Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 25 январда қабул қилинган “Буюк шоир ва олим, машҳур давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 540 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори 2-бандида, жумладан, “Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг илмий-ижодий меросини, давлатчилик ва саркардалик фаолиятини кенг ўрганиш мақсадида халқаро миқёсда илмий изланишлар олиб бориш ва уларнинг натижаларини эълон қилиш, янги илмий, бадиий-публицистик асарлар яратиш белгиланган эди.

Буюк шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур(1483–1530)нинг “Бобурнома” асари ўзбек адабиётини дунё бўйлаб энг кўп ёйган асар ҳисобланади. У ҳозиргача 25 хорижий тилга таржима қилинган.

Яқинда ана шу ноёб адабий ёдгорликнинг итальян тилига таржимаси мумтоз адабиёт намуналарини замонавий нашр этишнинг юксак талаблари асосида босилиб чиқди. Уни Италиядаги тарихий илмий-оммабоп асарларни чиқаришга ихтисослашган бутун дунёда машҳур Sandro Teti Editore” нашриёт уйи амалга оширди. Очиғи, бу бевосита Ўзбекистон ташаббуси билан юз берди. Бежиз эмаски, китоб Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг сўзи билан очилади.

“Бобурнома”нинг ушбу нашри мантиқан Ўзбекистон Республикаси Президентининг юқорида эсланган қарори ижросини таъминлашга киради.

Асарни Федерико Пасторе инглиз тилидаги Уилер Такстон таржимаси асосида ўгирган. У ўз таржимасини кўплаб изоҳ ва шарҳлар билан бойитиб, итальян ўқувчисининг Бобур сатрлари моҳиятига етишига кўмак берган. Таржимон: “Бобурнома” ислом цивилизациясидаги автобиографик асарнинг биринчи намунаси ҳисобланади”, – деб ёзади.

Нашрда Ўзбекистон халқ рассоми Малик Набиев яратган Бобур портрети, шунингдек, миллий-маънавий меросимиздаги 96 миниатюра берилган. Миниатюралар, иложи борича, асарда тасвирланган воқеалар ёки жойлар билан бевосита ёки билвосита боғлиқ ҳолда жойлаштирилган.

Ўзи башарият тамаддуни (цивилизацияси) – бир бутун, яъни яхлит ҳодиса. Унинг равнақига Ер юзининг беш қитъаси аҳли муносиб ҳисса қўшган. Аммо бунда, очиғи, Евроосиёнинг улуши беқиёс.

Аммо, биз кўп асрлар мобайнида ана шу Евроосиё халқлари маданиятини Ғарб ва Шарққа бўлиб талқин этдик. Бу иккиси ўртасига қалин қора чизиқ тортдик. Тортганда ҳам, Ғарб Уйғониш даври(XIV–XVI асрлар)дан бу ёғига Шарққа нисбатан беписанд муносабат шаклланди. Ҳолбуки, Биринчи Шарқ Ренессанси (IX–XII асрлар) учун Ғарбнинг қадимги (антик) даври (милоддан олдинги IV асрлар – милоднинг I асри) маданияти қандай асос бўлган бўлса, Ғарб Уйғониш даври (XIV-XVI асрлар) учун ҳам Биринчи Шарқ Ренессанси шундай асос вазифасини ўтади. Ҳатто, XIII асрга қадар Италия ҳукмдорлари саройларида айнан ислом Шарқи, айниқса, араб ҳукмдорлари саройларидаги урф-одат, анъана ва тартиб-қоидаларга амал қилинганига тарих гувоҳ.

Ўтган асрларда Ғарбнинг Шарққа беписандлик билан қараши Буюк Шарқ асарлари таржималарига муносабатда ҳам яққол намоён бўлди. Албатта, бунда таржимонларни айблашга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Муайян асарни бир тилдан иккинчисига ўгирган таржимон ҳамма вақт ҳам муқаддас вазифани бажарган бўлади. Аммо, гап ўша таржимани қандай мақсад билан ўқиш ҳақида бораётир.

Муқаддас ислом динида: “Ҳамма нарса – ниятга боғлиқ”, – деган буюк ақида бор. Ҳар қандай асарни ҳар ким ҳар хил ният билан ўқийди. Кимдир ундан фақат фазилат излайди-да, хато ва камчилигини кўрмайди. Бошқа бир киши, аксинча, ундан фақат хато ва камчилик излайди.

Таржима асарга муносабат ҳам худди шундай.

“Бобурнома”нинг ўтган асрларда Европа тилларига қилинган айрим таржималари, рўй-рост айтиладиган бўлса, Марказий Осиё, Хуросон, Эрон, Покистон, Ҳиндистонни босиб олиш, яъни мустамлакачилик – колонизаторлик илинжи билан ўқилди. Ғарб бу асарни босиб олиш мақсади учун изчил ўрганган замонларда биз, шарқликлар уни, ўз юртларимизни ҳимоя қилиш учун бўлса ҳам, ўқимадик.

Бу узундан-узун мулоҳазаларни келтиришдан мақсад бор: тан олиб айтиш керакки, бу итальянча нашр Ғарбнинг ана шу эскича қарашини бутунлай синдириб ташлади.

Биринчидан, бугун дунё Ғарбнинг Шарққа беписанд муносабати асоссиз эканини англаб етди. Чунки башарият тараққиёти билан боғлиқ цивилизацияларнинг кўчиб юриши қонунига биноан, Шарқ яна қайта уйғонди, Япония, Хитой, Ҳиндистон, Жанубий Корея, Малайзия, Сингапур ва ҳоказо мамлакатлардаги тараққиёт буни тўла исботлади. “Бир кун кўл бўлган жой чўл бўлади, бир кун чўл бўлган жой кўл бўлади”, деган ўзбек халқ мақоли мағзида айнан ана шу тамаддунларнинг кўчиб юриши кўзда тутилган. Бир замонлар Ғарб ўзининг антик даврдаги цивилизациясини унутган, ундан бутунлай узилиб қолган эди. Биздаги Биринчи Ренессанс даври, яъни IX-XII асрларда лотин ва юнон тилларидаги ноёбдан-ноёб буюк асарлар араб тилига ўгирилди. Шу тариқа улар яна қайтадан умумбашар мулкига айлантирилди. Бундан кейин юз берган Ғарб Уйғониш даврида эса, аксинча, европаликлар ўз тарихий меросларини шарқликлар шарофати билан араб тили орқали ўргана бошлашди. ХХ-XXI асрларга келиб, яна вазият бутунлай ўзгарди – энди Шарқ ўз тарихий меросини Ғарб илмига суянган ҳолда ўрганди. “Қайтар дунё” деганлари шу.

Иккинчидан, маданиятларнинг бир-бирига ўхшамаслиги ҳали улардан бирининг иккинчисидан устун ёки паст даражада эканини англатмаслиги аён бўлди. Ҳар қандай маданият қайсидир жиҳатлари билан бошқа маданиятлардан устун бўлиши мумкин-ку.

Учинчидан, глобаллашув жараёнидаги манфаатлар бирлиги ҳамма замонда ҳам бундай айирмачиликни инкор этади.

Тўртинчидан, “Бобурнома”нинг итальянча таржимаси Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг сўзи билан очилиши ҳар қандай китобхон онг-шуурида бу асарнинг нақадар буюк аҳамиятга эга экани ҳақида ўйлашга ундайди.

Бешинчидан, таржима нашрига Шарқ мақзусидаги асарлари билан танилган итальян олими ва адиби Франко Кардинининг “Ёзишни яхши кўрадиган буюк ҳукмдор ёхуд ҳукмдорликни яхши кўрадиган буюк адиб” сарлавҳали бадиа(эссе)си илова қилинган. Очиғи, бу “Кириш” бутунисича “Бобурнома” ва унинг муаллифига муносабат баҳонасида амалда Ғарбнинг Шарққа муносабатини ўзгартиришга даъват сифатида янграган.

Шу жиҳатдан бу нашр глобал аҳамиятга эга. Чунки, у итальян маданиятининг ўзбек маданиятига янгича муносабатигина эмас, ялпи олганда, Ғарбнинг Шарққа янгича муносабати янглиғ қабул қилиниши зарур.

Франко Кардини “Бобурнома”га юксак маданият яратган буюк халқнинг бой мероси сифатида қарайди. Ишонади, ўқувчисини ҳам ишонтирадики, бу асарни ўқий бошлаган европалик ундан бош кўтаролмай қолади, яъни уни охиригача катта қизиқиш билан мутолаа қилади. Олим ва адиб ана шу европалик китобхонга уқтирадики: “...Ҳиндистондаги Буюк Мўғуллар ёки, аниқроғи, Буюк Бобурийлар сулоласи ҳашаматини кўз олдимизга келтиришнинг ўзи етарли, бунда биз бутунлай “бошқа Ренессанс”ни кўрамиз, ундаги ҳашаматли шаҳарлар, саройлар ва боғлар биздагилар билан тенг эди, ҳатто, биздаги маданий тараққиётнинг энг чўққиси бўлган даврлардагидан ҳам устун келар эди...”.

Шу ва шунга ўхшаш фикр-мулоҳазаларини баён этар экан, атоқли публицист ички жасорат билан гўёки бутун Ғарб аҳли номидан Шарқ халқи олдида тавба-тазарру қилгандек бўлади: “Биз, “Ғарб аҳли”нинг дунёнинг бошқа барча маданиятлари олдида улкан қарзимиз бор: чунки ҳужум қилдик, таладик, уларни ўзимизга бўйсундирдик, шуни ўйламадикки, ҳатто, насронийлик орқали қайта кўриб чиқилиб, назардан ўтказилган Рим ҳуқуқи ҳам бизга босқинчилар, қотиллар, золимлар тарзида иш кўришимизга қўйиб берди. Бироқ, эҳтимол, бундан ҳам жиддийроқ бўлган халқларнинг мол-мулки, эрки, ҳаттоки, ҳаётини тортиб олиш, уларни биздан кўра бошқача яшагани ва фикрлагани, бизнинг зўравонлигимизга қарши туриш учун биздагига тенг келадиган қуроллари ҳам, баъзан, ҳатто, истаклари ҳам йўқлиги учунгина тинимсиз равишда “паст табақа” ҳисоблаб, ҳеч қачон, борингки, яқин-яқин даврларгача ҳам улардаги фан, санъат, гўзаллик билан ҳисоблашмадик, бизни фақат ва фақат иқтисодий томонгина қизиқтирди”.

Шулардан келиб чиқиб, “Бобурнома”нинг итальянча таржимасини, Ғарбнинг бизнинг бой миллий меросимиз, шу баҳонада, бутун Шарққа муносабати кескин ўзгарганининг ёрқин намунаси, дейиш мумкин.

“Бу нашрнинг глобал аҳамияти” деганда биз айнан шуни кўзда тутдик.

Бунинг учун Sandro Teti Editore” нашриёт уйи жамоасига, шахсан муҳтарам директор Сандро Тетти жанобларига, шу нашрга бош қўшган барча мутахассисларга самимий ташаккурларимизни изҳор этамиз.

Бир орзу сифатида шуни айтиш – керакки, атоқли шарқшунос, филология фанлари доктори, профессор устозимиз Нажмиддин Комиловнинг бир пайтлар Ўзбекистонда шов-шув бўлган машҳур “Ибн Сино ва Данте” монографияси ҳам ўгирилиб, чоп этилса, аъло иш бўлар, итальян китобхонлари икки халқ маданияти ва маънавияти ўртасида тиғиз алоқалар узоқ тарихларга бориб боғланишини янада теранроқ ҳис этар эди.

Султонмурод ОЛИМ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими