувайда туманидаги Мазор қишлоғида), Хуросоннинг Андхуд қасабасида Бобо Сунгу деган шайх билан учрашгани, бу кўришувларда юз берган кароматлар ҳақида ҳам баён этилади.
Ёки Соҳибқироннинг суюкли набираси Мирзо Улуғбек азбаройи тасаввуфга эътиқоди кучи билан Ғиждувонда айнан хожагон-нақшбандия тариқати асосчиси Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний мақбараси ёнида мадраса бунёд эттирди.
Бобурни темурийзодаларнинг Хожа Аҳрорга муносабати кўп қизиқтирган. Отаси Умаршайх мирзо Хожа Аҳрор Убайдуллоҳ Валийнинг муриди, ҳамсуҳбати эди, уни шайх “фарзанд” дер эди. Отасининг акаси Султон Аҳмад мирзо ҳам Хожа Убайдуллоҳнинг муриди бўлган. Унинг Самарқанддаги қарийб чорак асрлик ҳукмронлиги замонида Хожа Аҳрорга тааллуқли кўп фақиру камбағал кишилар зулму зўравонликдан халос бўлар эди. Бобурнинг яна бир амакиси Султон Маҳмуд мирзо Самарқанд тахтини олганидан кейин ана шу эзгу анъанани давом эттириш ўрнига, аксинча, шундай кишиларга зулм ўтказа бошлади. Ҳатто бевосита ҳазрат Хожа Аҳрорнинг авлодига ҳам шундай тажовузкорона муносабатда бўлинди. Унинг Хожа Убайдуллоҳга нисбатан беписанд муносабатини “Бобурнома”нинг кейинги – 1494/1495 йил воқеалари баёнида ҳам ўқиймиз: “Бад эътиқод киши эди. Ҳазрати Хожа Убайдуллоҳға истихфоф (беписандлик) қилур эди”. Одамлар: “Бу навъ зулм ва фисқдин бажону дил озурда ва ранжида бўлдилар. Вазиъ ва шариф, фақир ва мискин нафрин ва дуойи бадиға оғиз очиб, қўл кўтардилар”. Кўпнинг дуойи бади ёмон: Султон Маҳмуд мирзонинг Самарқандга подшолиги беш-олти ойдан ошмади.
Бобурнинг замони шундай мураккаб бир давр эдики, ҳокимият учун кураш йўлида ота ўғилни, ака укани аямасди. Темурийларнинг аксари Хожа Аҳрор ва унинг авлодларига мурид бўлгани учун ҳам тасаввуф вакилларининг бу жангу жадаллардан четда туриши қийин эди. “Бобурнома”да Хожа Аҳрор авлодлари темурийларнинг тахт учун курашаётган бир-бирига зид томонларга тарафкаш бўлиб қолгани ҳақида ҳам ёзилади. “Мулло Биноийни ва Муҳаммад Солиҳни анда Хожа хизматида кўрдум. Муҳаммад Солиҳни ўшул бир қатла-ўқ кўрдум”, деган қайд эса ўзбек ва тожик адабиётининг бу икки вакили шу алғов-далғов замонда айнан нақшбандия пири паноҳида жон сақлаганидан далолат беради.
Одатда отанинг пири ўғилга ҳам муршидлик қилар эди. Агар отасининг пири ўтиб кетган бўлса, ўғил ўша пирнинг муридларидан бўлган улуғ зотнинг этагини тутар эди. Бобурнинг отасига пирлик қилган Хожа Аҳрорга боғлиқлиги бундан ҳам кучлироқ эди. Умаршайх Мирзо тўнғич ўғли туғилгач, пири Хожа Аҳрор ҳузурига бориб, чақалоққа исм қўйиб беришни сўрайди. Ул зоти шариф янги туғилган болага “Заҳириддин Муҳаммад” деб от қўяди. Лекин оддий одамлар учун талаффузи оғирлик қилишини ҳисобга олиб: “Мирзо Бобур бўла қолсин”, дейди. Шунга қарамай, хутбада хатиблар “Заҳириддин Муҳаммад Бобур” деб ўқишади.
Бобурнинг “устоди ва пири” Хожа Мавлонойи қози Абдуллоҳ эди. “Бобурнома”да унинг ота тарафдан Шайх Бурҳониддин Қиличга, она томонидан эса Султон Илик Мозийга бориб боғланиши айтилади. Бу икки насаб Фарғонада аввалдан баобрў бўлиб келган эди: “Фарғона вилоятида бу табақа муқтадо (диний йўлбошчи) ва қози бўла келгандурлар”. Бобурнинг пири Умаршайх Мирзо билан ҳампир, яъни у ҳам Хожа Аҳрорнинг муриди, ул зоти шариф қўлида тарбия топган эди. Шайхлар орасида валий даражасига етганлар кам бўлади. Бобур эса пирини шундай мақом эгаси ҳисоблайди, бу зоти шарифга ёмонлик қилганларнинг жуда оз фурсатларда оламдан ўтганини бунга энг ишончли далил қилиб келтиради: “Хожа қозининг валийлиғида менинг ҳеч шакким йўқтур. Қайси иш валоятқа мундин яхшироқ далилдурким, аларға қасд қилғанлардин оз фурсатта осор ва аломат қолмади”. Иккинчи исбот ҳам бор: “Хожа қози қўрқмас киши эди. Қўрқмоқ анда асло йўқ эди. Онча далер киши кўрилган эмас. Бу сифат ҳам валоят далилидур. Сойир эл ҳар неча баҳодур бўлса, андак дағдағаси (қўрқуви) ва таваҳҳуми (ваҳимаси) бўлур. Хожада асло дағдаға ва таваҳҳум йўқ эди”.
Худди шу салоҳияти билан ҳам пир ҳамиша давлат ишларида Бобурга елкадошлик қилган.
1497/1498 йили Бобур етти ой урушиб, Самарқанд тахтини Бойсунғур мирзодан олади ва бу ерда 100 кун подшоҳлик қилади. Аммо аҳвол жуда оғир эди, аскарлар таъминотида катта танқислик бор эди. Шундан айрим навкарлар қочди. Шундай мураккаб вазиятда Бобур, биринчи навбатда, ёнида бўлган пирига суянган. Махсус вазифа билан, яъни қочганларга жазо бериш, баъзисини Самарқандга қайтариш учун пирини Ахсига жўнатади. Бу воқеалар Хожа қозининг худди пири Хожа Аҳрор каби сиёсат ишларига бевосита ва фаол иштирок этганини кўрсатади. Самарқандни эгаллаб турган маҳалда Хожа қози 18 минг қўйни Бобурнинг йигитларга улашади. Бу ҳам Хожа қозининг Хожа Аҳрор сингари кўп мол-мулкка эга бўлганини кўрсатади. “Бобурнома”да пирининг сиёсий мазмундаги маслаҳатлар ифодаланган мактублар ёзгани қайд этилади.
Андижонни олган душман Бобурнинг Самарқанддан чиқиб Хўжандга етиб келганини эшитиб, Хожа қозини “арк дарвозасида беиззатона осиб, шаҳид қилди”. Бу Хожа қозининг фикран сотқин Али Дўст тағойи билан бирлашмаганини, Бобурга охиригача содиқ қолганини кўрсатади.
Бобур пири учун ўч олди. Икки йилча қўлдан чиққан ота вилоятини қайта қўлга киритгач, яқинларини талаган, пирини ўлдирган, тузини еб, туздонига тупурган Узун Ҳасан бошлиқ қавмни садоқатли навкарларига талатди. Аммо Бобур хато қилганини ўша заҳоти тушунди: айнан ана шу хатосининг касрига қолиб, у Андижонни иккинчи марта ташлаб чиқишга мажбур бўлди.
Тасаввуф аҳлининг қатъий ақидасига кўра, агар Хожа қози чинакам валий бўлса, унинг руҳи ўлганидан кейин ҳам душманларини, айниқса, қотилларини тинч қўймаслиги керак. Шундай бўлди. Ахир Бобур рубоийсида айтилганидек:
Ҳар кимки, ямон бўлса, жазо топқусидур.
Икки йилдан кейин Али Дўстнинг қўлига яра чиқиб, шу дард билан ўлди. Ўғли Муҳаммад Дўст Шайбонийхон хизматига кирди, бироқ ўз подшоҳига вафо қилмаган ўзга подшоҳга садоқат кўрсатармиди? Шайбонийлар ўзларига кўрсатган бевафолиги учун тутиб, кўзларини кўр қилди: “Кўзларини туз тутти”нинг бу маъниси бор эмиш”.
Темурийлар даври жамиятда тасаввуф пирларининг мавқеи баланд замонлар бўлган. Ҳамма даврда ҳам сиёсат халқни ғоя-эътиқодининг кучи орқали бошқара оладиган зиёли билан ҳисоблашишга мажбур бўлгани каби Шайбонийхон Хожа Аҳрорнинг ўғли Хожа Яҳёдан қўрқар эди. Шунинг учун ҳам унга икки ўғли (Муҳаммад Закариё, Хожа Боқий) билан Хуросон кетишига рухсат берди. Аммо кейин ортидан одам юбориб, учаласини ҳам ўлдиртирди. Баҳона қилиб: “Хожанинг иши мендин эмас эди, Қанбар бий ва Кўпак бий қилдилар”, деди. Бобур бу масалада Шайбонийхонга иккита жиддий айб қўяди, биринчиси – уларни ўзи ўлдиришга буюриб, номардларча гуноҳни бекларига тўнкаяпти; иккинчиси – агар беклар хондан сўрамай, ўзбошимчалик билан иш кўра бошлаган бўлса, унинг хонлиги қаерда қолди: “Бу андин ямонроқ, масал (мақол) борким: “Узраш бадтар аз гуноҳ” (“Узри гуноҳидан ёмонроқ”). Мундоқ ишларни беклар ўз бошича қила бошласа, бас, хонлиғиға ва подшоҳлиғиға не эътибор?”.
Нақшбандия шайхлари кўпинча ҳукмдорлар ўртасида дипломатик муносабатларни адо этиб келган. Бир гал Бобур Хожагон Хожани ҳам шу мақсадда ишга солди: “Фаркатқа бориб, Хожани кўрдум. Умидвор эдимки, хон додам риоят ва иноят мақомида бўлуб, вилоят ва паргана (қисм, бўлак ҳудуд) бергайлар. Ўратепани ваъда қилдилар. Муҳаммад Ҳусайн мирзо бермади. Билмон (билмайман), ўзлукидин бермадиму ё юққоридин ишорат бўлдиму?”.
“Бобурнома”да “Хожа” номи билан 15 ерда у ёки бу шахс тилга олинади. Бундан ташқари, исми олдига “Хожа” сўзи қўшилган ҳолда яна 60 киши қайд этилади. Албатта, буларнинг бир қисми хожагон-нақшбандия тариқати вакиллари эди. Тадқиқотчилар олдида буларнинг ҳар бирига Бобурнинг муносабатини алоҳида-алоҳида ўрганиб чиқишдек масала турибди.
Шоҳлик ва дарвешлик – бир-бири билан келишмайдиган икки қутб. Аммо Навоий бутун ижодида шоҳ ва дарвешни бир шахсда мужассам кўриш орзусини куйлади. Ҳусайн Мирзони шундай шахс сифатида таърифлади. Давр дунёга Бобурни берди. У ихтиёрий суратда шоҳликка дарвешликни қўшди. Бу унинг умумфаолиятида мавжуд етакчи хусусият эди.
Бобур “кичик хон додаси”, яъни тоғаси Султон Аҳмадхонни кутиб олиш учун барча қариндошлар Тошкент билан Сайрам ўртасидаги Яғо (бир нусхада Яғмон) қишлоғига пешвоз чиққанларини ёзар экан: “Иброҳим ота ва Исҳоқ отанинг қабри андадур”, дея қистириб ўтишни эсдан чиқармайди. Бу ҳам унинг тасаввуфга алоҳида эътиборидан бир далолат.
Бобур бир гал нақд ўлимдан қолган. “Бобурнома”да Худонинг бу иноятини у бевосита тасаввуфга, аниқроғи, Хожа Аҳрор руҳи мададига боғлайди. Бобур Чустнинг Ғовасидаги Карнон қишлоғида душмандан қочиб, ёлғиз ўзи қолган пайти алданиб, қопқонга тушганини обдон англаб етади. Унинг ёнига душман тарафдан вакил бўлиб келган Юсуф доруғадан бу “гадойтопмас” ердан чиқиб кетолмас бир ҳолатда эканини билганидан хабар топиб, буткул тамом бўлади.
Воқеанинг бу ёғини ҳеч ким Бобурнинг ўзидан ошириб айта олмаса керак: “Киши агар юз, агар минг яшаса, охир ўлмак керак... Ўзумни ўлумга қарор бердим (яъни “ўлимимни бўйнимга олдим”, дейилмоқчи). Ўшал боғда бир сув оқиб келадур эди, вузу қилдим, икки ракъат намоз ўқудум, бошимни муножотқа қўюб, тилак тилайдур эдимким, кўзум уйқуға борибтур”. Уйқуга кетганича Бобур туш кўради: Хожа Аҳрорнинг невараси бир ола от миниб, бир тўда отлиқ билан Бобурнинг рўпарасига келади-да: “Ғам емангиз, Хожа Аҳрор мени сизга йибордилар. Дедиларким: “...Ҳар ерда мушкил иш тушса, бизни назариға келтуруб, ёд этсун, биз анда ҳозир бўлурбиз”. Ҳоло (ҳозир) ушбу соат фатҳ (ғалаба) ва нусрат (зафар) сизнинг соридур. Бош кўтаринг, уйғонинг!”.
Шу заҳоти уйғониб, қарасаки, ғолиблик қаёқда, тамоман тескари бир ҳолат: Юсуф доруға ва унинг шериклари ўзаро Бобурни тутиб, боғламоқ маслаҳатини қилиб ўтиришибди. Шунда Бобур уларга: “Сизлар бу йўсунлуқ сўзларсиз, аммо кўрайинким, қайсингиз менинг қошимға кела олурсиз?” деди. Шу сўзнинг устида боғнинг деворидин ташқарида бир тўда отлиқнинг овози келди. Юсуф доруға буни Танбал юборган кишилар деб ўйлаб: “Биз агар сизни олиб, Танбал қошиға борсак эди, бизнинг ишимиз илгари борур эди. Ҳоло яна кўп киши йиборибдур сизни тутғали”.
Шу ўта драматик, ҳатто фожеий ҳолатда Хожа Аҳрор руҳи каромат кўрсатди: келган отлиқлар Танбал юборган кишилар эмас, Бобурнинг ўн беш-йигирма “жон тортқон навкари” экан: “Ўшал ҳолда манга андоқ ҳолат бўлдиким, гўё манга янги боштин Худой жон берди!”.
Бобурнинг талқинича, бу Хожа Аҳрор руҳи каромати эканига яна бир далил бор. Хўш, бу йигитлар Бобурнинг айнан шу ерда қамалда қолганини қаердан билишибди экан? Келган навкар йигитлардан бири бўлмиш Қутлуқ Муҳаммад барлоснинг тушига Хожа Аҳрор кириб: “Бобур подшоҳ Карнон деган кенттадур. Бориб, ани олиб келингким, подшоҳлиқ маснади анга тааллуқ бўлубтур”, дебди. У бу тушини Бобурга ёрдам учун келган улуғ хон кичик хонга айтади: “Менинг беш-олти ини-ўғлум бор, яна бир неча йигит қўшунгиз, Карнон тарафидин бориб хабар олайин”. Хонлар ўн йигит беради. Бобойи Парғарий икки укаси билан буларга қўшилиб йўлга тушишади, уч кун деганда шу оғир ҳолатида Бобурни топишади. Бобур шу тариқа нақд ўлимдан қолади.
Энди Бобур ҳаётининг тасаввуф билан боғлиқ бошқа бир нуқтасига диққат қилайлик. Араб адабиёти тарихида “Қасидайи Бурда” деган машҳур асар бор. Унинг муаллифи фалаж бўлиб ётар эди. Аллоҳга маъқул тушса-ю, зора, тузалсам, деган ният билан шу қасидасини битади. Тез фурсатда у оёққа туради. Буни Бобур яхши билар эди. У тез-тез такрорланиб турадиган бир дардга – безгак касалига мубтало эди. Бир гал касалининг бешинчи кунига келиб, кўнглидан Хожа Аҳрорнинг “Волидия” рисоласини назм йўли билан таржима қилиш нияти туғилди: зора, таржима Хожа Аҳрор руҳига манзур бўлиб, Бобур ҳам шу дарддан халос бўлса! Шундай бўлди ҳам.
Бобур нақшбандиянинг XVI асрдаги энг йирик вакили Махдуми Аъзамни ҳурмат қилган ва унга рубоийлар бағишлаган. Адабиётшунос Шерхон Қораевнинг Ҳасанхўжа Нисорийнинг “Музаккари аҳбоб” тазкирасига суяниб ёзишича, Бобур Ҳазрат Махдумий мулло Хожагий Косонийга бир бўлак олтин қуймасини юборган. Бу шайх ҳам шоир ҳақида “Бобурия” рисоласини ёзиб, Ҳиндистонга жўнатган.
Бобур қалбан сўфий эди. Вафоти ҳам сўфиёна кечди. У дунёдаги энг катта бойлиги – жонини оғир касал ётган Ҳумоюн ўғлига нисор айлади. Яъни жонини олиб, бунинг бадалига ўғлини дарддан халос этишини Яратгандан ялиниб сўради. Ҳумоюн Санбалда эди. Ўша ерлар унга берилган эди. Лекин Санбалнинг ерсуви унинг мижозига ёқмади, тез-тез иситмаси кўтариладиган касалга чалинди, тузалиши жуда узоққа чўзиладиган бўлиб қолди. Табиблар кўриб, яхшироқ даво қилсин учун Бобур уни кема билан Деҳлига келтиришлари тўғрисида фармон берди. Дори-дармон мутлақо фойда бермади.
Халқ орасида жуда оғир ётган, дори-дармон кор қилмай қолган беморнинг ниҳоят даражада яхши кўрадиган бирор нарсаси Худо йўлига садақа қилинса, ўрнига жони омон топади, деган қараш бор эди. Мир Абулқосим шу хулосага келиб, Бобурга шуни маслаҳат берган эди. Хўш, Ҳумоюннинг энг яхши кўргани нима эди? Отаси эди, албатта. Бобур ҳеч иккиланмай ўз жонини ўғлига садқа қилади. Буни эшитган Хожа Халифа уни бу фикрдан қайтаришга, бошқа бирор нарсани садақа қилишга ундайди. Лекин Бобур ўғлининг бундай дард чекишига чидолмаганидан қатъий шу фикрга келади. Бу ёғини Бобурнинг ўз тилидан эшитган маъқулроқ: “Мир Абулқосимким, улуғ киши эрди, арзға еткурдиким: “Ушмундоқ дардларға дармон будурким, яхши нимарсалардин тасаддуқ қилмоқ керак, то инки, Тенгри таоло сиҳҳат бергай”. Менинг кўнглумга келдиким, Муҳаммад Ҳумоюн(нинг) мендин ўзга яхшироқ нимарсаси йўқ, мен ўзум тасаддуқ бўлойин, Худой қабул қилсун. Хожа Халифа ўзга муқарраблардин (яқинлардан) арзға тегурдиларким: “Муҳаммад Ҳумоюн сиҳҳат топар, сиз бу сўзни нечун тилингизга келтурасиз? Ғараз будурким, дунё молидин яхшисини тасаддуқ қилмоқ керак”. Тилга келдиким: “Дунё моли анинг эвазиға нечук бўлғай, мен анинг фидоси қилурменким, ҳол анга мушкил бўлубтур ва андин ўтубтурким, мен анинг бетоқатлиғини тоқат келтургаймен”.
Бобур шу ният-мақсадини амалга оширади: касал ётган ўғлининг бошига бориб, атрофидан уч марта айланади, шу тариқа ихлос билан унинг дардини ўзига олади. “Ихлос – халос” деганларидек, кароматни қарангки, ўғли тузала бошлайди, ўзи эса... ётиб қолади: “Ўшал ҳолатга кириб, уч қатла бошидин ўргулуб, дедимким: “Мен кўтардим ҳарне дардинг бор”. Ўшал замон мен оғир бўлдум, ул енгил бўлди. Ул сиҳҳат бўлуб, қўпти, мен нохуш бўлуб, йиқилдим. Аъёни давлат ва аркони мамлакатни чарлаб, байъат қўлларини Ҳумоюннинг қўлиға бериб, жойнишинлиғиға ва валиаҳдлиғиға насб қилдим ва тахтни анга топшурдум”.
Халқ тилидаги “айланай”, “ўргулай”, “дардингни олай”, “гиргиттонинг бўлай”, “садқанг кетай” деган дуолар бекордан бекорга пайдо бўлгани йўқ. Бу айнан шундай одатдан, бировнинг дардини ўзига сўраб, унга шифо тилаш анъанасидан келиб чиққан.
Шоҳ ва шоир шу ётганича вафот этди. Чунки у ўзини ўғлига қурбон қилди, сўфиёна кўнгил ва сидқ билан Аллоҳдан шуни тилади. Тилакнинг бундай ижобат топиши чинакам тасаввуф вакилларигагина насиб этади.
Шерхон Қораевнинг “Ҳумоюннома”га суяниб ёзишича, Бобур умри охирлаб қолган кезда аъёнларини йиғиб, жумладан, бундай дейди: “Кўп йиллардан бери ўғлимга подшоҳликни топшириб, ўзим Зарафшон боғининг бир бурчагида турсам, деган фикрим бор эди. Худонинг карами билан ҳамма нарса муяссар бўлди. Лекин мана шу мақсадимни соғ пайтимда қилсам, деган эдим, бўлмади. Касал мени эзиб қўйди. Сизларга васиятим шуки, ҳаммангиз Ҳумоюнни менинг ўрнимга деб билинглар ва унинг ҳукмронлигини камситманглар. Унинг атрофида ҳамжиҳат бўлиб бирлашинглар”.
Шерхон Қораев яна бундай деб ёзади: “Аслини олганда, Бобуршоҳ аҳли аъёнлари билан учрашувида қайд этганидек, салтанатни Ҳумоюнга топшириб, ўзи эса дарвеш бўлишни кўнглига туккан, Аградаги Зарафшон боғининг бир бурчагида яшамоқни ният қилган эди: “Кўнглим салтанат ва подшоҳликдан олинди. Шу Зарафшон боғида бир бурчакда ўтирсам. Менинг хизматим учун Тоҳир офтобачи ҳам етиб ортади, деган экан олампаноҳ. Бироқ бу орзуси ҳаётлигида амалга ошмади”.
Бобурнинг ўлими билан боғлиқ яна бир қизиқ факт бор. Бобур 1530 йилнинг 26 декабрида вафот этади. Аммо бу бирданига ошкор қилинмайди: “Оройишхон исмли ҳинд амири подшоҳнинг вафотини ошкор этиш яхшиликка олиб бормаслигини, бу диёрда бундай нохуш хабардан сўнг одамлар бозорларни талаши мумкинлиги, бошбошдоқлик авж олишини Ҳумоюншоҳга сўзлаб беради. ...Шундан сўнг бир жарчи кишига қизил мато ўраб, фил устига ўтқазиб: “Бобур ҳазратлари дарвеш бўлдилар, давлатни Ҳумоюнга топширдилар”, деган хабар тарқатилиб, барибир Бобуршоҳнинг ўлими сир тутилади”.
Шоҳлик – сиёсат, тасаввуф – маънавият. Бир қарашда, булар ўзаро ҳеч қачон қовушмайдиган соҳалардек туюлади. Аммо, кўриниб турибдики, Бобур ҳам шоҳ, ҳам дарвеш эди. Унинг форсча-тожикча рубоийсида бу гап аниқ-тиниқ айтилган, ундан Бобурда шоҳлик ва дарвешлик бирлашиб кетганини билиб оламиз:
Дарвешонро агар на аз хешонем,
Лек аз дилу ҷон муътақиди эшонем.
Дур аст магӯй шоҳӣ аз дарвешӣ,
Шоҳем, вале бандаи дарвешонем.
(“Агар дарвешларга қариндош бўлмасак ҳам, лекин дилу жонимиз билан уларга эътиқод қиламиз. Шоҳликни, дарвешликдан узоқ деб ўйлама, шоҳмиз, бироқ дарвешларга бандамиз, яъни қулмиз”).
Тасаввуф фалсафаси ғоялари Бобур лирикасининг ҳам мағзи-мағзига сингиб кетган. Чунки у яшаган даврда, хусусан, Алишер Навоийдан кейин ўзбек шеъриятини бундан бошқача тасаввур қилиш мумкин эмас эди. Мана бу туркий рубоийси ҳам фикримизга исбот бўла олади:
Сен гулсен-у, мен ҳақир булбулдурмен,
Сен шуъласен, ул шуълаға мен кулдурмен.
“Нисбат йўқдур”, деб ижтиноб айламаким,
Шаҳмен элга, вале сенга қулдурмен.
Бу ерда шоир “сен” деганда ёрни, ёр замирида эса Аллоҳни кўзда тутаётгани сир эмас. Яратганга қуллик эса – дарвешнинг бош мақсади. Элга шоҳлиги бу дарвешона мақсадига монелик қила олмайди. Шунинг учун лирик қаҳрамон ёрга: “Шоҳлик ва дарвешлик орасида нисбат, яъни боғлиқлик йўқ, деб ўйлама”, деяётибди.
Изланиш изланишга рағбат беради, тадқиқот тадқиқотга ундайверади. Илм эса ҳаётнинг ўзи каби чексиз. Демоқчимизки, Бобур лирикасида тасаввуф ғоялари талқини – алоҳида тадқиқ талаб қиладиган мавзу. Биз бу масалага маъруза доирасидагина муносабат билдирдик ва шу билан чекланамиз.
Тарихдан биламизки, айрим ҳукмдорлар тахтдан воз кечиб, дарвешликни қабул қилган. Масалан, Иброҳим Адҳам ҳаёти бунга ёрқин мисол бўла олади. Сувратда шоҳ, сийратда дарвеш бўлиш Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ҳаётдаги фалсафий маслаги эди ва у бунга эришди ҳам. Келтирилган факт ва далиллар шундай хулоса чиқаришга асос бўла олади.
Демак, шоҳ ва шоир шахсий ҳаёти, эътиқоди ва ижодини тасаввуфдан айри тасаввур қилиш, тушуниш ва тушунтиришнинг асло иложи йўқ.
Султонмурод ОЛИМ,
филология фанлари доктори,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими